Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 22.02.2018 йилда 2090-17-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қабул қилинган ҳужжатда нотариус томонидан кўчмас мулк ва автотранспорт воситасига нисбатан закалат тўғрисидаги келишувлар тасдиқланганда, уларнинг бошқа шахсларга ўтказилишига тақиқ қўйилиши белгиланган. Бу ҳақдаги маълумотлар «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.
Келишувда кўрсатилган мажбурият бажарилганда ёки ушбу келишувни бекор қилиш ҳақида қўшимча келишув тасдиқланганда мазкур тақиқ муддатидан олдин бекор қилинади.
Ушбу чора «сотувчи» бирваракайига бир қанча фуқародан закалат олиб, кейин турли баҳоналар билан пулни қайтаришдан бош тортадиган ҳаётда учраб турадиган фирибгарликдан харидорларни эҳтиёт қилиш имконини беради. Шунингдек пуллар икки баравар миқдорда қайтарилмайдиган ҳоллар ҳам учраб туради.
Қайд этиш керакки, ФКнинг 312-моддасига кўра агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолади. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 22.02.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.