Президентнинг 04.06.2026 йилдаги "Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-104-сон Фармони қабул қилинди.
Асосий мақсадлар:
• қурилиш учун рухсатнома олишда аҳоли ва тадбиркорларнинг вақт ресурслари ва молиявий харажатларини 2 баробаргача қисқартириш;
• қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда сунъий интеллектни жорий этиш;
• қурилиш жараёнларида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш.
Тошкент шаҳрида бино ва иншоотларни қайта ихтисослаштириш, қайта қуриш, реконструкция қилишга рухсатнома бериш ва архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича давлат хизматларини бир босқичда кўрсатиш амалиёти муваффақиятли жорий этилгани таъкидланди.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида архитектура ва шаҳарсозлик талабларини бериш бўйича ягона давлат хизмати жорий этилади. 2026 йил 1 июлдан бошлаб объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш "бир ариза – бир тўлов – барча уланиш нуқталари" тамойили асосида композит шаклда амалга оширилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги янги қурилаётган объектларда видеокузатув камераларини мажбурий ўрнатиш талаб этилади:
• кўп квартирали уй-жойлар, III ва IV тоифага киритилган ижтимоий соҳа объектлари, меҳмонхоналар, туристик, савдо ва саноат объектларида;
• бюджет маблағлари ҳисобидан қурилаётган қиймати 3 млрд сўмдан ортиқ бўлган объектларда.
Шунингдек, барча мажбурий ижро ҳужжатлари рақамлаштирилади, қурилишга рухсат олиш ва фойдаланишга қабул қилиш учун аризаларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Давлат муассасаси шаклида "Қурилиш ресурсларининг миллий классификатори" платформасини юритиш, шаҳарсозлик соҳасида нархларни шакллантиришни рақамлаштириш ва бошқалар билан шуғулланадиган Шаҳарсозлик соҳасида иқтисодий ислоҳотлар ва нархларни шакллантириш республика маркази ташкил этилади.
Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат фаолиятини такомиллаштириш
2026 йил 1 июлдан бошлаб янги объектлар бўйича лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини (параллел қурилиш) бир вақтда амалга ошириш бекор қилинади, тажриба тариқасида босқичма-босқич тайёрланадиган лойиҳа асосида кўп қурилиш-монтаж ишларини бажариш тартиби жорий этилади.
Пудрат ва лойиҳа ташкилотларининг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш мақсадида уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, қурилиш ишларида фойдаланиладиган махсус техника воситалари, шунингдек, лаборатория ва инструментал текширув ускуналарини олиб киришда 2029 йил 1 июлга қадар божхона божидан озод қилиш назарда тутилмоқда.
Кўп квартирали уйлардан фойдаланишни назорат қилишни кучайтириш учун фойдаланиш муддати 50 йилдан ошган кўп квартирали уйларда қайта режалаштириш ишларини амалга ошириш тақиқланади, мустаҳкамлаш ишлари бундан мустасно.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллектни қўллаш бўйича малака ошириш ва ўқув курсларини ташкил этиш бўйича "йўл харитаси".
• Қурилиш соҳасини янада ислоҳ қилиш, айрим тартиб-таомилларни соддалаштириш ва жараёнларни рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.06.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



