Президентнинг 30.09.2024 йилдаги "Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-152-сонли Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг:
• мактабгача таълим давлат таълим дастури доирасида қуйидагиларга йўналтирилган ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш:
○ кичик ва ўрта гуруҳ болаларида когнитив, психомотор ва ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш;
○катта гуруҳ ва мактабгача таълим гуруҳлари болаларида когнитив, коммуникатив ва ижодий компетенцияларни шакллантириш;
• 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
○ мактабгача таълим ташкилотлари томонидан Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида боланинг ривожланиш харитасини юритиш амалиёти;
○ мактабгача таълим гуруҳларини тамомлаган болаларга уларнинг ривожланиш харитаси асосида бир йиллик мактабгача тайёргарликдан ўтганлиги тўғрисида электрон сертификат бериш.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
• давлат олий таълим ташкилотларида "Мактабгача таълим" йўналишида дуал таълим шакли жорий этилади;
• "Мактабгача таълим" йўналиши бўйича сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда ҳар йили камида 200 та мақсадли қабул квоталари ажратилади;
• мазкур мақсадли қабул квоталари бўйича ажратиладиган жойларга мактабгача таълим йўналишида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган педагог кадрлар табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Давлат олий таълим муассасаларига ўзларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бўш ер участкаларида давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этишга рухсат берилди.
Мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш мақсадида:
• 2018-2022 йилларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш учун Давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш муддати 5 йилга узайтирилади;
• 2024 йил 1 октябрдан бошлаб бир вақтнинг ўзида бир нечта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсдан ижтимоий солиқ суммаси унинг битта (асосий) иш жойи бўйича тўланади.
Фармон билан 2024-2025 йилларда мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ҳужжат билан Президентнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек, уларнинг айримлари ўз кучини йўқотган деб топилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.10.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова