Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzДва мнения о порядке выплаты компенсации за задержку выплаты дохода работникам Как уведомления по итогам автокамерала отличать от «неавтокамеральных» Как рассчитать НДФЛ и взносы на ИНПС за апрель 2024 года Как работать с резервом по сомнительным долгам

2021 йилда нималарни амалга ошириш режалаштирилмоқда

21.01.2021

Читать на русском языке

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси муҳокама учун тақдим этилди.

 

Лойиҳага мувофиқ 2021 йилда қуйидагилар режалаштирилган:

 

1) тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттириш мақсадида қуйидагиларнинг амал қилиш муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш:

  • туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган ер ва мол-мулк солиғини тўлаш бўйича имтиёзларга оид 20 мингта тадбиркорлик субъектининг 2020 йил якунига қадар кечиктирилган 400 млрд сўмни қайтариши;
  • Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ–5969‑сон Фармонида назарда тутилган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриш, шунингдек солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилишига чеклов (2020 йил 31 декабрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзга нисбатан);
  • Президентнинг 3.04.2020 йилдаги ПФ–5978‑сон Фармонида назарда тутилган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб солиқ органларини хабардор қилган ҳолда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тартиби;
  • солиқ аудити ўтказишда «таҳлика-таҳлил» тизими босқичма-босқич жорий этилган ҳолда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий;

 

2) Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида  2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

  • олий таълим муассасаларига (кейинги ўринларда - ОТМ) кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент грантини жорий этиш;
  • ОТМда икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиётини йўлга қўйиш;
  • олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25%га ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилади, шунингдек хусусий ОТМда мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизимини жорий этиш;
  • академик таътил олишнинг қуйидаги тартибини белгилаш:

а) талабалар ўз ихтиёрига кўра академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб (агар ОТМда бундай таълимнинг шакллари мавжуд бўлса), уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имкониятини яратиш;

б) оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш сабабли анъанавий шаклдаги таълимни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътилни олиш ҳуқуқини бериш;

в) талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар, академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиётини бекор қилиш;

  • илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли ОТМларнинг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказиш;

 

3) республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда тайёрлашнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 бараварга ошириш;
  • «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилишини таъминлаш;
  • «Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни саралашни очиқ стипендия танлови асосида республиканинг барча фуқаролари учун уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар, мунтазам равишда ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш;
  • бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш дастурлари учун стипендия танловини нуфузли хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасадан ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифнома асосида ўтказиш тартибини йўлга қўйиш;

 

4) аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида:

  • 2021 йил 1 июлдан бошлаб «ҳамширалик иши» билан мустақил шуғулланиш учун ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилиш асосида рухсат бериш;
  • 2021 йил якунига қадар «Меҳрибонлик» уйларининг уй-жойга муҳтож 900 нафар чин етим битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш;
  • 2021 йилда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар кўламини ошириш учун:

а) 22 та мактабгача таълим муассасаси бинолари, 31 та янги мактаб, 16 та олий таълим муассасалари бинолари, 24 та соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда 23 та спорт объектларининг қурилишини таъминлаш;

б) 100 та оилавий шифокор пунктлари, 17 та қишлоқларда жойлашган оилавий поликлиникалар, 7 та шаҳарларда жойлашган оилавий поликлиникалар ташкил этиш;

 

5) ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш ва унинг мақсадлари амалга оширилишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратиш;

 

6) пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида ўрнатиладиган тартибга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб:

  • пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажини шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш;
  • 3 йилдан ортиқ давр учун тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ва улар бўйича ортиқча тўловини ундиришни бекор қилиш;
  • ишловчи шахсларга ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқини бериш;
  • пенсия ва нафақаларни фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинлаш ва тўлаш;
  • пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банкларида пластик карталарни очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштириш;
  • фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали тўловларни нақд пулсиз шаклда олувчилар томонидан ҳар 6 ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ёки жойига чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбуриятини бекор қилиш;

 

7) иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида:

  • ишсиз аъзолари бор оилаларга, жумладан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган оилаларга 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

а) деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш;

б) ажратилган ер майдонларини суғориш тизими ҳамда электр энергияси билан таъминлаш;

в) берилган ерларни ўзлаштириш учун субсидия ажратилишини йўлга қўйиш;

  • тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун 7 млн сўмгача субсидиялар ажратилиши амалиётини йўлга қўйиш;
  • 2021 йил 1 мартдан бошлаб заргарлик соҳасида кенг имкониятлар яратиш учун кумушни ишлаб чиқарувчилар томонидан кумушни биржа орқали ундан тайёрланадиган буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартибини жорий этиш;

 

8) электр энергияси ва табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор муносабатларини шакллантириш мақсадида:

  • 2021 йил 1 мартдан суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бекор қилиш;
  • 2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун улгуржи бозорни шакллантириш «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш;

 

9) ДСҚ фаолиятини «солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида ташкил этиш мақсадида кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари учун молиявий ҳисоботни автоматик тарзда шакллантириб, солиқ органларига юбориш ва мониторинг олиб бориш имконини берувчи электрон тизимни 2021 йил 1 июнга қадар жорий этиш;

 

10) божхона назорати тартиб-таомилларини такомиллаштиришда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ДБҚ фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2021 йил 1 июлдан бошлаб божхона назоратини олиб боришнинг қуйидаги тартибини белгилаш:

  • тоифадан ташқари мақомидаги «масофавий электрон декларациялаш божхона постлари»ни синов тариқасида босқичма-босқич ташкил этиш;
  • божхона расмийлаштируви жараёнларини масофавий бошқариш, инсон аралашувини кескин қисқартириш;
  • чегараларда ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан юк ташувчиларни рўйхатга олиш, ҳужжатларни текшириш, уларга кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ундириш жараёнини рақамлаштириш, умумий онлайн назорат амалиётини жорий этиш;

 

11) давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш мақсадида:

  • ҳар бир ҳудудда биттадан туман (шаҳар) бюджетини шакллантиришда харажатларнинг камида 5%ини бевосита аҳолининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш тартибини эксперимент тариқасида жорий этиш;
  • 2021 йил якунига қадар давлат бошқаруви ходимлари сонигт ўртача 15%гача оптималлаштирищ;
  • ўрта ва қуйи бўғин бошқарув органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш доирасида:

а) ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш;

б) қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб боришнинг аниқ тизимини жорий этиш;

  • 2021 йил якунига қадар амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, тартибга солиш юкини ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг даражасини камайтириш учун ортиқча нормаларни қисқартиришни таъминлаш;
  • 2021 йил 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни фақатгина махсус «E-qaror» электрон тизими орқали тайёрлаб, қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш;

 

12) халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш мақсадида:

  • 2021 йил 1 апрелга қадар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» тизимини йўлга қўйиш чораларини кўришни тавсия этиш;
  • 2021 йил 1 июнга қадар жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколатини жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказиш;
  • 2021 йилда 6 тагача манзил-колонияларни қисқартириш.

 

Шунингдек лойиҳада қуйидагиларни маъқуллаш таклиф этилмоқда:

  • коррупцияга қарши курашиш агентлигининг «Е-Антикоррупция» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифини;
  • кенг жамоатчилик таклифини:

а) ЙҲХХнинг асосий фаолиятини фуқароларга кўмак беришга йўналтириш ҳамда коррупцияга имкон берадиган омилларни бартараф этиш чораларини кўриш учун:

- автомототранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказишни экстерриториаллик принципи асосида йўлга қўйиш ва янги автомототранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш талабини бекор қилиш;

- Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида биттадан рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)ларида фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга давлат рақами белгиларини беришни амалга ошириш;

- барча рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)ларида ҳамда камида 20 та давлат хизматлари марказларида миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришни фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар, амалга ошириш;

- ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлардан имтиҳон олиш жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиш имконини яратиш.

 

б) республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш. Ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли (ёши 5 ёшдан ва баландлиги 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ҳамда уларни камида 2 йил давомида парвариш қилиш, ноқонуний кесилганлар дарахт ва буталар учун эса 3 йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбуриятини киритиш.

 

Шунингдек лойиҳада 2021 йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизга 2005 йил 1 январга қадар келиб, Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаётган, шунингдек мамлакатимизда 15 йил давомида Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган (чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган) шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш тартиби жорий қилиниши назарда тутилади.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Эльмира Сиразиева.



В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах