Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ўқишга қандай кириш мумкин

07.05.2018


Вазирлар Маҳкамасининг 4.05.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги 336-сон қарори эълон қилинди.  

 

Маълумот учун: Институт Президентнинг 5.07.2017 йилдаги ПФ–5106-сон Фармони билан ташкил этган. Президентнинг 14.08.2017 йилдаги ПҚ–3206-сон қарори билан эса унинг фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар қабул қилинган.

 

Мазкур таълим муассасасида 2 хил курсда таълим берилади:

  • истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш – ишлаб чиқаришдан ажралган ва диплом берган ҳолда 4 ойгача;
  • истиқболли ёш кадрларнинг малакасини ошириш ўқув курслари – ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳамда сертификат берган ҳолда 1 ойгача.

 

Истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш курслари

 

Мазкур курсларга квота 120 нафар (биринчи ярим йилликда 60 нафар) киши этиб белгиланган.

 

Абитуриентларга алоҳида талаблар қўйилади: улар 30 ёшдан ошмаган, Ўзбекистон фуқаролигига эга, олий маълумотли, олий таълим муассасасини тугатгандан кейин 2 йиллик стажга эга, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки жамоат ташкилотларида ишлаётган бўлишлари керак.  

 

Институтга қабул қилиш бўйича хабар Институт, Ёшлар иттифоқининг веб-сайтларида ва ОАВда эълон қилинади. Эълон қилинган кундан бошлаб 1 ой мобайнида институтнинг Қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

  • Институт директори номига ариза;
  • сўровнома, маълумотнома-объективка (яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда);
  • олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжат ва иловасининг нусхаси (топширишда ҳужжатнинг асл нусхаси кўрсатилади);
  • меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
  • 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;
  • 3,4 х 4,5 ўлчамли 6 та рангли фотосурат;
  • паспорт нусхаси (топширишда ҳужжатнинг асл нусхаси кўрсатилади).

 

Абитуриентнинг ютуқларини (мукофотлари, ихтиро патентлари ва б.) акс эттирувчи ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

 

Ҳужжатларни қабул қилиш тугагандан сўнг Қабул комиссияси 5 кун мобайнида ҳужжатларни ўрганади ва кириш имтиҳонларига рухсат берилган номзодлар рўйхатини шакллантиради. Рўйхат Институт ва Ёшлар иттифоқининг сайтида эълон қилинади.

 

Тест топшириш ва суҳбатдан ўтиш лозим. Абитуриентнинг танловига кўра улар ўзбек ёки рус тилида ўтказилади.

 

Ўзбекистон тарихи, иқтисодиёт назарияси ва ҳуқуқшунослик фанларидан тест ўтказилади. Ҳар бир фан бўйича – 20 та тест. Ҳар бир тўғри жавоб учун – 1,5 балл. 90 дақиқа вақт ажратилади. Натижалар тест ўтказилгандан сўнг 3 кун мобайнида эълон қилинади. 67,5 баллдан (75%) юқори балл тўплаганлар суҳбатга қўйилади.

 

Суҳбат тест натижалари эълон қилинган пайтдан бошлаб 3 кун мобайнида ўтказилади. У бошқарув қобилияти, ижтимоий ва маънавий-ахлоқий даражаси, психологик барқарорлиги, ташкилотчилиги, етакчилиги, ватанпарварлик хусусиятларни ва жамоа билан ишлаш кўникмаларини аниқлашга қаратилган.

 

Суҳбат 2 қисмдан иборат: вазиятлар таҳлили баҳоланади ҳамда салоҳияти, билим савияси ва дунёқараши баҳоланади. Суҳбатда энг юқори 60 балл қўйилади. 45 балладан (75%) юқори балл тўплаган шахс суҳбатдан ўтган ҳисобланади.  

 

Кириш синовларининг умумий натижалари суҳбатдан сўнг 3 кун мобайнида Институт ва Ёшлар иттифоқининг веб-сайтида эълон қилинади.

 

Рейтинг бўйича энг юқори балл олган 60 нафар номзод қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинади. Ўқиш даврида тингловчиларнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. Ўқиш Ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

 

Бу – муҳим! Қайта тайёрлаш курслари битирувчилари давлат бошқаруви органлари ва жамоат ташкилотлари тизимларидаги раҳбар кадрлар захирасига киритилади.  

 

Малака ошириш курслари

 

Ушбу курслар қуйидаги турларга бўлинади:

 

а) Ёшлар иттифоқи буюртмаси асосида ташкил этиладиган:

  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотларининг ёш истиқболли кадрлари малакасини ошириш;
  • Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчилари ҳамда Етакчилар кенгаши раислари малакасини ошириш.

 

б) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотларининг буюртмаси асосида ташкил этиладиган.

 

Курслар тингловчилари контингенти буюртмачи ва Институт томонидан биргаликда шакллантирилади. Ёшлар иттифоқи буюртмаси асосида курсларда таълим олиш ҳақи Иттифоқнинг Ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тўланади. Бошқа курсларда эса – буюртмачи ёки тингловчи маблағлари ҳисобидан тўлов-контракт асосида.

 

Қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

  • иш жойидан тавсиянома;
  • Институт директори номига ёзилган ариза;
  • сўровнома, маълумотнома-объективка (яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда);
  • маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси (топширишда асл нусхаси кўрсатилади);
  • 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;
  • 3,4 х 4,5 ўлчамли 4 та рангли фотосурат;
  • паспорт нусхаси (топширишда ҳужжатнинг асл нусхаси кўрсатилади).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.05.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Самир Латипов.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум