Президентнинг 30.01.2025 йилдаги ПФ-16-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 04.05.2026 йилдаги 221-сон “Барқарор ривожланиш ва атроф-муҳит, ижтимоий ҳамда корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Атроф-муҳит, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойиллари асосида “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва барқарор ривожланиш тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш стандартлари”ни жорий этиш ва ушбу стандартлар асосида ҳисобот тайёрлаш қоидалари;
• Трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар учун барқарор ривожланиш ва ESG ҳисоботи стандартларини жорий этиш бўйича тадбирлар дастури.
Қоидалар маҳаллий корхоналарнинг барқарор ривожланиш ва ESG соҳасида ахборотни ошкор этиш фаолиятини тартибга солади ҳамда инвесторлар ва бошқа манфаатдор томонларга ишончли, долзарб ва қиёсланадиган маълумотларни тақдим этиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Қоидалар қуйидаги корхоналарга нисбатан татбиқ этилади:
• трансформация жараёнидаги давлат иштирокидаги корхоналар (банк-молия сектори ташкилотларидан ташқари);
• устав фондида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ёки устав фондида давлат улуши хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушидан кўп бўлган хўжалик жамиятлари.
Қоидалар бошқа корхоналарга нисбатан ихтиёрий равишда қўлланиши мумкин.
2028 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларида номолиявий маълумотлар ҳисоботи шакллари асосида маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва чоп этиш амалиёти босқичма-босқич жорий этилади. Ушбу ҳисоботлар ихтиёрийлик асосида тўлдирилади ва топширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.07.2026 йилдан кучга киради.
Сардор Жумашов





