Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2018 йилдаги «Донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 684-сон қарори эълон қилинди.
Биринчидан, хўжалик юритувчи субъектларга, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ўзлари импорт қилган донни қайта ишлаш орқали ишлаб чиқарилган унни экспорт қилишига рухсат берилди. Бунда экспорт қилинадиган ун миқдори импорт қилинган дон миқдорининг 75%идан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, умумий қоидага кўра, ун экспорти Президент ёки Ҳукумат қарорлари асосида амалга оширилади. Бинобарин, юқорида кўрсатилган шартларга риоя этувчи экспортчиларнинг афзаллиги – уларга алоҳида қарор талаб этилмаслигида.
Иккинчидан, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб донни қайта ишловчи корхоналарнинг маҳсулотлари учун ҚҚС бўйича солиқ солинадиган айланма тушум ҳажмидан дон қийматини чиқариб ташлаб ҳисобланади.
Учинчидан, донни қайта ишловчи корхоналар 2018 йилнинг охиригача дон, ун ва нонни сотишда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан (3,2% – таҳр.) озод этилади.
Тўртинчидан, 2020 йилнинг 1 январига қадар буғдой (ТИФ ТН кодлари 1001110000, 100191, 1001190000, 1001990000), ишлов берилмаган арпа (1003900000), маккажўхори, ширинидан ташқари (1005900000) ва ишлов берилмаган тариқ (1008290000) божхона тўловларини (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.08.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.