Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази қандай ҳужжатларни текширади

23.02.2018


Президентнинг лойиҳаолди, лойиҳа, тендер ҳужжатлари ва контрактларни экспертиза қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирларига доир 20.02.2018 йилдаги ПҚ–3350-сон қарори эълон қилинди.

 

Таъкидлаб ўтамиз, қабул қилинган ҳужжат Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази фаолиятини тартибга солади. Марказ Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузурида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган (8.01.2018 йилдаги ПҚ–3464-сон қарорга қаранг, батафсил – бу ерда).

 

Белгиланишича, Марказ томонидан қуйидаги ҳужжатлар мажбурий экспертиза қилинади:

 

А) Алоҳида турдаги лойиҳаларга доир ҳужжатлар (комплекс экспертиза қилинади).  

 

Лойиҳа давлат аҳамиятидаги лойиҳа бўлишини белгиловчи қуйидаги ҳолатлар рўйхати назарда тутилган:

  • лойиҳа Ўзбекистоннинг ривожланиш давлат дастурларидан бирининг лойиҳалар портфелига киритиш учун кўриб чиқилаётганда, шунингдек у давлат дастури доирасида амалга ошириш учун илгари сурилганда;
  • лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш фонди, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт фонди маблағлари, ёхуд Ҳукумат томонидан ёки унинг кафолати остида жалб этилган кредитлар (заёмлар) ҳисобидан молиялаштирилганда;
  • лойиҳа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни тақдим этадиган Президентнинг алоҳида қарорларига асосан амалга оширилганда;
  • лойиҳа маҳсулот тақсимотига оид битимлар доирасида амалга оширилаётганда (фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида – таҳр.);
  • лойиҳа давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, устав фондида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъект ёки шундай субъект унинг устав фондида 50% ва ундан ортиқ улушга эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилаётганда;
  • лойиҳада стратегик фойдали қазилмаларни - қимматбаҳо, рангли ва ер остидаги ноёб металлар, углеводородлар, кўмир, уран (батафсил – бу ерда) кабиларни қазиб олиш назарда тутилганда. Мазкур ҳолатда молиялаштириш манбаи эътиборга олинмайди.

 

Мазкур лойиҳалар бўйича экспертизага қуйидаги ҳужжатлар юборилади: лойиҳаолди, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга техник топшириқлар, молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари (уларнинг таркибига ДТИА/ДТИҲ, ТИА/ТИҲ, ЛСҲ, лойиҳанинг ишчи ҳужжатлари ва бошқалар киради).

 

Б) Товарлар, ишлар, хизматлар давлат харидларига техник топшириқлар (комплекс экспертиза қилинади) яъни, товарнинг (ишлар, хизматларнинг) асосий фойдаланиш мақсади, унинг тавсифига буюртмачининг талабларини ўз ичига олувчи ҳужжатлар, давлат харидига оид дастлабки маълумотлар, мақсадлар ва вазифалар тавсифи, товарни етказиб бериш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) муддатлари, сифат кафолати, ҳисоботларнинг тавсифи ва ҳажми, шакллари (зарурат бўлган тақдирда), товарлар (ишлар, хизматлар)га талабларнинг асосланганлиги, эквивалент кўрсаткичлар, иқтисодий ва бошқа махсус талаблар.

 

Кўриниб турибдики, бу ерда ҳаммаси: ускунанинг мақсадга мувофиқлигидан тортиб унинг техник тавсифигача текширилади. Шу сабабли, қуйидагиларга техник топшириқларни экспертиза қилиш белгиланган:

  • эквиваленти 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган суммадаги давлат харидларига;
  • стратегик харидор, шунингдек устав фондида (капиталида) стратегик харидор улуши бўлган ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган, эквиваленти 50 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган суммадаги давлат харидларига.

 

Бу – муҳим! Давлат ва корпоратив харидлари – иккиласи ҳам бир нарса. Шу боис давлат харидлари ҳақида сўз юритилганда, бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиниши тушунилади.

 

Изоҳ: стратегик харидорлар – жамиятлар ва корхоналар рўйхати Президентнинг 22.01.2017 йилдаги ПҚ–3487-сон қарорида белгиланган. Уларга НКМК, ОКМК, «Ўзбекнефтегаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзбеккўмир» АЖ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Ўзбектелеком» АК, «Энергия тежовчи миллий компания» АЖ ва «Ўзавтосаноат» АЖ, шунингдек уларда санаб ўтилган компаниялар улуши бўлган ташкилотлар киради. Батафсил – бу ерда.

