Транспорт вазирининг буйруғи билан Йўловчи автовокзаллари ва йўловчи автостанциялари тўғрисидаги низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3323, 06.10.2021 й.).
Низом ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, автовокзаллар ва автостанцияларнинг фаолият юритиш тартибини белгилайди. У қуйидагиларни назарда тутади:
- автовокзаллар ва автостанцияларга қўйиладиган умумий талаблар;
- автовокзаллар ва автостанцияларнинг асосий вазифалари, уларнинг ишлаш режими;
- қуйидагиларни ташкил қилиш:
- ҳаракатини ва йўловчиларга маданий ва ижтимоий хизматлар кўрсатишни;
- автовокзалнинг ахборот хизматини;
- кассалар, багаж хоналари ишини;
- шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда банд бўлган автотранспорт воситалари ишини диспетчер хизмати орқали бошқариш тартиби.
Автовокзалнинг тоифаси ва автостанциянинг классини ҳисобга олган ҳолда унинг ҳудудида қуйидагилар жойлаштирилиши лозим:
- йўловчилар учун мўлжалланган бинолар ва хоналар;
- чипта кассалари;
- ёш болали йўловчиларга мўлжалланган хоналар;
- ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг узоқ вақт дам олишига мўлжалланган меҳмонхоналар;
- маъмурият хонаси;
- умумий овқатланиш шохобчалари;
- тиббий пунктлар;
- қўл юкини (багажни) сақлаш хоналари;
- йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун монитор орқали кузатиш қурилмалари ўрнатилган хоналар;
- йўловчиларни чиқариш ва тушириш перронлари;
- техник кўрикдан ўтказиш ва автотранспорт воситалари салонларини тозалаш постлари;
- автовокзал (автостанция) ҳудуди бўйлаб ҳамда чиқариш ва тушириш перронларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўриндиқли аравачалари учун мўлжалланган йўллар;
- ногиронлиги бўлган шахсларни ўриндиқли аравачалар билан чиқариш ва тушириш учун мўлжалланган жойлар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.10.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.