Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак скорректировать зачет НДС на основании статьи 270 Налогового кодекса Как сформировать прочие затраты производственного характера Как разработать график документооборота по экспортной сделке

Балиқчилик хўжаликларига солиқ юки пасайтирилди

02.09.2020

Читать на русском языке

 

Президентнинг 29.08.2020 йилдаги “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан солиқ солишнинг қуйидаги тартиби жорий этилмоқда:

  • 2020 йилдан бошлаб сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликларига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ сув объектидан олинган ва қайтариб чиқарилган сув ҳажми ўртасидаги фарқидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган ставкаларда ҳисобланади (2020 йил учун ставкаларга қаранг);
  • коллектор-дренаж сувларидан олиб фойдаланилган сув ресурслари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;
  • балиқчилик хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш учун фойдаланилган сувнинг ҳажми ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмдан келиб чиққан ҳолда Сув хўжалиги вазирлиги таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан аниқланади;
  • фойдаланилган сувнинг ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмини аниқлаш имкони бўлмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ базаси белгиланган сувни истеъмол қилиш нормативларининг 50%зи миқдорида белгиланади.

 

Сув хўжалиги вазирлиги ҳар йили сув лимитлари белгиланаётганда балиқчилик хўжаликлари фойдаланиши мумкин бўлган коллектор-дренаж тармоқларининг рўйхатини шакллантиради ҳамда ўзининг сайтида жойлаштириб боради (сувларнинг шўрланиш даражаси ва сифати кўрсатилган ҳолда). Улардан фойдаланишда коллектор-дренаж тармоқларининг лойиҳавий параметрларига риоя қилиниши даркор.  Шунингдек, вазирлик сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликлари учун сув олиш лимитлари манбаларнинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилиги, шунингдек, балиқчилик хўжаликларининг сув истеъмоли режаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқлайди.

 

Сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган балиқчилик хўжаликлари, сув етказиб берувчи тегишли ташкилотлар ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ўртасида ҳар йили 15 январдан кечикмаган муддатда уч томонлама шартнома тузилади.

 

2021-2022 йилларда сув танқислиги шароитида дарё ва каналлардан сув оладиган балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий сув ҳавзаларида босқичма-босқич янги ресурс тежамкор интенсив технологиялардан ва иккиламчи сув манбаларидан кенг фойдаланишга ўтилади.

 

Тармоққа оид илм-фанни ривожлантириш давом эттирилади:

  • Тошкент вилоятида Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг гидробиологик ва гидрокимёвий таркибини, омухта ем сифатини таҳлил қилиш ҳамда балиқ касалликларига ташхис қўйиш лабораторияси очилади;
  • Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг моддий-техника базаси янгиланади, инновацион ахборот-ресурс хоналари, балиқчиликда селекция ва наслчилик, балиқларнинг табиий ва сунъий озуқа сифатини таҳлил қилишга ихтисослашган лабораторияларни барпо этилади – тегишли лойиҳалар Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритилади;
  • 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси табиий сув захиралари ихтиофаунаси ва сув биоресурсларининг ягона маълумотлар банки ташкил этилади.

 

Бундан ташқари, йирик балиқчилик кластерларида балиқларни инкубация қилиш, ёпиқ сув айланма тизимида, қафаслар, бетон бассейнлар ва тупроқ ҳавзаларида интенсив усулда балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштириш бўйича пуллик асосда ўқув курслари ташкил этилади. Ушбу ўқув курслари сертификатига эга бўлганларга аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун дастурлар доирасида кредитлар ажратишда устуворлик берилади. Бир ой муддатда тегишли қўлланма ишлаб чиқилади, унда балиқ тури, сифати, етиштириш схемаси, ресурс тежовчи технологиялар акс этади.

 

“Янги Чиноз балиқ бозори”нинг бино-иншоотлари инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари билан оммавий савдоларда бозор қиймати бўйича сотилади. Уларнинг ўрнида балиқ ва балиқ маҳсулотлари савдосига мўлжалланган замонавий савдо комплекси ташкил этилиши керак. Объект қўйилган кундан бошлаб 3 ой мобайнида сотилмаган тақдирда тўловларни 5 йилгача муддатга тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан уни бозор қиймати бўйича сотиб олиш мумкин бўлади.

 

Олег Заманов.