Вазирлар Маҳкамасининг 04.09.2026 йилдаги 463-сон қарори билан "Энг инновацион ғоя" республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Президентнинг 11.02.2026 йилдаги "Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-59-сон қарорига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 20 ноябргача стартап лойиҳасига айлантириш учун юқори салоҳиятга эга ғояларни аниқлаш бўйича "Энг инновацион ғоя" республика танлови ўтказилади.
Танлов давлат олий таълим муассасаларида ташкил этилади ва биринчи босқич ғолибларига олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 100 млн сўм миқдорида грант берилади.
Республика босқичи 10 та йўналиш бўйича ўтказилади:
• Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект;
• Молиявий технологиялар;
• Қишлоқ хўжалиги технологиялари;
• Киберхавфсизлик
• Соғлиқни сақлаш;
• Фармацевтика;
• Мудофаа ва хавфсизлик;
• Энергияни тежаш;
• Сув ресурсларини бошқариш технологиялари;
• Таълим ва фан.
Мукофот жамғармаси Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 10 млрд сўм миқдорида белгиланади. Республика танлови ғолиблари хорижий давлатларга ҳам инкубация, акселерация ва стажировка дастурларида иштирок этиш учун юборилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



