Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ҳисоблагични алмаштириш: жадвал бўйичами ёки хоҳишга кўра

05.04.2016

«Ўзбекэнерго» АЖ вакиллари 1 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ электр тармоқларига уланиш, ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш тартибини тушунтирдилар, шунингдек электрдан оқилона фойдаланиш зарурлиги ҳақида сўз юритдилар.

 

Алоҳида товар тури


Тадбир ташкилотчилари қайд этганидек, Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон Қарори билан тасдиқланган) электр энергиясини етказиб бериш бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши билан тавсифланадиган алоҳида товар тури сифатида белгиланган. Етказиб бериш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Қоидаларга мувофиқ, ҳисобга олиш приборлари истеъмолчилар маблағлари ҳисобига сотиб олинади, давлат текширувидан ўтади ва ўрнатилади, етказиб берувчининг вакиллари томонидан рўйхатдан ўтказилади ва пломбаланади.

«Вазирлар Маҳкамасининг 1.11.2013 йилдаги 295-сон Қарори билан ҳисоблагичлар бепул алмаштирилишини назарда тутадиган Қоидаларга киритилган ўзгартиришлар-чи?» – деб сўраши мумкин эътиборли ўқувчи. Бу масалалар юзасидан тушунтириш беришни сўраб биз ТошшаҳарЭТК вакилларига мурожаат қилдик.

 

Навбат кутишга тобингиз йўқми – ташаббусни қўлга олинг


Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек­энерго» давлат-акциядорлик компанияси фаолиятини такомиллаштириш ва истеъмол қилинаётган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар интизомини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига (1.11.2013 йилдаги 295-сон) мувофиқ, ҳозирги пайтда истеъмолчилар – юридик ва жисмоний шахслардаги электр энергиясини ҳисобга олишнинг мавжуд приборларини алмаштириш ва замонавий электрон приборларни ва аппарат комплексларини ўрнатиш «Ўзбекэнерго» ДАКнинг ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Шуни эслатиб ўтамизки, 2009 йилдан бери индукцион турдаги ҳисобга олиш приборлари йил учун тасдиқланган режа-жадвалга кўра электрон ҳисобга олиш приборларига алмаштирилмоқда (ЭИҲНАТга улаган ҳолда). Алмаштириш тадбирлари кўпинча ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тасарруфидаги приборлар фондига боғлиқ бўлмоқда.

Агар истеъмолчи алмаштириш навбати келишини кутмоқчи бўлмаса, уни навбатдан ташқари алмаштиришни сўраб ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Истеъмолчи оммавий алмаштириш пайтини ўтказиб юборганлиги сабабли унга ҳисоблагич алмаштирилмай қолган ҳоллар кўп учрайди. Бу ҳолда ҳам у ариза билан мурожаат этишга ҳақли, у бир ҳафта муддатда кўриб чиқилиши керак. Ҳисоблагич ариза берувчининг ҳозирлигида ўрнатилади.

 

Қоидабузарлар тўлашга мажбур


ЭИҲНАТ тизимига илк бор уланадиган уйларда ҳисобга олиш приборлари бепул ўрнатилади. Бироқ бунинг бир шарти шуки, истеъмолчида ҳисоблагичлардан ва электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги (механик шикастланишлар ёки ҳисоблагичга таъсир ўтказиш, уланиш чизмасини ўзгартириш, пломбани узиш) аниқланмаган бўлиши керак. Агар ТошшаҳарЭТК ходимлари қоидабузарликларни аниқлашса, далолатнома тузилади ва ҳисобга олиш приборини алмаштириш билан боғлиқ барча харажатлар истеъмолчи ҳисобига амалга оширилади.

norma.uz порталига интервьюда шаҳар электр тармоқлари корхонасининг маиший истеъмолчилар сектори муҳандиси Йўлдош Музаффаров қайд этганидек, ҳисобга олиш приборларини алмаштиришда истеъмолчи текширувдан ўтган ва тегишли сертификатга эга бўлган приборни олади. Шу тариқа, ҳисобга олиш приборлари ва ўлчов трансформаторлари ўрнатилгунга қадар «Ўзстандарт» агентлиги томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маблағлари ҳисобига дастлабки текширувдан ўтказилади. Кейинчалик даврий текширув истеъмолчи ҳисобидан ўтказилади.

