Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерларнинг ишини енгиллаштириш бўйича ғояларингиз борми? Ботга ёзинг! Контрагент қандай ҚҚС ставкасини қўллаётганини олдиндан қандай билиш мумкин Маркировкаланган товарлар учун янги хавф мезони ишга туширилди Маркировкаланган товарлар учун янги хавф мезони ишга туширилди

Жамоат хавфсизлиги: профилактика инспекторларига янги ваколатлар берилади

07.09.2026

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 04.09.2026 йилдаги "Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янги ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-314-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация учун масъул бўлган ички ишлар органлари бўлинмаларининг янада яқин ҳамкорлиги орқали жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини трансформация қилишни назарда тутади.

 

Профилактика инспекторларига қўшимча ваколатлар берилади

 

Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги, хизматни ўташ ва фаолиятини баҳолаш тартибини белгиловчи "Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг мақоми тўғрисида"ги алоҳида қонунни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

 

Бундан ташқари, инспекторнинг ишига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

 

Ходимларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Хусусан, профилактика инспекторларига биринчи марта содир этилган 17 турдаги кичик маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича огоҳлантириш қўллаш ҳуқуқи берилиши режалаштирилмоқда. Маҳалла кўчалари ва тротуарларида йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ яна 4 турдаги қоидабузарлик учун маъмурий жазо қўллаш имконияти яратилади.

 

Шунингдек, инспекторларга ҳозирда туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ёки уларнинг ўринбосарлари ваколатига кирадиган 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади.

 

Бунда инспекторларга аҳоли ишончини ошириш ва бириктирилган ҳудудда жиноятчиликни жиловлашдек устувор вазифа юклатилади. Уларга касбий вазифалари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча вазифалар топширилмаслиги керак.

 

Профилактика инспекторининг ишига аҳоли томонидан овоз бериш орқали "ишончсизлик билдириш ташаббуси" механизми жорий этилади. Айрим ҳолларда бу ишдан бўшатишгача бўлган интизомий чораларни қўллашга асос бўлиши мумкин.

 

Инспекторлар иши рақамли форматга ўтади

 

2027 йил 1 августга қадар профилактика инспекторлари фаолияти учун ягона ахборот тизимини яратиш режалаштирилган. Унда хавф гуруҳидаги шахслар рўйхати шакллантирилади ва якка тартибдаги профилактик тадбирлар рўйхатга олинади.

 

Фуқаролар учун "Менинг инспекторим" мобил иловаси орқали инспекторга реал вақт режимида ариза, шикоят ва хабарлар юбориш ҳамда унинг ишини баҳолаш имконияти яратилади. Агар мурожаатга тезкор муносабат билдирилмаса, у автоматик равишда "112" тизимига узатилади.

 

Шунингдек, суд-тиббий экспертизаларни тайинлаш ва уларнинг хулосаларини олишни электрон шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда. Инспекторларнинг касбий билимлари масофавий мустақил таълим орқали ҳам оширилади.

 

Патруль хизматлари қўшимча функцияларга эга бўлади

 

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб патруль-пост ва қўриқлаш хизматларининг нарядлари "112" орқали келиб тушган жиноятлар ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарлар бўйича, шу жумладан, агар улар турар-жой биноларида содир бўлган бўлса, тезкорлик билан чиқишлари керак бўлади. Патруль маршрутлари маҳаллаларнинг ички кўчаларини ҳам қамраб олади.

 

"Турли вазифалар – ягона ваколат" тамойили асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида функциялар патруль-пост ва қўриқлаш хизматларига ўтказилади. Улар, хусусан, тирбандликларни бартараф этишда иштирок этиш ва йўллардаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларга муносабат билдириш, шунингдек, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

 

Ўз навбатида, ЙПХ жамоат тартибини сақлаш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлади. Хусусан, ходимлар жамоат жойларида қоидабузарликларнинг олдини олиш, қоидабузарларни ушлаш ва бир қатор маъмурий ишларни, жумладан, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ва жамоат жойларида спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ҳолатларини кўриб чиқиш имкониятига эга бўлади.

 

Ёшлар ўртасида профилактикага алоҳида эътибор қаратилмоқда

 

Олий таълим муассасаларидаги хотин-қизлар, вояга етмаганлар масалалари ва профилактика инспекторлари лавозимлари тегишли йўналишлар бўйича профилактика инспекторлари лавозимига айлантирилади.

 

Уларнинг асосий вазифаси хавф гуруҳидаги фуқаролар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва уларнинг қурбонига айланиши мумкин бўлган шахсларни ҳимоя қилишдан иборат бўлади.

 

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштирилган ва Ёшлар ишлари агентлиги реестрига киритилган 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун "Ёшлар дафтари" тизимининг ижтимоий хизматларидан фойдаланиш имконияти назарда тутилади.

 

2027 йил 1 мартга қадар олий таълим муассасаларида талабалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун "Хавфсиз даргоҳ – хавфсиз талаба" ахборот тизимини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Биринчи босқичда пойтахтимиздаги йирик олий таълим муассасаларида тажриба-синов тариқасида жорий этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.09.2026 йилдан кучга кирди.