Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

2020 йилдан бошлаб Давлат ўрмон қўмитасида – янги ҳуқуқлар ва ваколатлар

28.08.2019

Читать на русском языке

 

Президентнинг 23.08.2019 йилдаги “Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4424-сон қарори имзоланди.

 

Ҳужжатда 2020 йил 1 январдан бошлаб ўзгаришлар ва янгиликларнинг бутун комплекси назарда тутилган.

 

I. Давлат ўрмон қўмитаси қўшимча ҳуқуқларга эга бўлади:

биринчидан, Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан лойиҳа асосида:

  • ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ерларида янгидан ҳимоя ўрмонлари барпо этиш, уларни камида 1 йил давомида парвариш қилиш ва инфратузилма объектларини қуриш;
  • барпо этилган ўрмонлар остидаги ўрмон фонди ерларини ижарага олиш ҳуқуқини юридик ва жисмоний шахсларга нархни ошириб бориш шаклида ўтказиладиган ким ошди савдолари асосида сотиш, бунда бошланғич тўлов миқдорини Жамғармадан сарфланган харажатлардан кам бўлмаган миқдорда белгилаш;
  • ўрмон фонди ерларини ижарага олиш ҳуқуқини сотиш билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплаш;

иккинчидан, ўрмон фонди ерларини инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш;

учинчидан, ўрмон фонди ерларини ижарага беришдан тушадиган маблағларни тўлиқ Жамғарма даромадига ўтказиш.

 

II. Ўрмон хўжалиги органларининг мансабдор шахслари ўрмон фонди ерларида содир этилган (ўрмонлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни тузиш ҳамда уларга асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқишни бошлайди (судлар ваколатига кирадиганлари бундан мустасно). Мансабдор шахслар ва улар томонидан кўриб чиқиладиган ҳуқуқбузарликларнинг аниқ рўйхати МЖТКда акс эттирилади.

 

III. Давлат ўрмон қўмитаси марказий аппаратида раиснинг инвестициялар ва давлат-хусусий шериклик масалалари бўйича ўринбосари, шунингдек иккита бошқарма: Инвестицияларни жалб қилиш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Ўрмон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортни ташкил этиш бошқармаси пайдо бўлади.

 

Параллел равишда Қорақалпоғистонда Оролбўйи миллий табиат боғи, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятларида тегишлича - Myборак, Хоразм, Қоровулбозор, Нурота ва Фориш давлат ўрмон-ов хўжаликлари ташкил этилади.

 

IV.  Давлат ўрмон қўмитаси тизимига кирувчи бюджет ташкилотлари ходимларининг лавозим маошлари 1,5 баравар оширилади (Давлат ўрмон қўмитаси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи, Бурчмулла ва Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари бундан мустасно).

 

V. Еp кодексининг 88-моддасида кўрсатилган маблағлар ҳамда ўрмон фонди ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш учун бериладиган квоталардан тегишли ташкилотлар ихтиёрида қолдириладиган тушумлар Жамғарма даромадига ўтказилади.

 

Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга ва реконструкция қилишга (ўрмондан ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун, лимонарий ва иссиқхоналар, илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ҳамда эстетик мақсадларда, шунингдек, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш билан боғлиқ) рухсат беришда давлат ўрмон хўжалиги билан тузилган шартномалар ўрмондан фойдаланувчи ёки ижарага олувчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади.

 

Ёш малакали кадрларни Давлат ўрмон хўжалиги ва унинг тизимига кирадиган ташкилотларга жалб қилиш, уларнинг турар жой шароитларини яхшилаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

  • ОТМнинг ўрмончилик йўналиши бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган пайтда тўлиқ давлат таъминотида бўлган талабаларнинг тўлов-контракт пуллари Жамғарма маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади. Бунинг эвазига улар  кейинчалик Давлат ўрмон қўмитаси тизимидаги ташкилотларда камида 5 йил ишлаб бериши шарт;
  • соҳа ходимларини имтиёзли шартларда турар жой билан таъминлаш мақсадида Дархон илмий-тажриба станцияси ҳудудидан 2 гектар ер участкаси ажратилади ва унда кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилади;
  • Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Дархон қўрғони, Чимкент йўли кўчаси, 2-уйда жойлашган Ижтимоий иқтисодиёт коллежининг фойдаланмасдан турган бино ва иншоотлари Давлат ўрмон қўмитасига берилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.08.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.