Илгари ўрнатилган электрон ҳисобга олиш приборини шикастлангани сабабли алмаштириш, шунингдек узилган пломбани тиклаш учун истеъмолчи ҳақ тўлайди. Ҳисобга олиш приборларини ва ҳисобга олиш приборлари билан ишлатиладиган ўлчов трансформаторларини қайта ўрнатиш ва алмаштириш ҳам истеъмолчи ҳисобидан бўлади.

Электр энергиясини ҳисобга олиш чизмасининг ҳар қандай ўзгартирилиши ёки бузилиши ҳақида истеъмолчи ишлар бошлангунга қадар ҳудудий корхонани ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

 

Қарзлар тўланади, олдиндан тўлов ҳисобга олинади


Агар индукцион ҳисоблагични электрон ҳисоблагичга алмаштириш пайтида истеъмолчининг қарзи бор бўлса, у эски ҳисоблагич кўрсатувларига кўра уни сўндириши шарт. Агар фойдаланилмаган олдиндан тўлов борлиги аниқланса, эквивалентдаги киловатт миқдори ўтказилиб, янги ҳисоблагичда ҳисобга олинади. Бу уни алмаштириш кунида амалга оширилади. Бунда ТошшаҳарЭТК вакили тегишли рапорт тузиши ва уни электрон ҳисобга олиш тизимига йўллаши шарт. Рапортда истеъмолчи янги ҳисоблагичнинг қайси кўрсатувидан бошлаб ҳақ тўлай бошлаши кераклиги қайд этилади.

 

Огоҳлантирилмадими – демак, мажбур эмас


ТошшаҳарЭТК вакилининг таъкидлашига кўра, ҳисоблагичларни текширганлик учун барча масъулият электр тармоқлари корхоналари зиммасига юкланади, улар истеъмолчини текширув ўтказиш муддатлари тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилишлари керак. Агар истеъмолчи бундай «хабарнома»ни олмаган бўлса, индукцион турдаги ҳисобга олиш приборини ишлатганлиги ва давлат стандартларига мувофиқлигини текширувдан ўтказмаганлиги учун жавобгар бўлмайди.

Шуни эслатиб ўтамизки, юридик шахслар 2 йилда 1 марта, жисмоний шахслар 4 йилда 1 марта ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказишлари шарт. Ҳисоблагичлар суд органларининг қарорига кўра жадвалдан ташқари тартибда давлат текширувидан ўтказилиши ҳам мумкин. Бундай экспертизанинг ўтказилишига одатда истеъмолчи билан етказиб берувчи корхона ўртасида низо юзага келиши ҳоллари сабабчи бўлади.

Матбуот анжуманида электр энергияси истеъмолчисини ҳисобга қўйиш ва ундан чиқариш масалалари, уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, шунингдек тариф сиёсати ёритилди. Шуни қайд этиш лозимки, ушбу барча жиҳатлар Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларида акс эттирилган. «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» АҚТ соҳибига айланиб, ҳужжатнинг тўлиқ матни билан танишиб чиқиш мумкин. «Солиқ ва божхона хабарлари» ва «Норма маслаҳатчи» газеталари комплектига обуна бўлганлар қонун ҳужжатларидаги, шу жумладан электр энергиясининг етказиб берувчиси билан муносабатларни тартибга солишга тааллуқли барча ўзгартиришлар ҳақида тезкор ахборот олиш, шунингдек истеъмолчилар амалда тўқнаш келадиган вазиятлар юзасидан экспертларнинг шарҳлари ва тавсияларини ўқиш имконига эга бўладилар.

 

Саида Жонизоқова, мухбиримиз.

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 250