Мактабгача таълим йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади Вазирлар Маҳкамасининг 24.06.2026 йилдаги "Мактабгача таълим йўналиши бўйича халқаро тажриба асосида бакалаврлар тайёрлаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги 321-сон қарори қабул қилинди.
05.02.2026 йилдаги ПФ-19-сон Фармонга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим муассасаларида "Мактабгача ва бошланғич таълим" йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрлаш илғор халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштирилган таълим дастурлари асосида амалга оширилади.
Ҳужжат билан давлат ва нодавлат педагогика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган бакалавриат таълим йўналиши талабаларининг билимлари ҳар йили тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ ташқи диагностика йўли билан текширилиши белгиланди.
Болалар боғчаларида камида 3 йиллик иш стажига эга бўлган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун мактабгача таълим соҳасида бакалавриат дастури бўйича дуал таълим (педагогика олий таълим муассасасида ҳафтасига бир марта ва МТТда беш кун) жорий этилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог-мутахассислар учун дуал таълим тизимини яратиш бўйича "Йўл харитаси";
• Мактабгача таълим ва дуал таълим бўйича бакалавриат соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.06.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




