Вазирлар Маҳкамаси томонидан 16.03.2021 йилдаги «Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харид қилишда 15 фоиздан ортиқ миқдорда аванс тўлаши мумкин бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2011 йил 24 августдаги 241-сон қарорига қўшимча киритиш ҳақида»ги 139-сон қарор қабул қилинди.
Ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3.02.2021 йилдаги «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-6155-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Хусусан, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш бўйича суммаси 1 млрд сўмгача тузиладиган шартномаларида 30% миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилиши тўғрисидаги банд киритилган.
Бунда таъкидланишича, мазкур тартиб 24.08.2011 йилдаги 241-сон ВМҚга иловада келтирилган товарларга (ишлар, хизматларга) нисбатан татбиқ этилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.03.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.