Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарори билан 2010 йилда жорий этилган ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни тўлаш тартиби узайтирилди.
Маълумот учун: ходима ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даври мобайнида нафақа олиш ҳуқуқига эга. У жами 126 (туғиш қийин кечган ёки 2 ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 140) календарь кунни ташкил этади.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходиманинг тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади. Бироқ аёл яна ишга қабул қилинган ёки бир йилдан ортиқ танаффусдан кейин ишга чиққан бўлса, нафақа миқдори табақалаштирилади (батафсил қаранг).
Нафақани ҳисоблаб чиқариш қоидалари Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда баён этилган.
2010 йилгача нафақа бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланган. Ўшанда корхоналар туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлимларига тегишли маблағларни олиш учун буюртманомалар тақдим этганлар.
2010 йил 1 январдан бошлаб тартиб ўзгарди – ишловчи аёлларга нафақаларни иш берувчилар ўз маблағларидан (бюджет ташкилотларида – бюджет маблағларидан) тўлайдилар. Ушбу тартиб яна бир йил – 2019 йил 1 январгача узайтирилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқинда танишиш мумкин.
Олег Заманов.