Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан кўрсатиладиган иккита янги хизмат пайдо бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 338-сон қарори бундай хизматлар кўрсатилиши учун асос ҳисобланади.
«Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир битимларга олдиндан розилик бериш» хизмати юридик шахсларга кўрсатилади ва ЭРИ бўлиши талаб этилмайди.
Хизмат ариза берувчи – юридик шахсларга хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир битимларга олдиндан розилик олиш учун ариза тақдим этиш имкониятини яратиб беради.
«Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир битимларга олдиндан розилик бериш» хизмати ЭРИ мавжуд бўлганда юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатилади.
Ушбу хизмат ариза берувчи – юридик ва жисмоний шахсларга акцияларни (улушларни) олишга доир битимларни амалга оширишга монополияга қарши курашиш қўмитасининг рухсатини олиш учун электрон шаклда ариза тақдим этиш имконини беради.
Хизматни олиш учун молиявий ҳисобот, шахслар гуруҳи таркиби тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек шахсларнинг ушбу гуруҳларга кириши учун асос тақдим этилиши лозим.
Сўралган ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу хизматлар кўрсатилиши рад этилади.