Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Уйни воситачисиз сотиш усуллари — маълумотномалар

23.08.2017

 

Аввалги материалларимизда уй олди-сотди жараёнини ҳужжатлаштириш хусусида сўз юритган эдик. Бу сафар ҳужжатлаштириш учун зарур бўлган маълумотномаларни тўплашдек мураккаб жараённинг ҳар бир босқичида юзага келадиган ҳолатларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

 

Демак, нотариал идора ходими сизга уй олди-сотди шартномасини тасдиқлатиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхатини бир парча қоғозга ёзиб, қўлингизга тутқазди. Рўйхатни олганингиздан кейин маълумотларни ўзингиз тўплайсизми ёки муайян тўлов эвазига сизга уларни йиғиб берадиган шахснинг номига ишончнома қилиб берасизми — шуни ҳал этишингиз керак. Ҳужжатларни тезда ўзим тўплаб олавераман-да, шуям иш бўпти-ю, деб ўйласангиз, адашасиз. Кўпгина хизматлар аста-секин электрон шаклга ўтиб, маълумотлар тўплаш жараёни электронлашиб бораётган бўлса-да, уй олди-сотдисини ҳужжатлаштириш борасида ҳозирча идорама-идора юриб, ҳужжат тўплашингизга тўғри келади. Биринчидан, жараён анчагина вақтингизни олади, йўлкира, таксига сарфланадиган пуллар билан бирга асабларингизни ҳам “ейди”. Барибир ўзингиз тўплашга қарор қилган бўлсангиз, қуйидаги маслаҳатлар асқатиши аниқ.

 

Ҳудудий кадастр бошқармасидан маълумотнома

 

Маълумотномани олиш учун кадастр бошқармасига:

  • кадастр ҳужжатининг асл нусхаси (уй режаси, олди-сотди (ҳадя) шартномаси ва турар жойнинг бошқа ҳужжатлари жамланган “китобча”);
  • уй эгасининг паспорти нусхаси ва асл нусхаси;
  • СТИР нусхаси (солиқ тўловчининг идентификация рақами) тақдим этилади.

 

Маълумотнома 3 календарь кун мобайнида берилади. У мутлақо бепул. Фақатгина идора вакили маълумотнома беришдан аввал уйингизга келиб, қоғоздагиларнинг ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини текшириб кетади. Агар уй тархини ўзбошимчалик билан ўзгартирган бўлсангиз (ерларни қўшиб олиш, қўшимча хоналарни қуриш, деворларни бузиш, ошхона жойлашувини ўзгартириш, ойналарни ғишт билан ёпиш), Вазирлар Маҳкамасининг 12.02.2009 йилдаги 41-сон “Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мутахассис ҳуқуқбузарликка йўл қўйилганлигини аниқлайди. Бу эса судда кўриладиган иш бўлиб, суд ноқонуний равишда қурилган иншоотларни бузиш, қоғозда кўрсатилган дастлабки ҳолатга келтириш ва мўмайгина бўлган маъмурий жаримани тўлаш ҳақида ажрим чиқаради. Буни ёддан чиқармаслик зарур.

 

Архитектура ва қурилиш бошқармасидан мазкур бино яқин 5 йил ичида бузилмаслиги тўғрисидаги маълумотнома

 

Ушбу маълумотномани олиш учун қуйидагилар талаб этилади:

  • уй эгасининг паспорти асл нусхаси;
  • кадастр ҳужжатининг асл нусхаси.

Маълумотномани дарҳол 25-20 дақиқа ичида тайёрлаб беришади.

 

Турар жойдан маълумотнома

 

Маҳалладан оила аъзолари ва прописка қилинган бошқа шахслар тўғрисида маълумотнома олиш учун:

  • уй эгасининг паспорти
  • уй китобчаси керак бўлади.

 

Табиий газ

 

Нотариал идорага газдан маълумотнома олиш учун уй жойлашган жой бўйича газ хизмати бошлиғи номига ариза ёзиш керак. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • паспорт нусхаси;
  • прописка қилинган одамлар сони ҳақида маълумотнома;
  • газ ҳисоблагичи қиёсланганлиги тўғрисидаги сертификат;
  • уй кадастри ҳужжати;
  • газ учун тўлов ҳужжатлари  (сўнгги 10 таси).

