Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Маданий мерос агентлиги нималар билан шуғулланади

24.06.2021

Читать на русском языке

Президентнинг 19.06.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5150-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжатда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) асосий вазифалари белгиланди. Агентлик моддий маданий мерос, музейлар, археология, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши соҳасида махсус ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

 

Қуйидагилар Агентлик билан келишилиши мажбурий ҳисобланади:

  • соҳага оид НҲҲлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари;
  • моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари.

 

Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг давлат реестри Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

 

Моддий маданий мерос объектига етказилаётган зарар ҳақидаги ҳолат бўйича хабардор бўлган пайтдан бошлаб давлат назоратининг дастлабки натижалари 24 соат ичида Агентлик расмий сайти орқали жамоатчиликка маълум қилиниши шарт.

 

Моддий маданий мерос объектлари ва музейлар соҳасидаги давлат хизматлари 2023 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклда кўрсатилади. Бунда давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали ёки аризачининг ўзи бевосита Агентликнинг тегишли тузилмасига мурожаат қилиш тартиби жорий этилади.

 

Агентлик масъул ходимлари ва ФҲШ асосида жалб этилган мутахассислар, экспертлар томонидан тегишли кўчмас мулк ва кўчар ашёлар шахсан экспертизадан ўтказилади.

 

Давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код қўйиш орқали берилади.

 

Моддий маданий мерос объектлари, музей, спорт мажмуалари ва бошқа намойиш объектлари (кейинги ўринларда – намойиш объектлари) рўйхати Президентнинг 6.04.2021 йилдаги ПФ–6199-сон Фармони билан тузилган Туризм, спорт, маданий мерос, транспорт логистикаси ва хизматлар соҳаларида ДХШ ҳамда рақамлаштиришни ривожлантириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланади.

 

Рўйхатга киритилган намойиш объектларига кириш-чиқиш жойларида 2021 йил 1 октябрга қадар электрон турникетлар ёки ташриф буюрувчиларни автоматик ҳисобга олишга мўлжалланган бошқа мосламалар «Рақамлаштириш ва автоматлаштириш маркази» ДУК томонидан ўрнатилиши ҳамда улар тегишли ягона электрон тизимга интеграция қилиниши шарт.

 

2022 йил 1 январдан бошлаб намойиш объектлари рўйхатига киритилган намойиш объектларида чипталар савдосини тегишли ягона электрон тизимга интеграция қилмаган ҳолда амалга ошириш НКМ ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузиш деб баҳоланади.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Агентлигининг ташкилий тузилмаси ва марказий аппарати тузилмаси;
  • 2021-2022 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, музейлар фаолиятини ривожлантириш ва соҳани рақамлаштириш бўйича «йўл харитаси»;
  • қуйидагиларнинг:
    • 2021-2022 йилларда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш, уларнинг рақамлаштирилган паспорти ва каталогини ишлаб чиқишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
    • 2021-2023 йилларда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва рақамлаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
    • 2021-2023 йилларда давлат музейларидаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини электрон идентификация қилиш мақсадли кўрсаткичлари.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.06.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.