Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак оформлять перемещение маркированного товара внутри организации Какой ИКПУ предприятию общепита применить к сету Прозрачное строительство: новые нормы для контроля строительства и реконструкции в рамках госпрограмм Как зарегистрировать товарный знак

Ёнғин назорати органларининг ваколатлари кенгаймоқда

08.08.2023

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 04.08.2023 йилдаги “Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 332-сон Қарори қабул қилинди.

 

2023 йил 1 сентябрдан “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси доирасида қуйидагилар амалга оширилади:

  • таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил услубий машғулотлар ўтказилади;
  • давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларда иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитиш ташкил этилади, жумладан, эвакуация режалари ўт ўчириш воситаларидан фойдаланиш қоидалари билан таништирилади;
  • аҳоли тарқатма материаллар билан таъминланади
  • ОАВда ушбу йўналишдаги мақола, интервью ва кўрсатувлар  намойиш этилади.

 

Кампания доирасида 2024 йилдан бошлаб тадбиркорлар ўртасида “Ёнғин хавфсизлиги аълочиси” йиллик танлови ўтказилади. Ғолибга 100 млн сўм миқдорда пул мукофоти берилади ҳамда унинг фаолияти 2 йил давомида ёнғин назорати органлари томонидан текширилмайди.

 

2024 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин мувофиқлигини мустақил баҳолаш тартиби (ёнғин аудити) ўтказилади.

 

Ёнғин аудити Фавқулодда вазиятлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотлар томонидан ўтказилади ҳамда бино ва иншоотлари ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ мувофиқ бўлган жисмоний ва юридик шахсларга 1 йил муддатга ёнғин аудити хулосаси берилади.

 

Ёнғин аудити бўйича ижобий хулоса олган, ёнғин ва бошқа хатарлардан ўзига тегишли бўлган бино ҳамда иншоотларни суғурталаган тадбиркорларга нисбатан 1 йил давомида давлат ёнғин назорати томонидан текширувлар ўтказилмайди.

 

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ёнғин назорати органларига қуйидаги ваколатлар берилади:

  • ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган объектларда:
    • бир йилда кўпи билан бир мартадан батафсил (дастлабки) текширув ва назорат текширувини ўтказиш;
    • жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, шунингдек, ОАВ ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида тезкор текширувлар ўтказиш;
  • бир вақтнинг ўзида 50 нафардан кўп одам тўпланадиган объектларда (бозорлар, савдо-кўнгилочар мажмуалари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқалар) давлат ёнғин назорати органлари томонидан ФВВ тасдиқлаган режа-график асосида ҳар чоракда камида бир маротаба мониторинг ва профилактика тадбирларини ўтказиш.

 

2023 йил 1 ноябрдан:

  •  давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади;
  • давлат ёнғин назорати органлари қурилиш объектларида қурилиш- монтаж ишларини амалга ошириш жараёнида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилади;
  • аҳоли гавжум бўладиган объектларда қонунчиликка мувофиқ ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан мажбурий тартибда идоравий ёнғин назорати ўрнатилади.

 

2024 йил 1 январдан бошлаб бозорлар ва савдо комплексларига тегишли бино ва иншоотлар мулкдорларининг жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тартиби жорий этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.08.2023 йилдан кучга кирди.

 

Собир Нурбердиев.