Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Судлов ҳимояси: амалиёт ва назария

10.11.2016

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига  асосан суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш зарур.

Ўзбекистонда фуқаролар суд кадрларини тайёрлаш ва суд этикасининг қонунчилик асослари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар. Мамлакатимизнинг Асосий Қонуни, “Судлар тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августда қабул қилинган "Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" ва 2012 йил 30 ноябрдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари,  судьяларнинг ҳуқуқий ваколатларини аниқлаб беради ва улар олдига давлат ҳокимиятини амалга ошириш, адолатни қарор топтиришда фуқаро ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳамда давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилишдек махсус мақомига мувофиқ талабларни қўяди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида 2013 йил февраль ойида Судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидалари қабул қилинган бўлиб, у судьялар учун хизмат вазифаларини бажараётганда ва хизматдан ташқари пайтдаги мажбурий қоидаларни тартибга солади1.

 

Аммо, амалда ҳар доим ҳам бунга риоя қилинмаётир. Қуйида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судида кўрилган ишни кўриб чиқамиз.

 

Фуқаролик ишлари бўйича  N туманлараро судининг 2015 йил 11 ноябрь кунидаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар фуқаро Р.нинг жавобгар У.га нисбатан келтирган уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.

 

Иш тафсилотларидан маълум бўлишича, суднинг ушбу ҳал қилув қарори қонунга зид равишда қабул қилинган бўлиб, У.нинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган. У. ўз навбатида, судья томонидан айрим хатти-ҳаракатлар сабабли, суд мажлисида қатнашмаган, чунки суд мажлиси тўғрисида умуман хабардор бўлмаган. Бинобарин, У. ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун керакли ҳужжатларни тақдим этиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлган.

 

Олий суд Пленумининг 21.05.2004 йилдаги 5-сон “Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти ҳақида”ги Қарорининг 21-бандида “Апелляция инстанцияси суди янгидан тақдим қилинган ҳужжатлар ва материалларни (далилларни) кўриш учун қабул қилишга ҳақли. Бунда суд янги тақдим қилинган далиллар биринчи инстанция судида ўрганилмаганлиги сабабларини аниқлайди…

 

Судлар шуни ҳам назарда тутиши лозимки, қонун апелляция инстанцияси судида иш ҳолатлари текширилиши ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитиш билангина чекланиб қолмай, ҳар қандай далиллар, агар биринчи инстанция судига уларни тарафлар томонидан тақдим қилиш имконияти бўлмаган деб топилгудек бўлса, мазмуни бўйича текширилишига, масалан, зарур ҳолларда, ишдаги мавжуд далилларнинг ўқиб эшиттирилишига, янгидан тақдим этилган далиллар текширилишига имкон беради” деб белгиланган.

 

Даъвогарнинг даъво аризаси ва суднинг ҳал қилув қарорига кўра У. низоли хонадонда 2015 йил 6 март кунидан бошлаб рўйхатда турсада, лекин у ерда яшамаган, уй-жойдан фойдаланмаслиги, У.ни ҳозирда яшаш манзили даъвогарга номаълум эканлиги акс эттирилган.

 

Ушбу ҳолатни суд ўз ҳал қилув қарорида N тумани “Тинчликобод” МФЙ раиси томонидан тасдиқланган далолатномага асослаган. Бу далолатнома қачон тузилганлиги унда акс эттирилмаган. Далолатнома тузган МФЙ раиси ҳам суд мажлисида иштирок этмаган. Ўз ўрнида бундай вазият албатта шубҳа уйғотади.

 

Чунки, гарчи мазкур далолатномада У.ни низоли уй-жойда 6.03.2015 йилдан бери истиқомат қилмаслиги кўрсатилган бўлсада, “Тинчликобод” МФЙ раиси томонидан тузилган ва тасдиқланган 24.03.2015 йилдаги У. ва турмуш ўртоғини яраштириш тўғрисидаги баённома мавжуд.

 

Бу ўз-ўзидан У.ни низоли уйда яшаб келганини, даъвогарнинг У.ни қаерда эканлиги унга номаълумлиги тўғрисидаги важларини рад қилади ва унинг кўргазмалари нотўғри эканлигини тасдиқлайди.

 

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 52-моддасида  (кейинги ўринларда - Уй-жой кодекси) уйдан фойдаланиш ҳуқуқи муддати 6 ой қилиб белгиланган бўлсада, суд ушбу муддат 5 ойни ташкил қилганига қарамай, У.ни фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топган.

 

Бундан ташқари, жабрланувчининг фикрича, суд мажлисида гувоҳ сифатида фуқаро Дилдора Маҳмудовна Ҳамдамова иштирок этган. Ёлғон кўргазма берганлиги учун тегишли тартибда жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилганлигига қарамай, ушбу фуқаро судда ўзини хонадон бошқарувчиси эканлигини таъкидлаб, ёлғон кўргазма берган ҳамда судга 11.11.2015 йилда тузилган ва ўзи томонидан тасдиқланган далолатномани тақдим қилган. Биринчидан, мазкур далолатномага имзо қўйган қўшнилар суд мажлисига гувоҳ сифатида чақиртирилмаган ва суд мажлисида иштирок этмаган. Иккинчидан, фуқаро Д.М.Ҳамдамова 18.02.2015 йилда N тумани “Тинчликобод” МФЙ кенгаши йиғилишининг баённомасига асосан уй бошқарувчилигидан озод этилган, унинг ўрнига фуқаро Р.Ахмедов тайинланган. Бундан келиб чиқадики, фуқаро Д.М.Ҳамдамова лавозимни эгалламаган ҳолда, ўз ваколатига кирмаган ишни амалга оширган, яъни далолатнома тузиб, уни муҳр билан тасдиқлаган.

 

Материалдан кўринадики, суд ўз ҳал қилув қарорини Фуқаролик  кодексининг 164-моддасига асослаган.

 

Жабрланувчи тарафнинг фикрича, аслида низоли хонадон У. Россияда даромад топиб, қайнотаси, яъни даъвогар Р.га жўнатган пуллари ҳисобига олинган. Унинг номига низоли уйнинг олиниши сабаби шундаки, ўша пайтларда У. Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турмас эди. Қайнотасига ишонгани, оиласини ўйлагани учун У. уйни Р.нинг номига олишга рози бўлган. Пул маблағлари жўнатилганлиги тўғрисида тегишли банк маълумотномаси мавжуд.

 

Жабрланувчининг таъкидлашича, У. доимий рўйхатга ўтганидан сўнг, даъвогар Р. ҳийласини бошлаб, У.нинг оиласини бузди, қизидан ажратиб олиб, У.ни ўз уйидан ҳайдаган. Биринчи инстанция суди фуқаролик ишини судда кўришга тайёрлаш даврида Фуқаролик процессуал кодексини (кейинги ўринларда - ФПК) 158-моддасида белгиланган вазифаларни, яъни тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни кўришда амал қилиниши лозим бўлган қонунни аниқлаши; тарафларнинг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни, шунингдек низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни аниқлаши; ишни ҳал этиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаши ва уларнинг ўз вақтида суд мажлисига тақдим этилишини таъминлаши; ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиши лозим эди.

 

Олий суд Пленумининг 14.09.2001 йилдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 22-сон Қарорининг 1-банди “Уй-жой қонунчилик нормаларига риоя қилиш фуқаролар, шунингдек уй-жой фондини ҳисобга олиш, сақлаш, фойдаланиш ва таьмирлашни таъминлаш ваколати юклатилган давлат органлари, корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун судлар бундай тоифадаги ишларни ҳал этишда масъулиятни янада оширишлари, низоларнинг қонуний кўрилишини тўлиқ таъминлашлари лозим”лигини белгилайди. Мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ “Уйга яшаш учун киритиш ҳамда турар-жойдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқини йўқотган деб топиш тўғрисидаги даъволарни ҳал этишда суд турар-жойга даъво қилувчи шахс Уй-жой кодексининг 32-моддаси 2 ва 3-қисмларида қайд этилган шахслар сафига кириши ёки бошқа асос бўйича уйда яшашга бўлган ҳуқуқий ҳолатларини, қандай сабабларга кўра яшамаётганлигини ва даъвони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлашлари лозим” деб кўрсатилган.

 

Материалда келтирилишича, У. томонидан юқорида қайд этилган ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят келтирилганидан сўнг, ФПКнинг 312-моддасига асосан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги; суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги ва суднинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги сабабли суднинг апелляция инстанцияси ҳал қилув қарорини бекор қилиб, У.га хонадонни биргаликдаги мулк деб топиш ҳақида ва мажбурий тартибда киритиш тўғрисида даъво талаблари билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтирган.

 

 

Ҳурматли муштарий,  ушбу масала юзасидан сиз қандай фикрдасиз?

 

«S.Yakubov va advokatlar»

адвокатлик ҳайъати  адвокати

                                        Нозима ЗОҲИДОВА

 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Ярашув институти – инсонпарварлик ва эркинлик омилидир

 

Адвокатлик касби

 

Юридик хизмат

 

 


1 Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссиясининг 2013 йил 28 февралдаги қарори билан тасдиқланган "Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари" асосан қуйидаги беш муҳим тамойилга таянади:

биринчидан, судьянинг касбий малакаси, ҳалоллиги ва муносиблиги;

-   иккинчидан, судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги, холислиги ва одиллиги;

учинчидан, судьянинг ўз ҳамкасблари ва бўйсунувидаги ходимлар билан ўзаро муносабати;

тўртинчидан, судьянинг давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлиги;

бешинчидан, судьянинг хизматдан ташқари вақтда оила аъзолари ва қариндошлари билан муносабатда ҳамда турмушдаги одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш хулқ-атвор қоидалари. 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 648