Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси таклифига кўра пенсиялар ва ижтимоий нафақалар олувчи фуқаролар учун уларни СМС-хабарлар воситасида ҳисобланмалар тўғрисида хабардор қилиш хизмати жорий қилинмоқда.
Хизмат Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сон Қарорини бажариш юзасидан, шунингдек кексаларга ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларига ахборот хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш мақсадида жорий қилинмоқда.
Пенсия жамғармасининг СМС-хабар бериш тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1.03.2016 йилдаги 165-Ф-сон Фармойиши билан маъқулланган, деб хабар берилади Жамғарма сайтида.
Хабарлар мобил алоқа воситаларига бепул асосда жўнатилади ҳамда ўз ичига қуйидагиларни олади:
Ўзбекистон Республикаси Фармонларига асосан пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорининг оширилиши тўғрисидаги ахборот;
банк пластик карталарига эга шахсларни уларга пенсиялар ва ижтимоий нафақалар ўтказилганлиги тўғрисида хабардор қилиш;
улар томонидан қисқа рақамга йўлланган якка тартибдаги сўровлар асосида пенсиялар ва ижтимоий нафақаларнинг миқдорлари, тўлов шакли ва тайинлаш муддати тўғрисидаги ахборот;
давлат пенсия таъминоти соҳасида ахборот тусига эга билдиришлар.
Фуқароларга жўнатиладиган СМС-хабарларнинг таркиби ва маълумотлар базасини шакллантириш манбаси бўлиб Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобланади.
СМС-хабарлар жўнатишни амалиётга жорий қилиш Пенсия жамғармаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Мобил алоқа тармоғи операторлари ва контент-провайдерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида СМС-хабарларни жўнатиш бепул асосда амалга оширилади ҳамда унга солиқ солинмайди.
Мавзуга доир материал:
Пенсияни пластикка ўтказиш – ихтиёрий иш