15.11.2024 й. ЎРҚ-998-сонли Қонун билан "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги Қонунга (04.06.2021 й. ЎРҚ-692-сон) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзгартишларда Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид оммавий чақириқлар ёки ҳаракатлар содир этган, давлатлараро, миллий, диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати, тарихини обрўсизлантирувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни "Ўзбекистон Республикасида бўлиши мақбул эмас деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Рўйхати"га (кейинги ўринларда – Рўйхат) киритиш назарда тутилган.
Хусусан, Қонуннинг 351-моддасида белгиланган тартибда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни мамлакатдан маъмурий тартибда чиқариб юбориш ёхуд депортация қилиш жорий этилмоқда.
Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Рўйхатга киритиш Қонунчилик палатаси Кенгаши, Олий Мажлис Сенати Кенгаши, махсус ваколатли давлат органларининг тақдимномаси асосида амалга оширилади.
Рўйхат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади.
Рўйхатга киритилган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон ҳудудига кириши рухсат этилмайди. Унга шунингдек банк ҳисобварақлари очиш, Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли мол-мулкни бегоналаштириш бундан мустасно, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади.
Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатда туриш муддати беш йилни ташкил этади ва ушбу муддат давомида уни Рўйхатга киритиш учун тегишли асослар бартараф этилмаган тақдирда, Рўйхатда туриш муддати беш йилга узайтирилади.
Ташқи ишлар вазирлиги уч иш куни ичида чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни (унинг қонуний вакилини) белгиланган тартибда бевосита ёки дипломатик каналлар орқали Рўйхатга киритилганлиги тўғрисида хабардор қилади.
Чет эл фуқароси Рўйхатга киритилганлиги тўғрисида хабарнома олган кундан бошлаб 10 кун ичида мамлакатдан ихтиёрий равишда чиқиб кетиши керак. Агар у ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, депортация қилинади.
Депортация деганда Рўйхатга киритилган ва Ўзбекистон Республикасида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқи бекор қилинган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни мамлакатдан мажбурий тартибда чиқариб юбориш тушунилади.
Депортация ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.11.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова