Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими такомиллаштирилади

19.03.2021

Читать на русском языке

Президентнинг 15.03.2021 йилдаги ПҚ-5025-сон қарори билан Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

 

Маълумот учун! Тартибга солиш тизимини баҳолаш (ТСТБ) − лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек НҲҲнинг тартибга солиш мақсадларига эришилганлигини, самарадорлигини ҳамда тартибга солиш усулини қўллашда вужудга келган оқибатларни аниқлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи.

 

ТСТБ тизимини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида:

а) 2022 йил 1 январга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи НҲҲ лойиҳалари ва қабул қилинган НҲҲлар тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилади:

  • хўжалик юритувчи субъектларга янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, рухсат бериш тартиб-таомиллари ва лицензияланадиган фаолият турларини бозор иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилишни;
  • рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этишни;
  • юридик шахслар устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан талабларни оширишни;
  • хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки уларга қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий қилишни;
  • хўжалик юритувчи субъектларга ҳар қандай турдаги имтиёз, кафолат, преференцияларни белгилаш, шунингдек янги ҳуқуқлар, шу жумладан эксклюзив ҳуқуқларни беришни;

б) 2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи барча НҲҲлар лойиҳалари ва қабул қилинган НҲҲлар тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилади.

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда – Низом) тасдиқланди.

 

НҲҲлар лойиҳалари қуйидаги тартибда ТСТБдан ўтказилади:

1) тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф муҳитга таъсир кўрсатишни назарда тутувчи НҲҲ лойиҳасини (кейинги ўринларда – лойиҳа) ишлаб чиқилганда Адлия вазирлиги  томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ТСТБ бўйича ҳисобот тайёрланади;

2) лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисобот ишлаб чиқувчи томонидан НҲҲ лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) (кейинги ўринларда − портал) жойлаштирилиши орқали ўзи белгилаган, лекин 15 кундан кам бўлмаган муддатда мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Шунингдек ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш муддати давомида лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисоботни манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиш учун НҲҲ лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига жойлаштиради;

3) ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари ҳамда манфаатдор тарафлар томонидан тақдим этилган таклифларни умумлаштиради ва уларни қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ асосланган маълумотни ҳамда мазкур таклифлар асосида қайта ишланган лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисоботни лойиҳа муҳокамаси муддати якунлангандан сўнг 5 кундан кўп бўлмаган муддатда порталга жойлаштиради;

4) сўнгра лойиҳа, ТСТБ бўйича ҳисобот ва ТСТБ юзасидан хулоса бериш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар тегишли соҳага таъсирини баҳолашни ўрганиш учун хулоса берувчи органларга тақдим этилади;

5) ТСТБ натижалари бўйича хулоса берувчи органлар томонидан 10 кун муддат мобайнида лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги, қайта кўриб чиқиш лозимлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса расмийлаштирилади ва ишлаб чиқувчига тақдим этилади;

6) лойиҳа ва ТСТБ бўйича ҳисобот ҳамда ТСТБ натижалари бўйича хулоса ва бошқа зарур материаллар, уларни белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда амалга оширилган ТСТБ сифатини ўрганиш учун ишлаб чиқувчи томонидан Адлия вазирлигига киритилади;

7) Адлия вазирлиги ишлаб чиқувчи томонидан ТСТБ жараёнлари ушбу Низом талабларига риоя этилганлигини ўрганади, ТСТБ ўтказиш жараёнлари Низом талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилган тақдирда, лойиҳани қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса беради;

8) ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳани Олий Мажлис палаталарига, Президент Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритишда унга ТСТБ бўйича ҳисобот, хулоса берувчи органлар ва Адлия вазирлигининг хулосалари илова қилинади.

 

НҲҲ бўйича ТСТБ ишлаб чиқувчи ёки давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган НҲҲ бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили 20 мартга қадар тасдиқланадиган НҲҲни ТСТБдан ўтказиш режаси (кейинги ўринларда – режа) мувофиқ амалга оширилади.

 

Адлия вазирлиги режага мувофиқ, қоида тариқасида, ҳар чоракда НҲҲнинг ТСТБдан ўтказилиши ҳолатини таҳлил қилади ва унинг натижалари бўйича ТСТБдан ўтказиш режасининг бажарилиши ҳолати, ТСТБ бўйича ҳисоботларнинг умумламаси ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни (мавжуд бўлса) назарда тутувчи ахборот-таҳлилий маълумотни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

 

Вазирлар Маҳкамаси ахборот-таҳлилий маълумотни кўриб чиқиш якунлари бўйича:

  • НҲҲни ТСТБдан ўтказиш натижаларини амалга оширишга қаратилган «йўл харитаси»ни тасдиқлайди;
  • ёки НҲҲнинг тўлиқ ёки алоҳида нормаларини ўзгартириш тўғрисида таклифларни қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш дастурига ёки қонуности НҲҲ лойиҳаларини тайёрлаш режаларига киритиш чораларини кўради.

 

ТСТБ ўтказиш жараёнлари ўтказилишини назорат қилиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади. У ҳар йили мамлакатда ТСТБ тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот тайёрлаб, уни ОАВда эълон қилади ҳамда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.03.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.