 

В) Алоҳида контрактлар (экспертиза қилинади ва рўйхатдан ўтказилади):

  • стратегик харидор, шунингдек устав фондида (капиталида) стратегик харидорнинг улуши бўлган ташкилотлар томонидан тузиладиган, эквиваленти 50 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган суммадаги барча контрактлар.

 

Эслатиб ўтамиз, стратегик харидорлар ташкилот раҳбари бошчилигидаги идоравий комиссиялар томонидан баҳоланадиган энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан, қийматидан қатъи назар, товарлар, ишлар ва хизматлар харидига контрактларни, шу жумладан импорт контрактларни тузишга ҳақлидирлар. 

  • эквиваленти 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактлари, агар ушбу контрактлар давлат органлари, бюджет ташкилотлари, харидларни амалга оширишга йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар,  устав фондидаги 50% ва ундан ортиқ бўлган улуш устав фондида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар, шунингдек бошқа юридик шахслар томонидан бюджет тизимидаги бюджетлар ҳисобига, Ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш фонди, Тикланиш ва тараққиёт фонди, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, Президент ва Ҳукумат томонидан тузиладиган шартномалар доирасида донор давлатлар, халқаро, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган чет эл грантлари, Ўзбекистон Республикаси ёки унинг кафолати остида жалб этилган хорижий кредитлар (заёмлар) (тижорат банклари томонидан қайта молияланадиганлари бундан мустасно) ҳисобидан тузилган бўлса;
  • ривожланиш давлат дастурига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ёхуд Президент ёки Ҳукуматнинг қарорига кўра амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида, шунингдек давлат харидларини амалга оширишда тузиладиган эквиваленти 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактлари.

 

Изоҳ. Президентнинг 23.08.2017 йилдаги ПҚ–3237-сон қарорига мувофиқ контракт суммаси эквиваленти 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлганда, идоравий комиссия томонидан тендер ўтказилиши мажбурий ҳисобланиши боис тендер ҳужжатлари ҳам экспертиза қилинади. Бироқ корпоратив буюртмачилар учун истисно қилинди - контракт суммаси эквиваленти 500 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган тақдирдагина, тендер ҳужжатлари экспертизага тақдим этилади.

 

Экспертиза ўтказилиши қандай тартибга солинади

 

Қабул қилинган ҳужжат билан экспертиза қилишнинг батафсил тартиби келтирилган қуйидаги низомлар ва йўриқнома тасдиқланди:

  • Лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, комплекс экспертиза қилиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидига тендер ҳужжатлари ва техник топшириқларни комплекс экспертиза қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Контрактларни экспертиза қилиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • ДТИА/ДТИҲ, ТИА/ТИҲ ва лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий ҳисоботини комплекс экспертиза қилиш ишлари қийматини белгилаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома.

 

Экспертиза учун қанча тўланади

 

Белгиланишича, қуйидаги ҳужжатлар бўйича экспертиза учун ҳақ ундирилмайди:

  • лойиҳаолди ёки лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга, шунингдек товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидига техник топшириқлар;
  • Президент ва Ҳукуматнинг қарорларига асосан тузиладиган, ушбу қарорларда етказиб берувчилар ва/ёки харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) қиймати белгиланадиган импорт контрактлари;
  • тендер ўтказиш натижалари бўйича тузиладиган импорт контрактлари, марказда экспертиза қилинган тендер ҳужжатлари.

 

Тендер ҳужжатлари ва контрактлар, шу жумладан импорт контрактларни комплекс экспертиза қилганлик учун ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда, умумий сумманинг 0,1%и, бироқ ЭКИҲнинг 100 бараваридан ошмайдиган миқдорда ҳақ ундирилади.

 

ДТИА/ДТИҲ, ТИА/ТИҲ ва лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий ҳисоботини комплекс экспертиза қилганлик учун ҳақ юқорида айтиб ўтилган Йўриқномада келтирилган махсус формулалар орқали аниқланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.02.2018 йилдан кучга киради.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 


Самир Латипов.
 

 

Валюталар курси

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум