Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ижрочини хизмат сафарига юбориш мумкинми?

09.02.2017

? Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган ходимни хизмат сафарига юборса бўладими?

– Йўқ, аммо шартноманинг ўзида  тегишли шартни кўзда тутса бўлади.

 

Гап шундаки, хизмат сафари — бу ходимни корхона раҳбарининг фармойиши бўйича, ўзининг доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга, маълум бир муддатга юборилиши (бориб келиш) тушунилади. Яъни хизмат сафари меҳнат муносабатлари мавжуд бўлишини назарда тутади.

 

Бундан ташқари, ходимларни хизмат сафарига юбориш лозим даражада расмийлаштирилиши зарур: буйруқ чиқарилади, тасдиқланган шаклдаги хизмат сафари гувоҳномаси берилади, хизмат сафарига юборилган (жўнаб кетаётган/келаётган) ходимларни  ҳисобга олиш журналига қайдлар киритилади.

 

Шунингдек, қонунчилик билан ўрнатилган хизмат сафарида бўлишнинг чегараланган муддатларига риоя қилиш жоиз. Бу ҳали ҳамма чекловлар эмас. Масалан, ҳомиладор аёллар ва 14 ёшгача (ногирон болалар – 16 ёшгача) фарзандлари бўлган аёлларни уларнинг розилигисиз хизмат сафарларига юбориш мумкин эмас.

 

Бироқ, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишларни (хизматларни) бажариш меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқармагани боис, кўрсатилган тартиб уларни имзолаган тарафларга татбиқ этилмайди.

 

Шу билан бирга, ишларни бошқа жойда қисман ёки тўлиқ бажариш (хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги шартни шартноманинг (пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш ва бошқалар) ўзида назарда тутиш мумкин ёки унга қўшимча келишув тузилса бўлади.

 

Низо ва келишмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида унда қуйидаги жиҳатларни келтириб ўтган маъқул:

  • ижрочи (пудратчи)нинг қандай харажатлари компенсация қилинади. Масалан, транспорт харажатлари, турар жой ижараси чиқимлари, бошқа харажатлар (телефон алоқаси, интернет ва ҳ.к.);
  • қилинган харажатларни тасдиқлаш тартиби;
  • компенсация тўлаш миқдори ва тартиби.

 

Таъкидлаш керакки, мазкур ҳолатда солиқ мажбуриятлари юзага келади. СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмига биноан ходим билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома эмас, балки меҳнат шартномаси тузилган бўлсагина, иш сафарлари билан боғлиқ тўловларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Шу боис сизнинг вазиятда санаб ўтилган харажатлар шартнома бўйича умумий тўловга киритилиши ва у солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларга тортилиши керак.

 

Олег ЗАМАНОВ, 

экспертимиз

 

 

 

Курс валют

2017-08-15
  • USD:4154.36 (+27.91) сум
  • EUR:4895.49 (+16.43) сум
  • RUB:69.02 (+0.62) сум