Вазирлар Маҳкамасининг 13.08.2026 йилдаги 440-сон қарори билан 1941–1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган шахсларга транспортдан имтиёзли фойдаланиш тартиби тасдиқланди.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб уруш ногиронлари ва иштирокчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган фуқаролар ҳаво йўловчи транспорти, темир йўл ва шаҳарлараро автобус транспортидан бепул ёки 50 фоиз чегирма асосида фойдаланишлари мумкин.
Имтиёзли чипталарни «Uzbekistan Airways» АЖ ва бошқа резидент авиакомпаниялар, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг ваколатли бўлинмалари, шунингдек автовокзаллар ва автостанциялар тақдим этади.
Имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими орқали тасдиқланади. Шунингдек, Агентлик чипталар харажатларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплайди.
Чипта олиш учун фақатгина шахсни тасдиқловчи ҳужжатни (ID-карта ёки биометрик паспорт) тақдим этиш лозим.
Авиарейслар учун тежамкор «эконом» тоифасидаги чипталар берилади. Поездларда сафар қилишда имтиёз эгалари тежамкор «эконом», плацкарт ёки купе вагонларидан жой танлашлари мумкин.
2027 йил 1 январдан бошлаб Baraka ижтимоий картаси мобиль иловаси орқали самолётлар, поездлар ва шаҳарлараро автобусларга бепул ёки имтиёзли чипталарни харид қилиш мумкин бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 13.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




