Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Топ-100 энг яхши иш берувчилар ОАВда эълон қилинади

08.01.2018

 

Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2017 йилдаги 1036-сон “Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларни ижтимоий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тасдиқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, ушбу қарор лойиҳасини олдинги шарҳларимиздан бирида ёритганмиз.

 

2018 йилдан бошлаб иш берувчилар учун «Ижтимоий масъулият ва самарадорлик» умумий номи остида рейтинг тизими ва танловлар жорий этилади. Уларнинг доирасида янги иш ўринларини фаол ташкил этаётган, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаётган иш берувчилар рағбатлантирилади.

 

Бироқ ҳужжатнинг тасдиқланган таҳрири лойиҳага қараганда айрим ўзгартиришларга юз тутди.

 

Жорий этилаётган «Ижтимоий масъулият ва самарадорлик» рейтинг тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш Меҳнат вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва ССПнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

Лойиҳа билан таклиф этилган республика танловининг 5 та номинацияси 4 тага ўзгартирилди:

  • «Иш ўринларини ташкил этгани ва аҳолини ишга жойлаштиришни ривожлантиргани учун»;
  • «Меҳнатни самарали муҳофаза қилгани ва ишлаб чиқаришда хавфсиз меҳнат шароитларини яратгани учун»;
  • «Ижтимоий шерикликни ривожлантиргани учун»;
  • «Ташкилотда ёшларга оид фаол сиёсатни амалга оширгани учун».

 

Рейтингга киришни хоҳлайсизми – буюртманома беринг

 

Рейтинг ҳар йили тузилади, календарь йил уни аниқлаш учун ҳисобот даври ҳисобланади. Иш берувчилар рейтингини тузиш методикаси 2 ой муддатда тасдиқланади.

 

Бу – муҳим! Рейтингда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, Ўзбекистонда турли фаолият соҳаларида фаолият юритаётган иш берувчилар иштирок этишлари мумкин.

 

Иштирок этиш учун 15 августгача Меҳнат вазирлигига ҳужжатлар пакетини тақдим этиш зарур:

  • рейтингда иштирок этиш учун буюртманома;
  • белгиланган шакл бўйича ҳисобот давридаги ва олдинги йилнинг шу давридаги ўз фаолияти кўрсаткичлари тўғрисида ахборот;
  • иш берувчининг ижтимоий масъулияти амалиётини тасдиқловчи мавжуд ижтимоий дастурлар тўғрисида маълумотнома ёки бошқа ахборот (жамоа шартномалари, ахборот буклетлари, фотосуратлар ва бошқа материаллар);
  • иш берувчининг ўз фаолияти кўрсаткичлари тўғрисидаги статистик ахборотни ошкор этишга расмий розилиги.

 

Ҳужжатлар қоғоз ва электрон шаклда тақдим этилади.

 

Эксперт комиссияси ғолибларни аниқлайди

 

Ҳар йили камида 7 кишидан иборат таркибда тузиладиган эксперт комиссияси рейтинг якунларини сарҳисоб қилиш билан шуғулланади. Унинг таркибига Давлат статистика қўмитаси, ССП, касаба уюшмалари Федерацияси ва Ёшлар иттифоқи вакиллари, шунингдек, бошқа вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари вакиллари киритилади.

 

Ҳар бир иш берувчи бўйича рейтинг якунлари фаолиятнинг ҳар бир кўрсаткичи бўйича тўпланган баллар сонини жамлаш йўли билан ҳар йили 1 октябргача сарҳисоб қилинади. Иш берувчиларнинг ҳар бир гуруҳи бўйича 1-6-ўринларни эгаллаган ғолиблар аниқланади. Улар фахрий сертификатлар билан тақдирланади.

 

Танловларнинг бориши Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан кенг ёритилади. Уларнинг иштирокчилари ва ғолиблари тўғрисидаги материаллар республика ҳамда маҳаллий ОАВда, шу жумладан электрон ОАВда жойлаштирилади. Шунингдек, энг яхши ташкилотларнинг «ТОП-100» рейтинги ОАВда эълон қилинади.

 

«Ижтимоий масъулият ва самарадорлик» республика танлови ва ҳудудий танловлар тўғрисидаги низомлар бир ой муддатда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди ва 5.01.2018 йилда кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.     

                                                                                                       

Ленара Хикматова.



 

Валюталар курси

2018-12-04
  • USD:8314.85 (+15.65) сум
  • EUR:9408.25 (--3.04) сум
  • RUB:123.85 (--1.54) сум