Президентнинг 23.11.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ПФ-24-сон Фармони қабул қилинди.
Киритилган ўзгартиришларга асосан:
- 2021 йилда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар, шу жумладан хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун уй-жойларни сотиб олиш параметрларининг янги таҳрири тасдиқланди (Президентнинг 11.03.2021 йилдаги ПФ-6186-сон Фармонига 5-илова). Хусусан, ҳар бир ҳудуд кесимида сотиб олинадиган квартиралар сони ўзгарди. Бунда уларнинг умумий сони ўзгаришсиз қолди ва 1 мингтани ташкил этади;
- Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан уй-жой билан таъминлаш нормаси (Президентнинг 05.03.2021 йилдаги ПФ-5020-сон Фармонининг 6-банди “а” кичик банди 3-хатбоши) ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган (илгари - отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган уй-жойга муҳтож) қизларга ҳам татбиқ этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.11.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.