Саноат зоналарини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди Вазирлар Маҳкамасининг 19.12.2025 йилдаги 802-сон қарори билан саноат зоналарини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар саноат зоналари дирекцияларининг саноат зоналари иштирокчиларига хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни жойлаштириш мақсадида тайёр бино ва иншоотлар қурилишида ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи билан улушли иштирок этиш (саноат ипотекаси) тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Саноат зоналари дирекциялари томонидан ер участкаларига ижара ҳуқуқи билан биргаликда эгалик қилишни расмийлаштиришнинг мазкур тартиби қиймати 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлган лойиҳаларга нисбатан қўлланилади.
Низом қуйидаги тартибларни белгилайди:
- акциядорлик капиталини ташкил этиш ва бошқариш;
- тайёр бино ва иншоотлар қурилишини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларни танлаб олиш;
- томонларнинг мажбуриятларни қабул қилиши;
- акциядорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Хўжалик жамиятининг устав фондига киритиладиган ер участкаси давлат реестрида дирекциянинг мулки сифатида рўйхатдан ўтказилиши керак. Бунда дирекциянинг хўжалик жамияти устав фондидаги ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қиймати шаклидаги улуши 49 фоиздан ошмаслиги керак.
Хўжалик жамиятининг устав фондидаги иштирокчиларнинг биргаликдаги фаолияти шартлари инвестиция битимида белгилаб қўйилиши керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



