Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Дангаса ходим билан қандай ишлаш керак?

31.03.2017

Дангаса, ҳеч қандай ташаббус кўрсатмайдиган, ҳаракатлари суст ходим компаниянинг барча ходимларининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳам раҳбарлар бундай ҳолатнинг олдини олиш учун дарҳол профилактик чораларга киришиб кетишади.

Дангаса ходимларнинг турлари

 

1. Аммо ҳар доим ҳам ходимнинг ташаббуссизлиги унинг табиатан дангасалиги билан боғлиқ бўлавермайди. Ҳатто энг яхши ходимлар вақти-вақти билан ички энергиясининг сустлашишидан азият чекиши мумкин. Бу соғлик, шахсий ҳаётдаги муаммолар, стресс ёки оддий тўйиб ухламаслик сабаб содир бўлади.

 

2. Одам ўз табиатига кўра доим бирор иш билан машғул бўлиши керак. Унинг табиати шунақа. Биз дангасалик, бекорчилик деб атаганимизнинг замирида ҳам бирор ҳаракат мавжуд бўлади. Масалан, у хонадан бу хонага чопиб, доим ҳовлиқиб юрадиган ходимлар бор. Столи қачон қарасанг қоғозлар билан тўлиб-тошган. Кун якунланганида жуда чарчайди, аммо қилган ишининг тайини йўқ...

 

3. Яна лапанглаб юраверадиган ходимлар бор. Ўз ишини чой ёки кофени аста симириб, ходимлар билан суҳбат қуришдан бошлайди. Кейин албатта дунёдаги янгиликларни ўқиб чиқади, почтасини титади. Орада сигарета тутатиб олишни ҳам унутмайди. Кейин бир пасда тушлик вақти ҳам етиб келади. Шундан кейин бироз мизғиб олиб, орада бирор фойдали иш қилишга уннаб кўришади.

 

4. Ходимлар самарадорлиги сусайишининг яна бир сабаби ходимларни бошқаришда ўта бюрократик ёндашув бўлиши мумкин. Ҳар бир босган қадамини ҳисоботлар, аризалар тушунтириш хатларида акс эттиришга мажбур бўлган ходимнинг ташаббускорлик билан ишлашга бўлган ҳар қандай иштиёқи сўнади.

 

5. Буларнинг орасида энг хавфлиси раҳбарнинг ходимга нисбатан менсимай, илтифотсизларча муомалада бўлиши сабаб юзага келадиган дангасаликдир. Ходимнинг шахсияти ва унинг бажараётган ишига бўлган бундай муносабат одамнинг нафақат такомиллашишига ҳалал беради, балки кундалик ишларини бажаришган бўлган иштиёқини ҳам сўндиради. Ҳатто истиқболли кадрлар ҳам ишининг доим танқид билан қабул қилинишидан чўчиб турадиган бўлишади. Натижада компанияда иш унмайди.

 

Ходимга тўғри муносабат зўрлик ва ёғламачилик қилишдангина иборат эмас. Раҳбар ўз ишчиларида иштиёқ, шижоат, қизиқиш уйғота олиши, ўзига бўлган ишончини ошириши, руҳий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаши зарур.

 

Қатъий чоралар зарурми?

 

Одатда дангаса ходимларни “жойидан силжитиш” учун раҳбарлар дарҳол “адабини бериб қўйишга” киришишини юқорида айтиб ўтдик. Аммо ўта қатиққўллик қилиш ижобий натижа берармикин?

 

Агар иш берувчи бино ичида чекишни тақиқлаб қўйса, улар кўчага зир-зир қатнаш одатини кўпайтиришади. Ижтимоий тармоқларнинг бирига тақиқ қўйсангиз, бошқасидан фойдаланишади. Ҳаммасини беркитсангиз, ўзлари билан гаджетларни кўтариб, ишга кела бошлашади. Нигоҳлар ва бутун диққат-эътиборлари компьютерда эмас, ўша ўзлари билан олиб келган “ўйинчоқ”да бўлади.

 

Буларни сезган раҳбарият беҳафсала ходимларни тартибга келтириб қўйишга уриниб, йиғилишлар, мажлислар, “летучкалар” ўтказиб, дўқ-пўписа қилади, танбеҳ беради, сўкади, койийди, ўта “қулоқсизлар”ни эса ўртага чиқариб шарманда қилишга уринади. Талабларни оширади, вазифаларни бажариш муддатлари қисқартирилади, ходимлар зиммасидаги юк оширилади. Тақиқлар сони янада оширилади.

