04.11.2025 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 691-сонли қарори билан 2025–2026 йилларда мамлакатимизда қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ҳужжат тарихий адолатни тиклаш, қатағон қилинган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг тақдири ва ҳиссасини келгуси авлодларга етказиш ҳамда маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларини кенгайтиришга қаратилган.
Дастур доирасида ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасида Сиёсий қатағон қурбонлари хотираси ҳафталиги ўтказилиши, республика даражасида илмий-амалий конференциялар ташкил этилиши ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Мактаб ва олий таълим муассасаларида «Келажак соати» ва «Маърифат дарслари» мавзусида дарслар, «Юрт ва миллат фидоийлари ёддан чиқмаслар» шиори остида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилади. Шунингдек, ўқувчи ва талабалар учун қатағон қурбонлари хотираси музейларига ва Тошкент шаҳридаги Қатағон қурбонлари хотираси майдонига мунтазам экскурсиялар ўтказиш режалаштирилган.
Ёшлар ишлари агентлигига қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолияти ҳақида аудиовизуал маҳсулотлар ва подкастлар тайёрлаш, уларнинг меросини ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида телевидение ва ижтимоий тармоқларда танловлар ва лойиҳалар ташкил этиш топширилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги қатағон қурбонлари тақдирларига бағишланган голограммали кўргазмалар ташкил қилади. Шунингдек, уларнинг туғилиб ўсган маҳаллаларида ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотларни ўз ичига олган «Хотира лавҳалари» ўрнатилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 05.11.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова



