Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади

30.05.2017

 

2017 йил 27 май куни пойтахтимизда  Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Ялпи мажлисда 21 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилди.


Президентнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилмоқда. Ушбу ўзгартишлар ерлардан хўжасизларча фойдаланганлик ёки уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини, сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини, саноат, рўзғор чиқиндилари ва ўзга чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утиллаштириш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик, шу жумладан, ушбу ҳуқуқбузарликларни такроран содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.
 

Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар тоифасини аниқлашни ва васий ёки ҳомий этиб тайинланишига тўсқинлик қиладиган касалликларга чалинган шахсларни васий ёки ҳомий этиб тайинлашга тақиқ ўрнатишни назарда тутмоқда.
 

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқДавлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонунга, Хўжалик процессуал кодексига, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар давлат солиқ хизмати органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтиришга, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғишга сарфланадиган харажатлар камайишини таъминлайдиган маъмуриятчилик ишларини такомиллаштиришга, масофавий (камерал) назоратни кенг жорий этишга ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, судлар ва жараён иштирокчилари ўртасида ҳужжатлар айирбошлаш механизмини соддалаштиришга ва тезкорлигини оширишга қаратилган.
 

Хўжалик ишларини, шу жумладан, электрон шаклда шакллантириш тартиби белгиланмоқда. Бу эса дастурий таъминот ишлаб чиқишни, шунингдек, суд мажлислари залларида замонавий компьютерлар, сканерлар ва бошқа ускуналар ўрнатишни назарда тутади.

Президентнинг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ айрим қонунларга давлат объектларини инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда “ноль” қийматида хусусийлаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.


“Прокуратура тўғрисида”ги Қонунга
ҳам ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, Бош прокурор зиммасига юклатилган вазифаларнинг сифатли ижросини таъминлаш мақсадида алоҳида ҳолларда, прокуратура органларидаги хизматга иқтисодиёт, молия, социология, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ва бошқа соҳаларда олий маълумотга, зарур билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни қабул қилиш ҳуқуқи берилмоқда.


Шу билан бирга фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига дори воситалари, тиббиёт учун мўлжалланган буюмлар каби тушунчаларга янги таърифлар берилди, тиббий техника, доривор ўсимлик хомашёси каби янги тушунчалар киритилди.

Бундан ташқари, фармацевтика фаолиятининг турини – дори воситаларини ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш бўйича ваколатларни Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказиб берилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилмоқда.
 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунга, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ сенаторлар давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларининг таъминотчи, хизмат кўрсатувчи ҳамда бошқа ташкилотлар олдидаги қарздорлигини келтириб чиқарувчи сабаблар тўғрисида Бош вазир ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаевга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Шундан сўнг сенаторлар Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг раисини ва раиси ўринбосарини сайлаш, Олий суд раиси ва аъзоларини сайлаш, Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчисини лавозимга тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчисини лавозимга тайинлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.

 

Сўнгра сенаторлар Ташқи ишлар вазирининг Ташқи ишлар вазирлигининг ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар ва муҳокама қилдилар. Бу соҳада катта ишлар амалга оширилганлигини таъкидланди.

 

Охирги 9 ой давомида олий даражадаги 12 та ташриф ва ҳукумат делегацияларининг 460 та сафари уюштирилди, улар доирасида кўплаб инвестицион ва савдо битимлари имзоланди.

 

Шу билан бирга сенаторлар ўз нутқларида Ташқи ишлар вазирлигининг ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналарининг фаолиятида жиддий камчиликлар, ўз ечимини топишни кутаётган муаммолар ва фойдаланилмаган имкониятлар борлигини қайд этдилар.

 

Хусусан, мамлакатимиз минтақаларига хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни жалб қилиш, мамлакатимиз экспортчиларининг маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқиш бўйича ишлар етарли даражада фаоллашмади. Кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашда камчиликлар мавжуд, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг хорижнинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги лозим даражада йўлга қўйилмаган.

 

Муҳокама чоғида сенаторлар Ташқи ишлар вазирлигининг фаолиятини янада такомиллаштиришга ва ҳисоботни эшитиш чоғида қайд этилган мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таъсирли чоралар кўришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Сенат сессиясида  Козимжон Комилов  Олий  суд раиси лавозимига  тайинланди.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ушбу мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, ННТ ва бошқа ташкилотлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

 

 Маъруф УСМАНОВ.

 

 

 

 

Курс валют

2017-10-17
  • USD:8058.77 (+6.69) сум
  • EUR:9515.80 (+65.07) сум
  • RUB:140.84 (+2.32) сум