 

Газ инспектори уйга тўрт кун ичида текширувга келмасидан маълумотнома берилмайди. Газ идораси вакили квитанциядаги тўловларнинг газ ҳисоблагичи кўрсаткичлари билан мослиги, қарз мавжуд эмаслиги, газ нуқталари сонининг ҳужжатда кўрсатилганлари билан бир хил экани, ҳисоблагичнинг бузилган-бузилмаганини текширади. Газ ускуналари жойлашувини ўзбошимчалик билан ўзгартириш, янги нуқталарни рухсатсиз қуриш кабилар учун жарима солинади. Чунки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида газдан уй-рўзғорда фойдаланиш қоидаларининг 18.1 бандига кўра уй (квартира, боғли уй)ни  ўзбошимчалик билан газлаштириш, газ ускуналарининг жойини ўзгартириш, алмаштириш ва таъмирлаш мумкин эмас.

 

Сув

 

Аввалига “Сувсоз”нинг туман бўлими инспекторини сув ҳисоблагичини текшириш учун чақириш зарур. Агар сув ҳисоблагичда камчиликлар аниқланмаса, барча ҳужжатлар жойида бўлса, уй эгаси туман “Сувсоз” бўлимига қуйидаги ҳужжатлар билан мурожаат этиши даркор:

  • кадастр ҳужжати нусхаси;
  • уй эгасининг паспорти нусхаси;
  • мулк эгалигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
  • прописка қилинганлар сони ҳақида маълумотнома;
  • уй китоби нусхаси;
  • уч йиллик тўлов ҳужжатлари;
  • туман инспектори томонидан тузилган текшириш далолатномаси;
  • ҳисоблагич сертификати.

 

Электр энергияси   

 

Нотариал идорага бериладиган маълумотномани олиш учун уй эгаси ҳудудий электр тармоқлари ташкилотига мурожаат этади. Ташкилот ходимлари ариза асосида уч кун мобайнида аризачининг уйига келиб, электр энергияси ҳисоблагичини ва электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоблар ҳолатини текширувдан ўтказади. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари талаблари бузилмаган бўлса, уй эгасининг электрдан қарзи бўлмаса, маълумотнома 5 кундан ошмаган муддатда уй эгасига тақдим этилади.

 

Телефон

 

Уйда шаҳар телефони бўлган тақдирда телефон тармоғидан фойдаланганлик учун қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома зарур бўлади. Маълумотномани олиш учун ариза билан паспорт тақдим этилади.

 

Айтиш жоизки, телефон уйга ўтказилмаган тақдирда ҳам шундай маълумотнома талаб этилиши мумкин. Телефон ўтказилмагани тўғрисидаги маълумотномани олиш учун уй эгасининнг паспорти ва кадастр ҳужжати тақдим этилади. Маълумотномани ариза берилган куннинг эртасига олиш мумкин.

 

Ер солиғи ва мол-мулк солиғи

 

Солиқ органидан маълумотнома олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • уй эгаси паспортининг нусхаси ва асл нусхаси;
  • уй эгасининг СТИР нусхаси;
  • кадастр ҳужжати,
  • сўнгги уч йил ичида ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлаганлиги тўғрисидаги квитанциялар нусхаси.

 

Нотариусда

 

Нотариал идорада барча ҳужжатлар тайёр бўлганидан кейин нотариус қабулига ёзилиш мумкин. Шартнома имзоланишидан бир неча соат олдин кўчмас мулк эгаси нотариал идорага келиши ва барча ҳужжатларни текшириш учун топшириши зарур.

 

Нотариал идорага тўланадиган давлат божи турар жойнинг ҳар бир квадрат метри учун ЭКИҲнинг 0,5% ни ташкил этади.

 

Электр энергияси, сув, табиий газдан қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотномалар бир календарь ой мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Шу муддат ўтгунича уй олди-сотди шартномаси имзоланмаса, уларни янгилаш талаб этилади.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз. 

 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16