Президентнинг 04.10.2025 йилдаги "Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-178-сон Фармони қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2025 йилдаги 425-сон қарори билан 2025-2026 йилларда вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати тасдиқланган эди.
Президентнинг 26.06.2025 йилдаги ПФ-105-сон Фармонига мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида соҳани рақамлаштириш ҳисобига 1 080 та бошқарув штат бирлиги қисқартирилади.
Бундан ташқари, Президентнинг 14.07.2025 йилдаги ПФ-111-сон Фармонига кўра Ҳукумат ижро аппарати ва ижро этувчи органларнинг штат тузилмалари қайта кўриб чиқилади ва мақбуллаштирилади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органларига қуйидагилар топширилди:
- соҳага оид бўлмаган вазифаларни қисқартириш ва фаолиятга рақамли технологияларни жорий этиш;
- маълумотларни қайта ишлаш ва сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилма яратиш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш;
- аҳолининг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш.
Ҳужжат билан қуйидагиларнинг мақбуллаштириладиган сони тасдиқланди:
- 2025 йил 1 ноябрдан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бошқарув штат бирликлари;
- қўмита, агентлик ва инспекцияларда раҳбар ўринбосарлари штат бирликлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




