Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун ер участкалари берилади

26.11.2021

Читать на русском языке

Президентнинг 23.11.2021 йилдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжатга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонларини 2022-2025 йилларда босқичма-босқич захирага қайтарилади.

 

Захирага қайтарилган ер майдонлари деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 10 йилга ижарага берилади.

 

Ер участкалари «E-AUKSION» электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилади, бундан Ер кодексига мувофиқ ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижарага бериш ҳоллари мустасно. Ер участкаларини ижарага беришда:

  • ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган;
  • ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга;
  • «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик берилади.

 

Халқаро молия институтларидан жалб қилинган қарзнинг 100 млн АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни тижорат банкларига миллий валютада жойлаштирилади. Мазкур маблағлар ажратиладиган кредитлар бўйича гаров таъминоти сифатида қабул қилинади.

 

Кредит маблағлари «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури шартлари асосида тижорат банклари томонидан деҳқон ва фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи бошқа корхоналарга қуйидаги шартларда тақдим этилади:

а) ҳар бир лойиҳа миллий валютада 100 млн сўмдан ошмаган миқдорда йиллик 14% ставкада молиялаштирилади;

б) кредитлар:

  •  кичик интенсив боғдорчилик ва узумчиликка 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
  • полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчиликка 6 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача муддатга ажратилади;

в) кредит таъминоти сифатида кредитнинг қайтмаслик хатаридан суғурта қилиш полиси тақдим этилади;

г) кредитлар деҳқон хўжаликларига янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчиларининг ёзма тавсиясига асосан ажратилади.

 

Деҳқон хўжаликлари учун қисқа муддатли интенсив ўқув курсларини ташкил этиш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилди. Унинг асосий вазифаси очиқ электрон танловда иштирок этиш бўйича малакали тренер-консультантларни тайёрлаб, улар ёрдамида деҳқон хўжаликлари учун қисқа муддатли интенсив ўқув курсларини ташкил этиш ҳисобланади.

 

28.07.2021 йилдаги ПҚ–5200-сон қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган узумчиликни ривожлантириш бўйича доимий лойиҳа офислари Интенсив боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича доимий лойиҳа офислари деб қайта номланди, уларга қўшимча вазифалар юклатилди. 

 

Эльмира Сиразиева.