Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Кимда «хронометраж» ўтказилади, солиқлар қандай ҳисоблаб чиқилади

05.04.2019

Читать на русском языке


Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (3.04.2019 йилда 3148-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодекси 71-моддасининг 2019 йил 1 январдан кучга кирган янги таҳририга «хронометраж»нинг янгиланган тартибига доир муҳим нормалар киритилиб бўлган. Norma.uz ўзгартиришларни шарҳлаб берган, у билан бу ерда танишиш мумкин. 

 

Қабул қилинган ҳужжатда Солиқ кодексида акс эттирилмаган бир қатор масалалар тартибга солинган. Ушбу шарҳда айнан улар билан танишиб чиқамиз.

 

Хронометраж кўздан кечириш рўйхатига кимлар киритилади

 

Таҳликали-таҳлил ва камерал назорат бўлимлари доимий асосда хронометраж кўздан кечириш тайинланадиган солиқ тўловчиларнинг рўйхатини тузадилар. Уларни қуйидаги маълумотлар асосида рўйхатга киритадилар:

  • реализациядан тушган тушум ҳажмларининг пасайтирилганлиги. Солиқчилар ушбу маълумотларни солиқ тўловчи солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисида тақдим этган ахборотни аниқлаштириш мақсадида кўздан кечириш ва сўров ўтказиш жараёнида тузилган маълумотномалардан оладилар; 
  • вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлилига кўра, солиқ тўловчи тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботларда, шунингдек бошқа маълумотларда тушум ҳажмларининг пасайтирилганлиги;
  • бир ҳудудда (кўчада, бозор ва савдо комплексларида, маҳаллада ёнма-ён) жойлашган, фаолият тури, реализация ҳажми бир-бирига ўхшаш бўлган бир нечта субъектларнинг кунлик ўртача тушумидаги кескин фарқ қиладиган тафовут;
  • товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси бўйича нақд пул ва тўлов терминали орқали тушган кунлик тушумлар ўртасидаги юқори тафовут;
  • товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушум ўтган даврларга нисбатан кескин камайиб кетганлиги ва савдо тушумлари тўлиқ банк кассаларига топширилмаётганлиги;
  • солиқ тўловчи фаолиятининг хусусиятлари, иш режими ва мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда назорат-касса машиналаридан 2–3 соат оралиғида чек урилмаганлиги;
  • хронометраж кўздан кечириш ўтказилгандан кейинги даврларда тушган тушумнинг хронометраж кўздан кечириш давомида аниқланган тушумга нисбатан 50%дан юқори камайиб кетганлиги;
  • ўртача ойлик тушум ва электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали кирим қилинган товарлар ўртасидаги фарқ.

 

Хронометраж тактикаси

 

Хронометраж солиқ тўловчининг барча объектларида бир вақтнинг ўзида ўтказилади. Хронометраж кўздан кечириш ўтказиладиган аниқ жойлар, шунингдек солиқ органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари фаолият соҳасига боғлиқ:

  • улгуржи ва чакана савдо соҳасида – бевосита товарлар реализацияси учун мўлжалланган ҳамда мижозлар билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида;
  • умумий овқатланиш соҳасида – бевосита таом тайёрланадиган, мижозларга таом тарқатиладиган ва улар билан ҳисоб-китоб қилинадиган жойларда;
  • хизмат кўрсатиш соҳасида – бевосита хизматлар кўрсатиш ва мижозлар билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида;
  • ишлаб чиқариш соҳасида – бевосита маҳсулот ишлаб чиқариш цехларида ва маҳсулотларни тарқатиш омборхоналарида, шунингдек мижозлар билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида;
  • бошқа соҳаларда – солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларда.

 

Чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги солиқ тўловчиларда хронометраж кўздан кечириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • солиқ тўловчининг кассасидаги мавжуд нақд пул қолдиғини назорат-касса машинасининг «Х» ҳисоботи билан солиштириш ва ижобий фарқ суммаси НКМнинг хотирасига киритилишини таъминлаш;
  • реализация қилинган товарлар ва хизматларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш ҳамда кунлик пул маблағлари тушумини кузатиш ва қайд этиш;
  • хронометраж кўздан кечириш якунида назорат-касса машинасидан «Z» ҳисобот чиқариш ва маълумотномага илова қилиш;
  • кассадаги мавжуд кунлик пул тушуми билан қайд этиш варақасидаги тушумлар миқдори ўртасидаги ижобий фарқ суммасини назорат-касса машинасининг хотирасига киритиш.

 

Ишлаб чиқариш соҳасида хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш мураккаброқ. Солиқ органлари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи ва сотиш нархи, ҳажми ва омборхоналаридаги тайёр маҳсулотлар миқдорига аниқлик киритадилар. Параллель равишда ўлчов асбоблари орқали ишлаб чиқариш қувватлари учун сарфланаётган табиий ресурслар (газ, электр энергияси, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари) ҳажмини қайд этадилар. Шунингдек ишлаб чиқариш учун сарфланаётган товар хом ашё ҳажмини қайд этадилар, ишлаб чиқариш ускуналарининг сони ва уларнинг қувватларини аниқлайдилар, ишчилар сонига аниқлик киритадилар ва уларнинг рўйхатини шакллантирадилар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва миқдорини аниқлайдилар, шунингдек уларни реализация қилиш усулларини аниқлайдилар ва жараёнини қайд этадилар.

 

Солиқлар қандай ҳисоблаб чиқилади

 

Хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид ҳисоботларда тафовутлар аниқланганда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар қуйидаги формулалар асосида ҳисоблаб чиқилади:

 

ЯСТ = (ХНТ х ИК) х СС – ягона солиқ тўлови учун;

ҚҚС = (ХНТ х ИК) – ҲТ х СС – қўшилган қиймат солиғи учун;

ФС = ((ХНТ х ИК) х РД) – ҲТ х СС – фойда солиғи учун;

АС = (ХНТ х ИК) – ҲТ х СС – акциз солиғи учун;

НС = (ХНТ х ИК) – ҲТ х СС – ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ.

 

Изоҳ:

ХНТ – хронометраж кўздан кечириш якуни бўйича аниқланган ўртача кунлик тушум;

ИК – хронометраж кўздан кечириш жараёнида аниқланган ҳисобот даври учун иш кунлари сони;

ҲТ – солиқ тўловчи ҳисоботида акс эттирилган товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси;

СС – солиқ ставкаси;

РД – рентабеллик даражаси (олдинги ҳисобот даврида).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов.