Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Иштирокчи келди, иштирокчи кетди...

22.10.2015

Жамият иштирокчилари таркиби ўзгарганда, улар чиқиб кетганда ёки янги иштирокчи қабул қилинганда кўпинча тақсимланмаган фойда билан қандай йўл тутиш зарурлиги ҳақида саволлар юзага келади.


 

Амалиётдан мисол келтирамиз.

 

 

Дастлаб МЧЖ икки иштирокчидан иборат бўлган. Олдинги йили иштирокчилардан бири чиқиб кетди, унинг ўрнини эса янги иштирокчи эгаллади. Бирмунча вақтдан сўнг у ягона иштирокчи бўлиб қолди, чунки иккинчи иштирокчи унга устав фондидаги ўзининг улушини сотди. Иштирокчилар чиқиб кетганда, уларнинг ҳар бири ўз улушини номинал қиймати бўйича сотди ҳамда фойдани ўзларининг улушли иштирокларига мутаносиб равишда жамият тасарруфида қолдириш ҳақида ариза ёзишди. Бу воз кечиш МЧЖ умумий йиғилишининг баённомасида қайд қилинди.  Иштирокчилар  чиқиб кетгунларига қадар жамиятнинг фойдаси тақсимланмаган.

 

 

Ушбу вазият натижасида қуйидаги саволлар вужудга келди:

 

 

1)Иштирокчилар ўзларининг улушли иштирокларига мутаносиб равишда тақсимланмаган фойданинг бир қисмидан воз кечишга қарор қилишга ҳақлими?

 

 

2)Ягона иштирокчи унинг ўзи МЧЖга киргунга қадар  ҳосил бўлган фойдани тақсимлашга ҳақлими?

  

 

“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида” 6.12.2001 йилдаги Қонуннинг (бундан буён МЧЖ тўғрисидаги Қонун деб юритилади) 22-моддаси бешинчи қисми билан кўзда тутилган умумий қоидага кўра, иштирокчи жамиятдан чиқиб кетганда жамият иштирокчига улушининг чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши шарт.

 

 

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига асосан “жамият иштирокчиси жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисига сотишга ёки ўзга тарзда улар фойдасига воз кечишга ҳақлидир. Бундай битимни тузиш учун, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг ёки жамият бошқа иштирокчиларининг розилиги талаб қилинмайди.

 

 

Жамият иштирокчиси, агар жамиятнинг уставида тақиқланган бўлмаса, ўз улушини (улушининг бир қисмини) учинчи шахсларга сотиши ёки бошқача тарзда уларнинг фойдасига воз кечиши мумкин”.

 

 

Юқорида кўрсатилган қоидалар чиқиб кетаётган иштирокчига ўз улушини бошқа иштирокчиларга каби бошқа шахсларга ҳам сотиш ҳуқуқини беради. Бунда жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) воз кечиш, агар уни нотариал шаклда амалга ошириш тўғрисидаги талаб жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлмаса, оддий ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) воз кечиш бўйича битимнинг ушбу модда ёки жамиятнинг уставида белгиланган шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келади (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси тўққизинчи қисми).

 

 

Шунга эътиборни қаратиш лозимки, гарчи МЧЖ устав фондидаги улуш мулкий ҳуқуқ ҳисобланар экан, тегишинча, уни олди-сотди шартномасига Фуқаролик кодексининг (ФК) 386-моддаси бешинчи қисмида кўзда тутилган олди-сотди тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланади. ФКнинг 386-моддаси биринчи қисмига биноан “олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади”.

 

 

ФКнинг 418-моддаси биринчи қисми ва 356-моддаси биринчи қисми қоидаларидан келиб чиққан ҳолда шартноманинг баҳоси тарафларнинг келишуви билан белгиланади.

 

 

Келтирилган қоидалар чиқиб кетган иштирокчилар ўз улушларини МЧЖ устав фондида кўзда тутилган уларнинг улушларининг номинал қийматига тенг баҳода сотиш ҳуқуқини исботлайди.

 

 

Бироқ савол туғилади: иштирокчилар улушининг номинал ва ҳақиқий қийматлари ўртасидаги фарқни тўлашда қандай йўл тутиш лозим?

 

 

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 14-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ “жамият иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади”. МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 22-моддаси ўнинчи қисмига биноан “улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди (устав капитали) миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади”.  Соф активлар деганда хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари билан таъминланган узоқ муддатли ва жорий активларнинг қиймати, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг қарз мажбуриятларидан озод бўлган мол-мулк қиймати тушунилади1. Устав капитали – бу таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳиссаларнинг (пул ифодасида) йиғиндисидир акс эттирадиган хусусий капиталнинг бир қисмидир ("Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида” 30.08.1996 йилдаги  Қонуннинг 14-моддаси иккинчи қисми). Бундан ташқари, хусусий капитал, устав капиталидан ташқари қўшилган ва захира капиталидан, ҳамда тақсимланмаган фойдадан таркиб топади. Қўшилган капитал акцияларни номинал қийматидан баланд нархларда дастлабки сотишдан олинадиган эмиссия даромадини акс эттиради. Захира капитали мол-мулкни қайта баҳолаш чоғида ҳосил бўладиган инфляция захираларини, шунингдек текинга олинган мол-мулк қийматини акс эттиради.

 

 

Тақсимланмаган фойда фойданинг жамғарилаётганини ифодалайди ва мулкдорларнинг қарорига биноан устав капиталига қўшилиши мумкин ("Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида” 30.08.1996 йилдаги  Қонуннинг 14-моддаси бешинчи қисми). Бу қоидалар хусусий капитал ўзини мулкдорлар, яъни жамият иштирокчиларининг маблағлари сифатида намоён қилишидан далолат беради.

 

 

 Хусусий капиталнинг миқдори субъект фаолиятининг молиявий натижаларига (фойда ёки зарар) боғлиқ ҳамда соф активлар миқдорини ташкил қилувчи ташкилотнинг жами мол-мулки (активлари) қиймати ва унинг мажбуриятлари2 ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

 

 

Шундай қилиб, жамият соф активлари таркибига тақсимланмаган фойда киради, тақсимланмаган фойда эса ўз навбатида МЧЖ иштирокчисининг унинг устав фондидаги улушига мутаносиб равишдаги улушининг ҳақиқий қиймати таркибига киритилади.

 

 

Жамғарилган фойдани МЧЖ иштирокчилари ўртасида тақсимлаш масаласи МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 25-моддаси билан тартибга солинган. Шу билан бирга ушбу Қонуннинг 8-моддаси иштирокчига “жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини ушбу Қонунда ва жамиятнинг уставида назарда тутилган тартибда мазкур жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисига  сотиш ёки ўзга тарзда уларнинг фойдасига воз кечиш” ҳуқуқини беради. Бу шуни англатадики, иштирокчи МЧЖ таркибидан чиқиб кетишда унинг улушли иштирокига мутаносиб равишда тақсимланмаган фойданинг жамғарилган қисмини ҳам ўз ичига олувчи ҳақиқий улушдан воз кечишга қарор қилишга ҳақли. Бу ҳолатда иштирокчининг жамият фойдасини тақсимлашда иштирок этиш ҳуқуқи билан ўз ичига тақсимланмаган фойда оладиган ўз улушининг ҳақиқий қийматининг бир қисмидан воз кечиш ҳуқуқини адаштирмаслик керак.  

 

 

Юқорида келтирилган қоидалар чиқиб кетаётган иштирокчи ўзининг улушли иштирокига мутаносиб равишда тақсимланмаган фойданинг бир қисмидан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли, деган хулосага келиш имконини беради.

 

 

Шунинг учун МЧЖнинг чиқиб кетган иштирокчилари чиқиб кетгунларига қадар ёки чиқиб кетиш пайтида фойдани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилмаганликлари факти аҳамиятга эга эмас, чунки МЧЖ тўғрисидаги Қонун уларга фойдани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишни юкламайди, балки уларга бу бўйича ҳуқуқ беради.

 

 

Иккинчи саволга жавоб берганда, шуни айтиш лозимки,  МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси ўн биринчи моддасига биноан “жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) олувчига жамият иштирокчисининг мазкур улушдан (улушнинг бир қисмидан) воз кечишига қадар юзага келган барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўтади”.   

 

 

 

Бу шуни англатадики, МЧЖнинг қолган ягона иштирокчиси МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 8 ва 25-моддаларига асосан жами тақсимланмаган фойдани уставда белгиланган муддатларда тақсимлашга ҳақли. Эслатиб ўтамиз, МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 25-моддаси биринчи қисмига биноан “жамият йилнинг ҳар чорагида, ярим йилда бир марта ёки бир йилда бир марта ўзининг соф фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Жамиятнинг жамият иштирокчилари ўртасида тақсимланадиган фойдаси қисмини аниқлаш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади”.

 

 

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат. 

 

 


114-сон Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (БҲМС) “Хусусий капитал тўғрисида ҳисобот” 10-банди (Молия вазирининг 1.03.2004 йилдаги 36-сон буйруғи билан тасдиқланган, АВ томонидан 7.04.2004 йилда 1335-сон билан рўйхатдан ўтказилган).


 

2 Ўша жойга қаранг: 14-сон БҲМС 10-банди. 

 

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 802