Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Судлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар қандай қўлланилади

31.12.2020

Рус тилида ўқиш

Олий суд Пленумининг 19.12.2020 йилдаги «Cудлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 35-сон қарори қабул қилинди.

 

Мазкур қарор янги ФПК амалга киритилиши муносабати билан қабул қилинди.

 

Судларга фуқаролик иши бўйича далилларни қуйидагилардан олиниши мумкинлиги тушунтирилади:

  • тарафлар ва учинчи шахслар тушунтиришларидан;
  • гувоҳлар кўрсатувларидан;
  • ёзма ва ашёвий далиллардан;
  • экспертлар хулосаларидан;
  • аудио- ва видеоёзувлардан;
  • мутахассислар маслаҳатларидан (тушунтиришларидан).

 

Тарафлар, учинчи шахслар ва улар вакилларининг тушунтиришлари оғзаки тарзда ҳам, ёзма кўринишда ҳам берилиши, шунингдек видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш йўли билан олиниши мумкин.

 

Судлар томонидан қуйидагилар гувоҳ бўла олмаслиги назарда тутилиши лозим:

  • фуқаролик иши бўйича вакил ёки жиноят иши бўйича ҳимоячи сифатида қатнашган шахс – вакил ёки ҳимоячи вазифасини бажарганлиги муносабати билан унга маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида;
  • жисмоний ва руҳий нуқсонлари сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар тўғрисида тўғри кўрсатувлар беришга лаёқатсиз шахс.

 

Шу билан бирга ишда иштирок этувчи шахсларга нисбатан қариндошлиги, хизмат бўйича ёки бошқа қарамлиги ёхуд шахсий адовати борлиги шахснинг ишда гувоҳ сифатида қатнашишига тўсқинлик қилмайди.

 

Тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар илтимосига ёки суднинг ташаббусига кўра, ишни кўраётган суд жойлашган жойдан бошқа ерда яшовчи гувоҳлар суд топшириғи тартибида ёки видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланиш орқали сўроқ қилинишлари мумкин.

 

Судларга иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган рақамли, график ёзув шаклида бажарилган, шу жумладан факс, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш имконини берадиган ўзга усулда олинган ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллар ҳисобланиши тушунтирилади. Бир қатор ҳужжатлар (ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган гувоҳномалар, нотариал ҳужжатлар, векселлар) белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда (муайян ҳимоя даражасига эга бўлган махсус бланкалар, муҳр, штамплар) суд томонидан ёзма далиллар сифатида қабул қилиниши мумкин эмас. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган чет давлатда олинган ҳужжатлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда легализация қилинган ҳоллардагина суд томонидан ёзма далил деб тан олиниши мумкин ва уларга умумий асосларда баҳо берилади.

 

Процессуал қонун талабларига мувофиқ, далилларни тақдим этиш ва исботлаш мажбурияти тарафларга юклатилган. Шу билан бирга судлар назарда тутишлари лозимки, қонунда далилларни тақдим этиш мажбуриятини тақсимлашга оид умумий қоидалардан ташқари, айрим тоифадаги ишлар учун махсус қоидалар ҳам белгиланган. Жумладан, МКнинг 111-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаш масъулияти иш берувчига юклатилади, зарар етказишда айби йўқлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш мажбурияти эса ФКнинг 985-моддасига мувофиқ жавобгарга юклатилади.

 

Судларнинг эътибори иш учун аҳамиятга эга бўлган, лекин суд томонидан ҳаммага маълум деб топилган ҳолатлар исботлашни талаб этмаслигига қаратилади. Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми устидан ҳукм чиқарилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларига оид ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилган-этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилганлиги-этилмаганлиги масалалари бўйича мажбурийдир. Ҳал қилув қарорида, ҳукмга ҳавола қилинишидан ташқари, тарафлар томонидан тақдим этилган ва суд томонидан тўпланган ҳамда даъво мазмуни бўйича хулосага келишда суд асосланган далиллар кўрсатилиши лозим. Етказилган зарар миқдорига доир ҳолатлар умумий асосларда исботланиши лозим.

