Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2026 йилдаги «Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишнинг рухсатнома тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 114-сон қарори қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 27.01.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-28-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар назарда тутилган:
- миллий ташувчилар ўртасида автомобиль транспортида юк ва йўловчиларни халқаро ташиш учун хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни тақсимлаш, бериш ва улардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш;
- чегарада миллий ташувчиларга хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни босқичма-босқич бериш амалиётини жорий этиш.
2026 йил 1 июндан бошлаб чегара божхона пунктларида юклар ва йўловчиларни жўнатиш йўналишида автомобиль транспортида халқаро ташиш учун хорижий ёки кўп томонлама рухсатномалар бериш амалиёти жорий этилади.
Халқаро йўналишларда ҳаракатланишни режалаштириш учун миллий ташувчиларга транспорт воситасига юк ортилгунга қадар 10 кун муддатга барча зарур хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни Транспорт вазирлигининг автоматлаштирилган ахборот тизимида банд қилиб қўйиш имконияти яратилади.
Миллий ташувчиларга хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни бериш, қабул қилиш, сақлаш ва АТда рўйхатдан ўтказиш учун чегара божхона постларида рухсатнома бериш пунктлари (тасдиқланадиган рўйхат бўйича) ташкил этилади.
Ҳужжат билан қуйидагиларни назарда тутувчи Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича ташишга рухсатномаларни алмаштириш, бериш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:
- халқаро ташишлар йўналиши тўғрисидаги ахборот тизими орқали чегара божхона постларида чиқиш йўналишида ҳаракатланаётган транспорт воситасига хорижий ёки кўп томонлама рухсатномалар бериш тартиби;
- юк ортишдан олдин миллий ташувчилар томонидан барча зарур хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни АТда захиралаш тартиби;
- рухсатномаларнинг электрон шаклларини алмашишнинг ҳуқуқий асоси – «e-Permit» тизими;
- миллий ташувчилар рейтингини шакллантириш, юритиш, эълон қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби;
- хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни ёки улар бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга берган ва уларни белгиланган муддатларда қайтармаган миллий ташувчиларга беришни тўхтатиб туриш учун санкцияларни автоматик равишда қўллаш;
- хорижий ташувчиларга рухсатномалар бериш, улардан фойдаланиш ва халқаро юк ташиш турларини белгилаш тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




