Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКрупные налогоплательщики все ТТН за апрель 2024 года должны оформить в электронном виде Можно ли вернуть НДС по безнадежной задолженности Как передать учредителю квартиру в счет дивидендов Как хранить бухгалтерские документы Как хранить бухгалтерские документы Как хранить бухгалтерские документы

Пенсиялардан чегирмалар қилиш тартиби белгиланди

03.11.2016

Молия вазирининг буйруғи билан (рўйхат рақами 2835, 2016 йил 26 октябрь) Пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирмалар қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди.

Қонунчиликда қуйидаги асосларда пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирмалар қилиш мумкинлиги назарда тутилган:

 

  • суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундирувлар борасида), нотариал идораларнинг ижро хатлари ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа қарорлар асосида;

 

  • Пенсия жамғармаси бўлимининг қарорига биноан пенсионерга (нафақа олувчига) у томонидан қилинган суиистеъмолликлар (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаганлиги) натижасида ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия (нафақа) миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда.

 

Пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлардан бошқа ҳеч қандай чегирмалар қилиш мумкин эмас.

 

Юқорида қайд этилган асослар бўйича мажбурий чегирмалар тўланадиган суммага нисбатан кўпи билан 50 фоиз миқдорида амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга қарздорнинг ўзи (пенсионер ёки нафақа олувчи)  ўз аризаси асосида чегирмалар миқдорини оширишга ҳақли. Чегирмалар ҳажми фоиз нисбатида ёки қатъий белгиланган суммада бўлиши мумкин. Қарздорликни қоплашга йўналтириладиган сумма миқдори қарздор томонидан янги ариза бериш йўли билан ўзгартирилиши мумкин.

 

Бир нафар пенсионер ёки нафақа олувчига нисбатан бир нечта ижро ҳужжатлари келиб тушган тақдирда пенсия ва нафақалардан чегирма қилиш “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 80-моддасида белгиланган навбат тартибида амалга оширилади. Ҳар бир кейинги навбат талаблари аввалги навбат талаблари тўлиқ бажарилгандан сўнг қаноатлантирилади.

 

Шу билан бирга Пенсия жамғармасига пенсия ва нафақалардан чегирмалар биринчи навбатда қаноатлантирилиши зарур.

 

Ундирилган сумма бир навбатнинг барча талабларини тўла қондириш учун етарли бўлмаса, улар ҳар бир ундирувчи олиши лозим бўлган суммага мутаносиб равишда қондирилади.

 

Чегирма қилиш ҳужжатлари бевосита пенсионер ёки нафақа олувчи ҳисобга олинган Пенсия жамғармаси бўлимига чегириб қолиш ва қарздордан чегирилган маблағларни ундирувчига ўтказиш ҳақидаги қарор илова қилинган кузатув хати билан юборилади. Кўрсатилган ҳужжатлар ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда юборилиши ҳам мумкин.

 

Чегирмалар ижро ҳужжатидаги талабномада кўрсатилган манзилга ўтказилади. Чегирилган сумма қарздор ҳисобидан жўнатиш харажатларини инобатга олган ҳолда ундирувчига юборилади.

 

Пенсионер ёки нафақа олувчига у томонидан қилинган суиистеъмолликлар (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаганлиги) натижасида ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия ёки нафақа миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда пенсия ва нафақани ундириш Пенсия жамғармасининг пенсияни тайинлаш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда - комиссия) қарори асосида амалга оширилади.

 

Суиистеъмоллик деганда пенсионер ёки нафақа олувчининг пенсия ва нафақалар бўйича ортиқча тўловлар олишга қаратилган ҳаракатлари тушунилади.

 

Ҳисоблашдаги хато деганда пенсия ва нафақаларни ҳисоблашда арифметик ҳаракатлар (қўшиш, айириш, бўлиш, кўпайтириш) билан боғлиқ хато, дастурий таъминотга маълумотларни киритишдаги механик хато ҳамда дастурий таъминот ишида рўй берган хато тушунилади.

 

Техник хато эса дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ бўлган хатодир. Бундай хатога пенсия таъминоти бўйича  имтиёзларни нотўғри талқин қилиш (методик қўлланмалар, йўриқномалар ва кўрсатма хатлардан фойдаланган ҳолда), пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қўлланиладиган меҳнат ҳақини ҳисоблашда коэффициентларни хато танлаш, пенсия ва нафақаларни ўтказишда бошланғич маълумотларни нотўғри кўрсатиш, бир нечта асос бўйича бир даврга пул тўлаш ва қонунчиликда кўзда тутилган ҳисоблаш қоидаларига амал қилмаслик киради.

 

Комиссия қарорлари асосида чегирма қилиш қуйидаги ҳажмда амалга оширилади:

  • ҳисоблаш ёки бошқа техник хато натижасида — 10%;
  • қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаганлик, нафақа ва пенсияни тўлаш даврида меҳнат фаолияти юритиш фактини яшириш натижасида — 30%;
  • минимал иш ҳақининг икки баробаридан кам миқдорда пенсия ёки нафақа олаётган шахслар бўйича — 5%.

 

Суд қарори асосида чегирма миқдори белгиланган тақдирда чегирма қилиш суд томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

Пенсионер ёки нафақа олувчига ортиқча тўланган пулларни ундириш ҳақидаги Комиссия қарори устидан шикоят билан юқори орган ва (ёки) судга мурожаат этиш мумкин.

 

Даъво аризаси судга тақдим этилган тақдирда комиссиянинг чегирма қилиш ҳақидаги қарори тўхтатиб турилади.

 

Пенсия (нафақа)дан ортиқча тўланган суммалар бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда пенсия ва нафақалардан чегирмалар пенсионер (нафақа олувчи) вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия ва нафақалар суммалари, шунингдек ижтимоий (пенсия) таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузилмаган Ўзбекистон Республикаси ташқарисидаги давлатга доимий яшаш учун жўнаб кетишгача олти ой аввал бериладиган пенсия суммаларидан ҳам амалга оширилади.

 

Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг мониторинг гуруҳи пенсия ёки нафақани тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилган ваколатли орган кўрсатмаларисиз пенсия (нафақа)нинг миқдорини камайтириш ёки кўпайтириш ёки тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга эмас.

 

Барча чегирмаларни ҳисоблаб чиқаришда қайта ҳисоблашларда аниқланган пенсия ва нафақалар қўшимчалари суммалари ҳам киритилиши лозим. Агар, пенсия ёки нафақа миқдори камайтирилса, тўланган суммалар жорий ойда чегирма қилинишида ҳисобга олиниши мумкин эмас.

 

Агар пенсионер ёки нафақа олувчи Ўзбекистон Республикасидан ташқарисига доимий яшаш учун кетганда ижро ҳужжати ҳужжатни қайтариш сабабини кўрсатган ҳолда илова қилинган хат билан суднинг топшириғига асосан ижро ҳужжати ҳисобга олинган жой бўйича уни юборган тегишли органга, у мавжуд бўлмаганда эса ижро ҳужжатини ёзиб берган судга юборилади.

 

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ижтимоий (пенсия) таъминот тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатга доимий яшаш учун кўчиб кетган пенсионернинг давлат олдида у томонидан содир этилган суиистеъмолликлар (қасддан нотўғри маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилмаслиги) натижасида пенсиялар суммасининг ортиқча тўланиши бўйича қарздорлиги мавжуд бўлганда пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди етказилган зарар тўлиқ қоплангандан сўнг берилади.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан  яқин орада «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.