22.06.2026 йилдаги ЎРҚ-1154-сон Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонунни ишлаб чиқиш зарурати "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги Қонун қоидаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида мавжуд ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини уйғунлаштириш билан боғлиқ.
Бундан ташқари, электрон тижорат соҳасидаги субъектлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги тартибга солишни кучайтириш ҳамда фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида самарали давлат назоратини таъминлаш лозим.
Қонун билан қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
• суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ваколатли давлат органининг назорат функцияларини кенгайтириш;
• суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солиш;
• электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаганлиги ёки тугатганлиги тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш тартибини жорий этиш;
• электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида ваколатли органни хабардор қилмаганлик учун жавобгарликни белгилаш.
Асосий ўзгартиришлар Фуқаролик кодекси, "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Қонун, "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги Қонун ва бошқаларга тааллуқли бўлди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.06.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




