12.08.2025 йилда Президентнинг ПҚ–247-сонли «Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, солиқ солиш базасини кенгайтириш, жисмоний шахсларни қонуний тадбиркорликка рағбатлантириш ҳамда давлат органлари ва молиявий ташкилотлар билан ўзаро алоқаларини рақамлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатнинг асосий йўналишлари:
1. Махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. 2030 йил 31 декабргача мамлакатда махсус ҳуқуқий режим амалиётга тадбиқ этилади. У қуйидагиларни назарда тутади:
- давлат ва молиявий хизматларни тўлиқ онлайн олиш;
- автоматик рўйхатдан ўтиш, солиқ тўлаш ва ҳисобот тақдим этиш;
- банк ва тўлов тизимлари билан интеграция;
- биометрик идентификация ва СМС орқали тасдиқланган ҳужжатларнинг юридик кучга эга бўлиши.
Бу режим якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга тааллуқли.
2. Рақамли платформалар яратилади. Умумий функционалга эга рақамли платформалар яратилади. Улар орқали қуйидагилар амалга оширилади:
- ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказиш;
- бухгалтерия ва солиқ ҳисоби;
- тўловлар, электрон ҳамёнлар орқали ҳисоб-китоблар;
- солиқ органлари билан ўзаро алоқа;
- операцияларни реал вақтда фискаллаштириш;
- чеклар, QR-кодлар, «tap to pay» каби нақд пулсиз тўлов воситаларини шакллантириш.
Платформалар солиқ органлари ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинади. Фақат махсус солиқ режимларини қўлламайдиган ва Технопарк резиденти бўлмаган тўлов ташкилотларигагина уларни яратиш ва хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.
3. Электрон ҳамён — тўлиқ молиявий восита сифатида. Рақамли платформа орқали очилган электрон ҳамён банк ҳисоб рақамига тенглаштирилади ва қуйидагилар учун фойдаланилиши мумкин:
- даромадларни қабул қилиш;
- ходимлар ва таъминловчилар билан ҳисоб-китоб қилиш;
- солиқ ва мажбурий тўловларни амалга ошириш.
Шу билан бирга, анъанавий банк ҳисоб рақами очиш ихтиёрий ҳисобланади.
4. Ҳужжат айланмаси соддалаштирилади. 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб рақамли платформалар орқали қуйидагилар амалга оширилади:
- биометрик тасдиқ орқали ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказиш;
- ЭРИсиз ҳужжатларни имзолаш;
- тўлиқ рақамли ҳужжат айланмаси ва молиявий айланма.
5. Янги меҳнат муносабатлари формати. Пилот тартибида «шу куннинг ўзида» иш ҳақини тўлаш механизми жорий этилади:
- электрон меҳнат шартномалари;
- солиқ органлари билан тўғридан-тўғри интеграция;
- ҳисоб-китобларда электрон ҳамёнлардан фойдаланиш.
Бу тизим иш ҳақи тўловларининг ошкоралиги ва енгиллигини оширади, бироқ меҳнат қонунчилигига риоя қилишни истисно қилмайди.
6. Янги солиқ қоидалари. 2026 йил 1 январдан бошлаб:
- ЯТТ учун жисмоний шахслар даромадига бўлган солиқнинг белгиланган ставкаси бекор қилинади;
- даромади 100 млн сўмдан кам бўлган ўзини ўзи банд қилганлар учун товар айланмасидан солиқдан озод этиш бекор қилинади;
- ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлса, 1%ли ягона солиқ ставкаси жорий этилади;
- агар айланма белгиланган чегарадан ошса ёки рақамли платформалардан ташқарида фаолият юритилса, умумий солиқ режимидан фойдаланилади.
Шунингдек, тўлов ташкилотлари ўз фойдаланувчилари учун ҳисобот шакллантириш ва тақдим этиш учун жавобгарликка эга бўлади.
7. Мажбурий QR-код ва нақд пулсиз тўловлар. 2026 йил 1 январдан бошлаб:
- барча ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар рақамли платформа орқали яратилган махсус QR-кодга эга бўлиши шарт;
- QR-код мавжуд бўлмаслиги касса интизоми бузилиши сифатида баҳоланади;
- рақамли платформалар орқали берилган чеклар бўйича 1% қайтариш амалиёти қўлланилмайди;
- пул айланмаси бўйича маълумотлар кредит бюроларига узатилади ва кредит беришда ҳисобга олинади.
8. Истиснолар. Такси, етказиб бериш ва шунга ўхшаш агрегаторлар орқали хизмат кўрсатаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга рақамли платформалар, электрон ҳамёнлар ва QR-кодлар бўйича талаблар татбиқ этилмайди. Агар ушбу агрегатор платформалар солиқ органлари билан интеграция қилинган бўлса.
9. Амалга ошириш чора-тадбирлари. Қарорда қуйидагилар назарда тутилган:
- «Электрон ҳукумат» тизимини рақамли платформаларга интеграция қилиш;
- соддалаштирилган солиқ ҳисобот шаклини ишлаб чиқиш;
- кенг қамровли тушунтириш ишлари ва QR-кодларни жорий этиш;
- Савдо-саноат палатаси ва Кичик бизнес уюшмасининг кўмаги.
Марказий банк рақамли платформалар учун электрон пул чиқарилиши ва муомалага чиқарилишини таъминлаши шарт. Бу жараён шахсий маълумотлар ҳимояси ва банкларнинг эмитент сифатида иштирокини назарда тутади.
Дастур 2030 йилгача бўлган даврни қамраб олади. Асосий босқичлар:
- 2025 йил ноябрь – биометрик рўйхатдан ўтишни ишга тушириш;
- 2025 йил декабрь – барча платформалар ва тизимларнинг тўлиқ интеграцияси;
- 2026 йил январь – янги солиқ режими ва мажбурий QR-кодга ўтиш.
Дастурнинг мақсади – ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар иштирокида ошкора, рақамлаштирилган ва самарали микротадбиркорлик тизимини яратиш, солиқ интизомини ошириш, молияга кириш имкониятини кенгайтириш ва юз минглаб фуқаролар учун бизнес юритишни осонлаштириш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.08.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова



