Вазирлар Маҳкамасининг 26.06.2026 йилдаги "Атом энергетикаси соҳасида билим ва малакалар минтақавий марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 334-сон қарори қабул қилинди.
"ММФИ" Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиали негизида Атом энергетикаси соҳасида минтақавий билим ва компетенциялар маркази ташкил этилади. Мақсад – республиканинг ядро-энергетика дастурини амалга ошириш учун соҳани малакали кадрлар билан таъминлашдир.
Марказнинг асосий вазифалари:
• мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
• илмий тадқиқотлар ва амалий ишланмаларни амалга ошириш;
• етакчи хорижий университетлар ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш;
• замонавий таълим дастурлари, технологиялар ва лаборатория базасини жорий этиш;
• халқаро лойиҳалар, семинарлар ва алмашинув дастурларини ташкил этиш.
Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари мутахассислари, жумладан, атом электр станциялари ускуналарининг махсус симуляторларида машғулотлар ўтказишлари мумкин бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.06.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




