Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Давлат харидлари доирасида импорт ҳажми камайтирилиши керак

24.08.2020

Читать на русском языке

 

Президентнинг 21.08.2020 йилдаги «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжатда қайд этилишича, пандемия иқтисодиётнинг қатор тармоқ ва соҳаларидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаоллигига чекловчи таъсир ўтказишда давом этмоқда. Бу кооперация алоқаларининг бузилиши, маҳсулотга талабнинг ва сотув бозорларининг қисқариши оқибатида рўй бермоқда. Ҳужжатда назарда тутилган, босқичма-босқич амалиётга жорий этиладиган чора-тадбирлар вазиятни ўнглаши лозим.

 

2020 йил 1 октябрдан:

  • бюджет ва корпоратив буюртмачилар[1] раҳбарлари харид қилиниши назарда тутилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатини шакллантиришда уларни cooperation.uz порталида рўйхатдан ўтган маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкониятини мажбурий тартибда ўрганади;
  • корпоратив буюртмачи – корхоналар раҳбарлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан (техник кўрсаткичлар, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва муддатлари бўйича) харид қилиш имкони бўлмаган тақдирда, товарлар (ишлар, хизматлар)нинг корпоратив харидларини импорт орқали амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини кузатув кенгашларига (таъсисчиларнинг умумий йиғилишларига) асослаб беради;
  • корхоналарнинг кузатув кенгашларидаги (таъсисчиларнинг умумий йиғилишларидаги) давлат вакиллари бошқарув органлари мажлисларида умумий қиймати БҲМнинг 50 000 бараваридан юқори бўлган импорт товарлар (ишлар, хизматлар) харидларининг асосланганлигига оид масалаларнинг кўрилишини таъминлайди, бунда ишлаб чиқариш захираларидаги импорт товарларининг омборлардаги қолган қисмини уларнинг корхона фаолиятига жалб қилиниши бўйича чора-тадбирларни қўллаган ҳолда таҳлил қилади;
  • Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳар чоракда давлат вакиллари томонидан қабул қилинган қарор талабларига риоя этилишини таҳлил қилиб, натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
  • бюджет маблағларини тақсимловчи вазирлик ва идоралар идоравий мансуб ташкилотларда импорт харидларини оптималлаштириш, шунингдек, давлат харидлари доирасида ажратилган маблағларнинг самарали ва мақсадли ишлатилиши устидан тизимли назоратни йўлга қўйиш чоралари кўрилишини таъминлайди;
  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳар ойда импорт бўйича олиб келинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажми ва номенклатурасини таҳлил қилади, шунингдек, тармоқлар, корхоналар ва ҳудудлар раҳбарлари томонидан импортни оптималлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини баҳолаб, уларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳар чоракда саноат тармоқлари ва ҳудудлар кесимида ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар бўйича қўшилган қиймат занжирини ривожлантиришга оид таклифларни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • Марказий банк корпоратив буюртмачиларнинг офшор юрисдикция ҳудудларида рўйхатдан ўтган компаниялар ҳисобига амалга оширган валюта операциялари тўғрисидаги маълумотлар тижорат банклари томонидан ҳар ойда Ҳисоб палатаси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминлайди;
  • Молия вазирлиги бюджет ташкилотларининг келгуси давр учун харажатлар сметасини келишишда харажатлар шаклланишини, шу жумладан, cooperation.uz портали маълумотларидан келиб чиққан ҳолда товарлар қийматини аниқлаш орқали назорат қилади;
  • Ҳисоб палатаси ҳар чоракда импорт харидларини амалга оширишда давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда корпоратив буюртмачиларнинг жалб қилинган ва ўз маблағлари мақсадли ва самарали сарфланишини таҳлил қилади;
  • ҳудудий ҳукумат раҳбарларининг ёрдамчилари импорт қилинаётган товарлар ҳажми ва номенклатураси ҳақидаги статистик маълумотлар асосида ҳудудларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади, ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни cooperation.uz порталида тўлиқ жойлаштирилишини таъминлайди;
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳар ой ўз комплекслари кесимида харидларни оптималлаштириш, қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперацияни кенгайтириш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари – давлат буюртмачилари раҳбарлари ва корхоналарнинг бошқарув органларидаги давлат вакиллари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигини кўриб чиқади.   

 

Сўнг 2020 йил 1 ноябрдан:

а) корпоратив буюртмачилар учун умумий қиймати БҲМнинг 50 000 бараваридан юқори бўлган импорт товарлари (ишлар, хизматлар) харидларининг мақсадга мувофиқлиги ҳар чоракда рўйхати тасдиқланган ҳолда кузатув кенгашлари (таъсисчиларнинг умумий йиғилиши) томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади;

б) хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) давлат харидларидаги иштирокини вақтинчалик тақиқлаш ва чегаралаш механизми киритилади – Ҳукумат қуйидагиларга асосланган ҳолда махсус рўйхатни («қора рўйхат») шакллантиради ва тасдиқлайди: 

  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва ССПнинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган қўшма таклифлари;
  • cooperation.uz порталида жойлаштириладиган ҳамда тегишли сертификатларга эга бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) ва уларнинг ишлаб чиқарувчилари ҳақидаги маълумотлар;

в) ҳатто маҳсулотлар «қора рўйхат»га киритилмаган бўлса ҳам, тендер (танлов) иштирокчилари таклифларини баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15%дан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади;

г) ҳудудий бюджет буюртмачиларининг харид комиссиялари таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари мажбурий тартибда киритилади.

 

Ушбу тўртта янгилик қуйидаги харид жараёнлари ва шартномаларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • ХМИ ва ХҲМТ маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган;
  • Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг бошқа тартиби ўрнатилган алоҳида қарорлари бўйича тузиладиган;
  • мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш мақсадида амалга ошириладиган, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган.

 

2021 йил 1 январдан эса стратегик харидорлар давлат харидларининг алоҳида тартиблари бекор қилинади. Жорий йилнинг охирига қадар уларда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига ва корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойилларига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) харидларини ўтказишнинг ички тартиблари жорий этилиши лозим.

 

Юқорида тилга олинганлар муносабати билан янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинади. Бир ой муддатда Олий Мажлисга тегишли қонун лойиҳаси киритилиши керак. Бошқа, хусусан, «қора рўйхат»ни шакллантириш ва нархга оид преференциялар бериш механизмини тартибга соладиган норматив ҳужжатлар ҳам ишлаб чиқилади.

Олег Заманов.

 


[1]Корпоратив буюртмачиларустав фондида (капиталида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг (капиталининг) 50%и ва ундан ортиғи 50% ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар.