Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак оформлять перемещение маркированного товара внутри организации Какой ИКПУ предприятию общепита применить к сету Прозрачное строительство: новые нормы для контроля строительства и реконструкции в рамках госпрограмм Как зарегистрировать товарный знак

1 декабрдан нима ўзгаради

01.12.2020

Читать на русском языке

 

“Норма” портали 2020 йил 1 декабрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар шарҳини тақдим этади.

 

Тиббий суғуртаси жамғармаси

 

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
  • аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этиш;
  • тажриба-синов лойиҳаси доирасида Давлат бюджетидан кафолатланган пакетни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этиш;
  • тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизимини республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.


     

Биотехнологияларни ривожлантириш – давлат кўмаги билан

 

2020 йил 1 декабрдан бошлаб:

1) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагилар тақдим этилади:

а) биотехнологиялар соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50%игача (50%и ҳам ҳисобга олинади) миқдорда, бироқ 8 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда кафиллик;

б) кредит суммаси 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган биотехнологиялар соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация. Ушбу компенсация қуйидаги миқдорларда берилади:

  • миллий валютадаги кредитлар бўйича – МБ асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ортиқ, бироқ 5 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда;
  • хорижий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 30%и, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда;

 

2) биотехнологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни амалга ошириш мақсадида 3 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган тўғридан-тўғри инвестиция киритган хорижий илмий ташкилотларга илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун 10 млрд сўмгача мақсадли грантлар тақдим этилади. Бунда:

  • мақсадли грантлар киритилган инвестиция маблағлари тўлиқ ўзлаштирилганидан сўнг тақдим этилади;
  • Давлат бюджети маблағлари ҳисобига илмий фаолият субъектлари томонидан олинган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ давлатнинг илмий ва олий таълим ҳамда бошқа давлат муассасалари номидан давлатга тегишли бўлади. Объектлар муаллифлари билан тузилган шартномаларда бошқача қоидалар назарда тутилиши мумкин.
     

 

Ижро ишини юритишда янгилик

 

2020 йил 1 декабрдан бошлаб:

а) қуйидаги маблағларни тақсимлашнинг янги тартиби жорий этилади:

  • жиноят натижасида давлатга етказилган зарарни ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағлар;
  • давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар ҳамда давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар;
  • давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишдан келиб тушган маблағлар.

Маблағлар алоҳида ғазначилик ҳисобрақамида жамланади, сўнгра «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисобрақамларга пропорционал тартибда Тошкентда 30%и ва республиканинг бошқа ҳудудларида 50%и миқдорида ўтказилади. Қолган қисми олувчилар ва бюджет тизими бюджетлари даражалари ўртасида тақсимланади;

 

б) маъмурий жаримани қўллаш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари МИБ органларига жаримани ихтиёрий тўлаш учун муддатлар тугаганидан сўнг тақдим этилади. Ижро ҳужжатларига жаримани ихтиёрий тўлаш имконияти тўғрисида ҳуқуқбузарни хабардор қилган ҳолда унга маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорнинг топширилганлиги ёки юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат мажбурий тартибда илова қилинади;

 

в) мажбурий ижро этиш давомида қарздорнинг хатланган мол-мулки бошланғич нархдан 30%лик чегирма билан, Давлат бюджетига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган мол-мулк эса ҳудудий кенгашлар қарорига мувофиқ 50%гача чегирма билан нархни ошириб бориш услубида ўтказиладиган дастлабки электрон онлайн-аукционга қўйилади. Гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бундан мустасно;

 

г) мулкий тусга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ундириладиган ижро йиғимининг қуйидаги янги миқдорлари белгиланади:

  • ундирув суммаси 1 000 БМҲдан ортиқ бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича – ундирилаётган сумманинг 5%и;
  • ундирув суммаси 1 000 БҲМдан ортиқ бўлган ижро ҳужжатлари бўйича – ундирилаётган сумманинг 2%и.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда мулкий тусга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ижро йиғими қарздор-жисмоний шахсдан ундириладиган сумманинг 1%ини ҳамда қарздор-юридик шахсдан ундириладиган суммасининг 2%ини ташкил этади.

Ижро йиғими қўлланилган ижро ишлари бирлаштирилган тақдирда, йиғим миқдори ўзгартирилмайди;

 

д) МИБ органлари иш юритувидаги ижро ҳужжатлари бўйича Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига айрим ажратмалар қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • МИБ ходимлари томонидан қўлланиладиган ижро йиғими суммаларининг 100%и;
  • ижро иши юритиш бўйича Давлат бюджетига ундирилган суммаларнинг (қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарзини ундириш бундан мустасно) 5%и.

 

Жисмоний тарбия ва спорт университетининг мақоми оширилади

 

1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мамлакатимиздаги барча жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда спорт федерациялари (уюшмалари) фаолияти устидан ўқув ва илмий-услубий раҳбарликни амалга оширади. Ушбу вазифани самарали ташкил қилиш мақсадида жамоатчилик асосида Республика илмий-услубий кенгаши тузилади. Бундан ташқари, ОТМда олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

 

Абитуриентлар билимларини сертификатлаш жорий этилади

 

Бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими босқичма-босқич жорий этилади. 2020 йил 1 декабрдан бошлаб – она тили ва адабиёт ҳамда математика бўйича.

 

Энди тегишли фанни билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.

 

Сертификат Давлат тест маркази томонидан берилади. Бунинг учун 1,5 БҲМ миқдорида тўлов ундирилади.

 

Жамоатчилик назорати кенгайтирилади

 

Давлат экология қўмитаси 1 декабрдан бошлаб ҳудудий ҳокимиятлар билан биргаликда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган мўлжалланаётган фаолият турлари бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказади. Бу I ва II тоифасига мансуб фаолият турларига, яъни юқори ва ўртача даражада хавфли фаолият турларига тааллуқли (бу ерга қаранг).

 

Афғонистондаги элчида савдо бўйича маслаҳатчи пайдо бўлади

 

1 декабрдан бошлаб Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчихонаси штатлар жадвалига савдо ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади. Чора ушбу мамлакат билан ҳамкорлик муносабатларини муҳтаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган. Жумладан, эслатиб ўтамиз, ўзаро савдо ҳажмини 2023 йилгача 2 млрд АҚШ долларига етказиш режалаштирилмоқда.

 

Олег Заманов.