 

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, бир тараф томонидан бошқа тараф ўз талаб ёки эътирозларини асослаётган фактларнинг тан олиниши, фактлари тан олинган тарафни бу фактларни исботлаш мажбуриятидан озод қилади. Шу билан бирга, агар бундай фактларга нисбатан судда шубҳа пайдо бўлса, улар умумий асосларда исботланиши лозим (ФПК 81-м.).

 

Процессуал қонун талабларига мувофиқ, фуқаролик ишлари бўйича исботлаш далиллар алоқадорлиги ва мақбуллиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим. Шунга кўра, судлар барча ҳолларда, айнан қайси ҳолатлар иш бўйича аҳамиятга эга эканлигини ва гувоҳлар кўрсатувлари, ёзма ёки ашёвий далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлаб олишлари лозим. Шунингдек далилларни тақдим этиш тарафларга юклатилганлиги туфайли, далилларни тақдим этиш улар учун қийинчилик туғдирган ҳолларда, суд уларнинг илтимосига кўра далиллар тўплашда кўмаклашиши лозим.

 

Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан судга тақдим этилган, иш учун аҳамиятга эга бўлган маълумотларни ўзида сақлаган аудио- ёки видеоёзувлар, электрон почта ёки бошқа ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ёзишмалар суд томонидан бошқа далиллар мажмуида баҳоланиши лозим. Аудио- ёки видеоёзувни тақдим этган шахс, ёзув қачон, ким томонидан ва қандай шароитларда амалга оширилганлигини кўрсатиши шарт, мазкур ёзувни амалга оширган шахс эса, зарурат вужудга келганда, суд мажлисида сўроқ қилиниши мумкин. Кузатув камералари видеоёзувлари, бундай ёзувлар амалдаги қонун ҳужжатларини бузмаган ҳолда амалга оширилгандагина, мақбул далиллар ҳисобланади.

 

Судларга эксперт хулосасидан, агар у ФПК талабларига қатъий мувофиқ ҳолда тайинланган ва ўтказилган суд экспертизаси натижаси бўйича тузилган бўлса, мустақил исботлаш воситаси тури сифатида фойдаланилиши мумкинлиги тушунтирилади. Процессуал қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда олинган ҳар қандай бошқа хулосалар исботлаш воситаси сифатида фойдаланилиши мумкин эмас, қонунда белгиланган тартибда олинган эксперт хулосалари бундан мустасно.

 

Суд иш бўйича қарор қабул қилишда суд муҳокамаси даврида текширилмаган далилларга ҳавола қилишга ҳақли эмас. Судларнинг эътибори қонунда шахсий ёзишмалар, телеграф ва бошқа хабарларни очиқ суд мажлисида эшиттириш йўли билан текширишга, фақат шу ёзишма, телеграф ва бошқа хабарларни ўзаро ёзишган шахслар розилиги билан йўл қуйилиши мумкинлигини назарда тутувчи махсус қоидалар белгиланганлигига қаратилади.

 

Судларнинг эътибори ФПКнинг 80-моддаси 4-қисмига мувофиқ, ҳеч бир далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмаслигига қаратилади. Далил, агар у ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлса, суд томонидан қабул қилинади, ёки, агар уларга мувофиқ бўлмаса, рад қилинади. Бирор-бир далилни унинг ишончсизлиги сабабли рад этганда, суд шу масала бўйича ўз нуқтаи назарини асослаши шарт. Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси ҳам суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас ва иш бўйича бошқа далиллар мажмуида баҳоланиши лозим. Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси билан келишмаса, суд ўзининг келишмаслиги сабабларини суд ҳужжатида асослаши шарт.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган.

 

 Сиразиева Эльмира.


Валюталар курси

2024-04-18
  • USD:12694.96 (+0.00) сум
  • EUR:13508.71 (+0.00) сум
  • RUB:134.66 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16