 

Шунда ҳам талаблари қондирилмаса, раҳбарият “тозалаш” ишлари олиб боришга киришади. Энди ёш, навқирон, куч-ғайрат ва шижоатга тўла, кўзларида ва оёғидан “ўт” чақнайдиган арзон ишчи кучларини тўплашга киришади. Аммо “янги”ларнинг эса эпсизлиги, тажрибасизлиги тез орада ўртага чиқади....

 

Иш берувчи яна тажрибали ходимларни излашга тушади, рекламага пул, вақт ва асаб сарфлаб, яна янги ишчиларни йиғади.

 

Тўғри ечим

 

Эртами-кеч қилаётган ишларининг бесамар кетаётганини англаб етган раҳбарият ахийри, ҳар бир ходимнинг ортидан тўлиқ кузатув олиб бориш керак экан, деган тўхтамга ҳақли келади. Чунки шундагина уларнинг ҳар бирига объектив баҳо бериш мумкин бўлади. Дангасаларни ажратиб олиш имкони туғилади.

 

Технологиялар замонида яшаяпмиз. Бирор кишининг кетидан кузатув ўрнатишдан осони йўқ. Компанияда ахборот технологияларнинг “тилини” яхши биладиган устаси фаранг ишласа, у раҳбариятга мос усулларни танлаб, ходимлар устидан бемалол кузатув ўрната олади.

 

Ташкилотнинг барча компьютерларини текшириб боришнинг энг оммалашган усули интернет орқали ходимларнинг компьютерларига уланиб, видео кузатув олиб боришдир. Ундан ташқари, кўп ташкилотларда ходимлар тўпланиб олиб, ялқовлик қилиши мумкин бўлган жойларга камералар ўрнатиш ҳам наф бериши мумкин. Камераларни ходимларнинг кўзи тушадиган жойга ўрнатиш фойдали. Шунда унинг кўринишиёқ фойдасиз суҳбатларга барҳам бериб, ишга киришишга ундайди.

 

Кузатув усуллари

 

  • Ходимларни назорат қилишнинг эски ва ҳамма билган усули — иш телефонларини эшитиш усулидир. Ҳозирда аксарият компанияларнинг call-марказларига қўнғироқ қилсангиз, хизматларни яхшилаш мақсадида суҳбат ёзиб олинишидан хабардор этишади. Ишхонадан бериладиган корпоратив сим-карталар қўнғироқларини ёзиб олиш осон. Аммо бошқа аппаратлар орқали сўзлашувларини ёзиб олишнинг ҳам иложиси бор. Бундай замонавий дастурларнинг энг оммабоплари – ShadowGuard.ru ҳамда USB-Recorder.

 

  • Ходимлар учун иш вақтида дам олишнинг энг хавфсиз усули — интернетда ўтириш. Компьютер пешонасида ўтириб олиб, “жонини жабборга бериб” ишлаётгандек туюлган ходимлар ўйин ўйнаётган, ижтимоий тармоқларда гап сотаётган ёки онлайн фильмларни томоша қилаётган бўлиши ҳеч гап эмас. Иш берувчига бу ерда корпоратив трафик назорати дастурлари ёрдамга келади. Улардан бири — TrafficInspector. Ушбу технология юкланаётган нарсалар, очилаётган саҳифаларни назоратга олиш имконини яратади.

 

  • Ундан ҳам ривожланган технологик воситалар мавжуд. Масалан, ходим ёки ҳамкорнинг компьютерига олисдан туриб уланиш имконини берувчи TeamViewer дастури. У дистанцион равишда техник компьютер кўмагини кўрсатиш, зарур дастурларни ўрнатиш, вирусларни даволаш ва хатоларни бартараф этиш, ўргатиш ва назорат қилиш имконини беради. Энг асосийси — олисдан компьютерга уланиш воситасида тармоқда ходимларнинг нима иш билан шуғулланаётганини бамайлихотир кузатиб борса бўлади.

 

Кўринишича, дунёни ишончсизлик омили ҳам ривожланиш сари етаклайди. Иш берувчини ҳам бу даражада синчков бўлишга, эгоистларча ёндашувда бўлишининг ўз сабаблари бор. Унинг бизнеси гуллаб-яшнаши бошқарувни қандай йўлга қўйишига боғлиқ. Ходим эса фақат ойликни ўз вақтида олиш, мукофот пули қўшиб беришлари ҳақида қайғуради холос. Ўз ходимларини тўғри назорат қилган раҳбар эса компаниянинг ривожланишини таъминлайди. Шунда ҳам қўл остидаги ишчилар, ҳам ҳамкорлар ҳамда мижозлар олдида ўз мажбуриятларини бажарган бўлади.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

 

Валюталар курси

2024-04-26
  • USD:12640.21 (+0.00) сум
  • EUR:13559.15 (+0.00) сум
  • RUB:137.02 (+0.00) сум