Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Техник кўрикдан ўтказиш учун янги тарифлар 2018 йил 15 январгача жорий этилади

28.12.2017

 

Вазирлар Маҳкамасининг 22.12.2017 йилдаги 1010-сонТранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 11.07.2017 йилдаги ПҚ-3127-сон қарори билан 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишни юридик шахслар - тадбиркорлик субъектларига босқичма-босқич ўтказиш кўзда тутилган. Ҳозирги пайтда бу функцияни ИИВнинг  Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда – ДЙҲХХ) бўлинмалари бажаради.

 

Ҳужжатга кўра юридик шахслар – тадбиркорлик субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

  • 2018 йил 1 январдан бошлаб - транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш;
  • 2019 йил 1 январдан бошлаб – бевосита мажбурий техник кўрикдан ўтказиш.

 

Бу – муҳим! 2018 йил 15 январгача  бўлган муддатда (тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича – бир ой муддатда) техник кўрикдан ўтказиш учун транспорт воситасининг тоифасини ҳисобга олиб ҳамда юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида табақалаштирилган тўлов  ставкалари миқдорлари жорий этилади.

 

Транспорт тоифаси - фақат  М1

 

Шу тариқа, келаси йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш:

  • ДЙҲХХнинг диагностика станциялари;
  • вазирликлар ва идораларнинг, бошқа ташкилотларнинг, шунингдек, хусусий техник хизмат кўрсатиш станциялари (ТХС);
  • тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар томонидан ўтказилиши мумкин.

 

Айнан қаерга мурожаат қилишни авто эгаларининг ўзлари ҳал қилади. Бунда хусусий ташкилотлар фақат йўловчилар ташиш учун мўлжалланган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўтириш учун 8 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга Ml тоифадаги транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиши мумкин.

 

Хизматлар кўрсатиш учун Ўзстандарт хулосаси зарур

 

ДЙҲХХнинг диагностика станциялари, ТХС ва хусусий ташкилотлар фақат Ўзстандарт томонидан аккредитациядан ўтказилган, тегишли технологик жиҳозлар билан таъминланган ишлаб чиқариш-техник базасига эга бўлган тақдирда жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларининг техник ҳолатини текширишни ўтказишлари мумкин. Унинг мувофиқлиги мезонлари қарорда кўрсатилган.

 

Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлагунга қадар тегишли ҳудудий ЙҲХБларини барча яратилган шароитларнинг мувофиқлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилишлари керак. Хатга қуйидагиларнинг нусхаси илова қилинади:

  • устав;
  • Ўзстандартнинг ишлаб чиқариш-техник базаси аккредитациядан ўтказилганлиги ҳақидаги хулосаси;
  • “Саноатгеоконтехназорат” ДИнинг автотранспорт воситаларига ўрнатиладиган баллонларни техник текшириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси.

 

Ҳудудий ЙҲХБ хат қабул қилинган санадан бошлаб 3 иш куни ичида  уни ўрганиб чиқади ва барча талабларга мувофиқ бўлган тақдирда тадбиркорни махсус ҳисобни юритиш реестрига киритади. ЙҲХББ тадбиркор хабардор қилинган пайтдан бошлаб 2 иш куни ичида уни ўз расмий веб-сайтига жойлаштириладиган реестрга киритади.

 

Рўйхатдан ўтказиш ҳудуди аҳамиятга эга

 

Техник ҳолатини текширишнинг мажбурий шарти – тадбиркорлик субъекти ёки унинг филиали ва автони рўйхатдан ўтказиш жойи бир ҳудудда бўлиши керак. Агар хизмат кўрсатиш ҳудудида бундай хизматлар кўрсатадиган бир нечта субъектлар бўлса, кимга мурожаат қилишни транспорт эгасининг ўзи ҳал қилади.

 

Текшириш натижалари бўйича хусусий ташкилот машина эгасига маълумотнома беради. Унинг асосида техник кўрикдан ўтказиш натижалари ДЙҲХХ органларида расмийлаштирилади.

 

Техник кўрик – энди рўйхатдан ўтказишда ҳам

 

Энди автотранспорт воситалари уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказишда илгари белгиланган навбатдаги техник кўрикдан ўтказиш муддатларидан қатъи назар техник кўрикдан ўтказилиши лозим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 26.12.2017 йилда кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

  

Ленара Хикматова.



 

Валюталар курси

2018-12-11
  • USD:8312.64 (--2.21) сум
  • EUR:9456.46 (+48.21) сум
  • RUB:125.22 (+1.37) сум