Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Харидни оқилона амалга ошириш қоидалари

28.02.2017

Пештахталари турли-туман маҳсулотлар билан тўлиб-тошган замонавий дўконларга кириб, режалаштирганимиздан кўра анча-мунча кўп харажат қилиб қўямиз. Чиройли қилиб териб қўйилган маҳсулотлар сирли шивирлаб олишга ундаётгандек туюлаверади. Уйга келиб, чўнтагимиз қуриб қолганини кўриб, афсусланган вазиятларимиз ҳам бўлган. Ҳатто кассага етиб борганида, териб олган маҳсулотларига пули етмай, бир қисмини қайтариб олишларини сўраб, мулзам бўлиб қолганлар ҳам кўпчиликни ташкил этса керак. Супермаркетларда ортиқча харажат қилмаслик учун оқилона харид қоидаларига амал қилиш кифоя. Улар билан сизни қуйида таништирамиз.

Одатда кечки пайт ишдан кейин ёки дам олиш кунлари режалаштирган бошқа ишларимиздан бўшаган вақтларимиз дўконга кирамиз. Кўпинча харид қилмоқчи бўлганларимизни олдиндан тузук-қуруқ режалаштириб олишга ҳам улгурмаймиз.

 

Фақат рўйхат асосида

 

Дўконга кетаётганда албатта олдиндан керакли нарсалар рўйхатини тузиб олиш керак. Ҳозирги кунда дўконга бориб олиб ҳамманинг кўз ўнгида қоғоз ёки блокнотни очиб, ручка билан харид қилинганларни бирма-бир ўчириб чиқишнинг ҳожати йўқ. Бунинг учун телефон, планшетлардан фойдаланиш анча қулай. Ҳар доим керак бўладиган товар ва маҳсулотларнинг доимий рўйхатини тузиб қўйсангиз ҳам бўлади. Ҳар сафар унга қўшимча бандларни қўшиб борасиз холос.

 

Агар рўйхат тузмасдан дўконга борсангиз, кераксиз бўлган ортиқча нарсаларни харид қилиб қўйишингиз аниқ. Бундан ташқари, шошиб қолиб, керакли нарсани унутиб қўйишингиз ҳам ҳеч гап эмас.

 

Оч қоринга дўконга борманг 

 

Озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун дўконга тўқ қоринга бориш зарур. Бу қоида сизни кутилмаган харидлардан асрайди. Одам организми шундай тузилганки, очиққан пайтларда керагидан анча кўп миқдорда овқат еб қўядигандек туюлади. Дўконда ҳам худди шу ҳолат рўй беради. Қорни оч харидор саватчага янада кўпроқ маҳсулотларни солгиси келаверади.

 

Дўкон бўйлаб саёҳат 

 

Дўконнинг турли бўлимларида сайру-саёҳат қилиб айланиб юраверсангиз, кўзингизга ялтироқ кўринган керакмас буюмларни харид қилиш “хавфи”ни янада ошириб юборасиз. Бу энг ёмон одат. Излаётган маҳсулотингиз қаерда эканини билмасангиз, сотувчилардан сўраб олинг. Бу сизни ортиқча вақтингизни кетказишдан асрайди.

 

Кўз ўнгимиздаги товарлар

 

Барча дўконлар фойдаланадиган ҳийлакор усуллардан бири — энг қимматбаҳо товарларни одамнинг кўзи тез тушадиган ва олиш осон бўлган пештахталарга жойлаш. Ёдингизда бўлсин, кўзингиз тез тушадиган жойдаги маҳсулотлар тепароқ ёки пастроқ пештахтадагиларидан бироз қимматроқ бўлади. Танлашдан олдин барча товарларни текшириб, нархларни солиштириб кўринг.

 

Акция ва чегирмалар  

 

Дўконда эълон қилинаётган барча барча акциялар ва чегирмалар ҳам фойдали бўлмаслиги мумкин. Ранг-баранг қоғозларга туширилган нарх кўрсаткичлар одатда одамни ўзига чорлайди.

 

Масалан, кеча сиз харид қилган чойнинг нархи икки баробар туширилган бўлса, унга аҳамият қаратиш керак. Захирага 3-4 ўрамини олиб қўйиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Фақат амал қилиш муддати ўтмаганлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин, албатта.

 

Лекин бир ўрам кофени ёнида пластик кружка билан бирга харид қилишни таклиф этишаётган бўлса, ўйлаб кўришга ўрин бор. Биринчидан, пластик  кружканинг сизга нима кераги бор? Иккинчидан, ҳақиқатда пулингизни тежашга ёрдам бермайдиган товарни нима қиласиз? Учинчидан, кофе сизга ҳақиқатан ҳам зарурми ёки йўқ?

 

Фоизли карталар

 

Кассада сизга бепул фоизли картани таклиф этишса, албатта олинг. Дўконнинг ҳар қандай товарига 10%гача чегирмаларга эга бўласиз ёки харид қилган суммангизнинг муайян фоизи йиғилиб-йиғилиб бир неча ойда каттароқ харидни амалга оширишингизга имконият беради. Уларни таниш-билишлар, қариндошларга бериб турсангиз ҳам ютқазмайсиз.

 

Нақд пулми ёки пластик

 

Ортиқча нарсаларни харид қилишга мойиллигингиз бўлса, маслаҳатимиз, дўконга пластик карта эмас, нақд пул билан боринг. Харидорлар худди картадаги пулни тежаш шартмасдек, ўйламай уни ишлатишга ўрганиб қолишган.

 

Улфатчилик 

 

Дўст-биродарлар билан дўконга бориш одамга кайфият бағишлайди. Аммо бир ўзингиз харид қилсангиз, масалага жиддийроқ ёндашасиз, ўз талабларингиз ва товарларни таҳлил этишга вақт бўлади. Яқинлар билан эса маҳсулотларни нархига ҳам қарамай саватга солаверасиз, дўстингиз олган нарсани шунчаки синаб кўриш учун ҳам харид қилаверасиз.

 

Кассада зерикмаймиз

 

Кўпинча кассанинг ёнига турли-туман майда-чуйда нарсаларни тахлаб ташлашади: сақич, шоколад, мармелад, ўйинчоқлар. Навбат кутиб турганлар уларни кўздан кечириб, харид қилиши учун махсус шундай қилинади. Ёки фарзандингиз хархаша қилиб қолса, кассанинг ёнида турганлардан уялганингиздан ҳам олиб беришингиз тайин. Бу ҳам маркетологлар томонидан инобатга олинган. Эсингизда бўлсин, кассанинг ёнида фойдали ва ҳақиқатан ҳам керакли бўлган маҳсулотлар бўлмайди!

 

Телефондан почтангизни текширишингиз, келган смсларга жавоб қайтаришингиз учун кассада навбат кутиб ўтказилган вақт айни фурсатдир. Ҳам вақтингизни тежайсиз, ҳам нақдингизни.

 

Фозила АШУРОВА, мухбиримиз.

 

 

Курс валют

2017-08-15
  • USD:4154.36 (+27.91) сум
  • EUR:4895.49 (+16.43) сум
  • RUB:69.02 (+0.62) сум