Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Масофавий ишга ўтказиш ва аввалги иш режимига қайтишни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин - buxgalter.uz да ўқингБош бухгалтернинг тақвими: июнь ойидаги муҳим саналар - buxgalter.uz да ўқингКарантин даврида олдинги йилларда кўрилган зарарни ҳисобга олиш мумкинми - buxgalter.uz да ўқингПФ-5996-сон Фармонни инобатга олган ҳолда кичик бизнесга имтиёзлар - buxgalter.uz да ўқинг«Кечикаётган» ЭҲФ муаммосини контрагент билан тузилган шартномада ҳал этиш мумкин - buxgalter.uz да ўқингАгар дебиторлик қарзи мажбуриятларни бажаришга халақит берса, нима қилиш керак- buxgalter.uz да ўқинг
  • www.norma.uz
  • Қонунчиликдаги янгиликлар
  • Адвокатларга – ҳар бир мутахассислик бўйича алоҳида лицензиялар, ҳакамлик судьяси бўлиш ҳуқуқи, судлардаги мобиль ва бошқа воситалар

Адвокатларга – ҳар бир мутахассислик бўйича алоҳида лицензиялар, ҳакамлик судьяси бўлиш ҳуқуқи, судлардаги мобиль ва бошқа воситалар

14.05.2018


Президентнинг 12.05.2018 йилдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг Telegram каналида хабар берди.

 

Ҳужжат билан адвокатура ишига жиддий ўзгартириш киритилди.

 

Адвокатлар фаолиятини лицензиялаш

 

1 июлга мўлжалланган ўзгартиришлар:

 

1) Адвокатлар ҳар бир мутахассислик (жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва ҳ.к.) бўйича алоҳида лицензия оладилар. Ҳозир «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида кўрсатилган адвокатлик фаолиятининг барча турларига бир вақтнинг ўзида битта лицензия берилади.

 

2) Адвокатлик фаолияти турларининг рўйхати ҳам кенгайтирилади. Адвокатлар низоларни судгача ҳал қилиш бўйича чоралар кўришлари, томонларни яраштиришлари ва ҳатто ҳакамлик судьяси сифатида қатнашишлари мумкин.

 

Шуни қайд этиб ўтамизки, «Медиация тўғрисида»ги қонун (ҳуқуқ соҳасидаги яраштирув таомиллари – таҳр.) ҳали қабул қилинмаган. Аслида у жорий йил январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланган эди. Мазкур қонун билан адвокатларнинг ушбу соҳадаги иши батафсил тартибга солиниши керак.

 

«Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ эса адвокат илмий ва педагогик, шунингдек Адвокатлар палатасидаги фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас. Яъни адвокатлар ҳакамлик судьялари ҳам бўла олмас эдилар.

 

3) Адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати 6 ойдан 3 ойга қисқартирилади.

 

Бунда камида 3 йил давлат органлари ёки ташкилотларининг юридик хизматида ёхуд судья, терговчи ёки прокурор бўлиб ишлаган фуқаролар стажировкадан озод этилади.

 

Эслатиб ўтамиз, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 8-1-моддасига мувофиқ камида уч йиллик иш стажига эга бўлган адвокат стажёрга эга бўлишга ҳақли. Стажировка ўташ тартиби эса Адвокат стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (27.03.2009 йилда 1928-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади.

 

4) Адвокат лицензиясини олиш учун малака имтиҳонини топшира олмаган шахслар уни 6 ойдан кейин такроран топширишлари мумкин. Ҳозир «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 3-1-моддасига мувофиқ уни фақат 1 йилдан кейин такроран топшириш мумкин. 

 

Шуниси эътиборлики, имтиҳон қандай ўтказилаётганини Интернет орқали онлайн режимда кузатиш мумкин бўлади.

 

5) Адвокатлик лицензиясини тугатиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Ҳозир бу уни берган адлия органининг ваколатларига киради («Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига қаранг).

 

1 августга мўлжалланган ўзгартиришлар:

 

 

6) Тижорат ташкилотларига (консалтинг фирмаларига – таҳр.) юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш учун адвокатлик лицензияси талаб этилмайди. Бироқ бундай ташкилотлар фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судларда вакиллик қила олмайдилар.

 

Эслатиб ўтамиз, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар бериш адвокатлик фаолияти турларидан бири ҳисобланади, унинг учун лицензия олиш талаб этилади. Бироқ амалиётда юридик маслаҳат бериш ва консалтинг фаолиятини фарқлаш мушкул. Шу сабабли ушбу қоидага кўпинча риоя этилмайди. Президентнинг Фармони ушбу зиддиятни бартараф этмоқда.

 

Шуни қайд этиб ўтамизки, юридик маслаҳат бериш ва тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш ҳар хил турдаги адвокатлик фаолияти ҳисобланади. Чунончи, консалтинг ташкилотларининг ходимлари хўжалик шартномаларини имзолаш ҳуқуқига эга эмас («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига қаранг). Штатдаги юрисконсульт ёки жалб этилган адвокат имзосисиз шартнома тузишга эса йўл қўйилмайди. Бу масала қандай ҳал этилиши ҳозирча номаълум.

 

Адвокатларнинг иши

 

1) Адвокатлар ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио- ва видеокузатув жиҳозлари ўрнатилмаган махсус хоналарда, бегона шахсларнинг қатнашувисиз исталган вақтда ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашишлари мумкин.

 

Шуни қайд этиб ўтамизки, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси, Жиноят-процессуал кодекснинг 46 ва 48-моддалари, Жиноят-ижроия кодексининг 10-моддасида бу илгари ҳам назарда тутилган эди.  

 

2) Адвокатларга суд биносига компьютер, мобил ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб киришга рухсат берилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (15.03.2018 йилда 2981-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан бундай буюмларни олиб кириш тақиқланган. Йўриқноманинг рус тилидаги шарҳи билан бу ерда танишиш мумкин.

 

3) Адвокатнинг сўровига жавоб бериш учун 15 кунлик муддат белгиланди. Илгари бундай сўровларга «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида назарда тутилган жавоб беришнинг умумий муддатлари қўлланилган – 15 кун (умумий муддат), қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 30 кунгача бўлган муддатга узайтириш имконияти билан.

 

Шу тариқа, адвокатнинг сўровлари юзасидан жавоб бериш муддатларини узайтириш тақиқланади.

 

Бу – муҳим! Адвокатлар адвокат сўровига жавоб бериш тартибини бузишда айбдорларни маъмурий жавобгарликка (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-1-моддаси, 2 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача жарима) тортиш учун бевосита маъмурий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Илгари бундай ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни маъмурий ишлар бўйича судьялар кўриши белгиланган эди. Бироқ маъмурий баённома тузиш ва уни судга бериш механизми аниқ белгиланмаган эди.

 

4) Адвокатура тизимидаги иш стажига қараб Адвокатлар палатаси раиси томонидан адвокатларнинг тегишли малака даражалари берилади.

 

Таҳририятдан: Президентнинг 12.05.2018 йилдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони расман эълон қилингандан кейин ушбу шарҳга тузатишлар киритилиши мумкин.

 

Мазкур ҳужжатларнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва улар билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Самир Латипов.