Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Хусусий бизнес: болалар учун чет тиллари марказини қандай очиш мумкин?

28.10.2016

Хусусий таълим марказлари кундан-кун кўпайиб бормоқда. Боғчалар, мактаблар, марказлар... Аммо, “карвон кўп — ризқи бўлак”, деганларидек, мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар учун таълим муассасалари ҳали ҳам даромадли ва тез қопланадиган бизнеслардан бири ҳисобланади.

Одатда бундай марказлар болалар билан анча йиллардан бери ишлаб келган ўқитувчилар томонидан очилади. Аввал-бошда уларнинг ўзи қўшимча ходимларни ишга олмасдан мустақил равишда дарс беришлари мумкин.

 

Бундай тарзда ишни бошлаш учун туманлардаги ҳокимиятлар қошидаги “ягона дарча” марказларига бориб маълумот олиш мумкин. Бунда тегишли ҳужжатларни топшириб ва давлат божини тўлаб, ўқитиш ҳуқуқини берувчи патент олишингиз мумкин бўлади. Агар ёнингизга яна бошқа ўқитувчиларни олмоқчи бўлангиз, уларни ҳам рўйхатдан ўтказиб, ҳужжатларни топшириш ҳамда тўловларни амалга ошириш даркор.

 

Биласиз, давлатимиз тадбиркорларга яқиндан кўмак бериш, уларнинг фаолиятига кенг йўл очиш мақсадида ислоҳотлар олиб бормоқда. Қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар билан танишиб бориш давр талабига айланиб бораяпти. Айниқса, ёш тадбиркорларни рўйхатга олиш масалалари соддалаштирилмоқда, муддатлари қисқартириб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-4848-сон Фармони бунга яққол мисол бўла олади. Қонунчиликдаги барча янгилик ва ўзгаришлар, тадбиркорларга берилаётган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби масалалар билан мунтазам равишда norma.uz, янги йўлга қўйилаётган nrm.uz сайтларида танишиб, кузатиб борсангиз бўлади.

 

Бир қарашда тил марказлари соҳасидаги рақобат анча кучлидек туюлади. Аммо тажриба шуни кўрсатадики, янги марказ тўғри ёндошув билан тақдим этилган тақдирда тез фурсатда доимий мижозларга эга бўлиши мумкин. Сизнинг рақобатбардош хусусиятингиз, масалан, гуруҳларнинг 4-6 кишидан ошмаслиги,  ўқитишнинг айнан сизнинг марказ учун ишлаб чиқилган махсус дастури, қулай жойда жойлашуви сингарилар бўлиши мумкин.

 

Замонавий ота-оналар фарзандлари гўдаклигидаёқ чет тилларни ўрганишни бошлашини исташади. Уларнинг аксарияти болани оддий мактабга бера туриб ҳам қўшимча тарзда хорижий тилларни ўрганиб боришини хоҳлашади. Шу боис ҳатто кичикроқ тумандаги лингвистика маркази ҳам барқарор даромад манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин.

 

Юқорида айтиб ўтганимиздек, дастлаб якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганингиз маъқул. Келгусида бизнесингиз барқарор даромад келтира бошлаганидан кейин, ўқувчиларингиз сони анча ортганидан сўнг ҳақиқий мактаб очиш ҳақида ўйласангиз бўлади. Уни тугатган ўқувчилар давлат намунасидаги сертификатлар ола бошлашади. Аммо бунинг учун фирма очиш, банкда ҳисоб рақамини очиш ва кўрсатилаётган таълим хизматлари учун сертификат олишингиз зарур.

 

Бошланишига алоҳида бино олмасдан (мебель ва доскаларни алоҳида сотиб олишингиз ёки ижарага олишингиз керак бўлади), ўқув муассасаларидан бирида синфни ижарага олсангиз бўлади. Ўқув ва методик қўлланмаларни харид қилсангиз бўлгани. Бунинг устига агар анча вақтдан бери шу соҳада ишлаб келаётган бўлсангиз, ўқишни бошлаб юбориш учун барча зарур қўлланмаларингиз қўл остингизда бўлса ҳам керак.

 

Мактабгача ёшдаги болалар билан ишлаш учун биринчи навбатда ёрқин плакатлар, рангли, расмли карточкалар, ўйинчоқлар (ҳайвонларнинг майда шакллари, дарахтлар, гуллар, геометрик шакллар кабилар) керак бўлади.

 

Шунингдек, махсус ўқув қўлланмаларидан ўқиш китоби, ёзув ва математика дафтарлари зарур.

 

Агар бошқа ўқитувчиларни ҳам ишга олмоқчи бўлсангиз, уларнинг ишлаб чиқилган дастури билан албатта танишиб чиқишингиз керак. Дастур ҳар доим мактабда тургани маъқул. Ўқувчиларнинг ҳужжатлари жавони албатта бўлиши шарт. Унда она-онанинг паспорти нусхаси, ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, турар жой ҳақида маълумотнома, 2 та расм бўлади. Бундан ташқари, ота-онадан ўқувчини мактабга ўз вақтида олиб келиши ва олиб кетишини таъминлаши, дарсдан ташқари вақтда уларнинг хавфсизлиги учун масъулиятни ўз зиммаларига олиши ҳақида тилхат олиб қўйиш зарар қилмайди.

 

Шунингдек, мактабда таълим оладиган ўқувчи ҳақидаги маълумотлар варақаси албатта бўлиши шарт. Унда ўқувчи ота-онасининг телефон рақамлари, яшаш жойи, туғилган санаси сингари керакли маълумотлар жойлаштирилади.

 

Марказингиз катталашгани, ривожлангани сайин ходимлар штати ҳам ортиб боради. Ўқитувчилардан ташқари, маъмур, ҳисобчи, қоровул, фаррошларга ҳам эҳтиёж туғилади. Буларнинг барчаси энг асосий бошланғич даврдан эсон-омон ўтиб олганингиздан кейин бўладиган навбатдаги босқичлардир.

 

Ўқиш нархларини эса мактаб қурилган жой аҳолисининг даромадига қараб белгилаганингиз маъқул. Бундан ташқари, рақобатчи марказлар нарх-наволарини ҳам ўрганиб қўйиш зарар қилмайди. Агар ҳисоб-китобларни тўғри олсангиз, бир неча ойда сарфлаган маблағларингизнинг ўрни қопланиб, даромад кўра бошлайсиз.

 

 

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 289