Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
  • www.norma.uz
  • Разное
  • “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири

“Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири

23.09.2016

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
 

 

Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида

(янги таҳрири)

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
          Ушбу Қонуннинг мақсади меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 

2-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
          Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. 
          Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. 

3-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси 
          Ушбу Қонун: 
          корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) билан, шунингдек алоҳида ёлловчилар билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимларга; 
          ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган олий таълим муассасалари талабаларига, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларига, бошқа таълим муассасалари тингловчиларига; 
          ташкилотларда ишлаш учун жалб этиладиган ҳарбий хизматчиларга; 
          муқобил хизматни ўтаётган фуқароларга; 
          суд ҳукмига кўра жазони ўтаётган шахсларга улар жазони ижро этиш муассасалари томонидан белгиланадиган ташкилотларда ишлаши даврида, шунингдек маъмурий қамоққа олиш тарзидаги маъмурий жазо қўлланилган шахсларга, бошқа турдаги ишларни бажаришга, шу жумладан жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб ташкил этиладиган ишларни бажаришга жалб этиладиган шахсларга нисбатан татбиқ этилади. 
          Ушбу Қонун иш берувчиларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. 
          Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар бундан буён матнда ходимлар деб аталади. 

4-модда. Асосий тушунчалар 
          Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: 
          жамоавий ҳимоя воситалари – тузилиши ёки вазифаси жиҳатидан ишлаб чиқариш биноси ва ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлган, ходимларга зарарли ишлаб чиқариш омили ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омили таъсирининг олдини олиш ёки уни камайтириш, шунингдек ифлосланишлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган техник воситалар ва бошқа воситалар; 
          зарарли ишлаб чиқариш омили – таъсири ходимнинг касб касаллигига чалинишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили; 
          иш ўрни – меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг доимий ёки вақтинчалик бўлиш жойи; 
          ишлаб чиқариш фаолияти – маҳсулот ишлаб чиқариш, хом ашёни қайта ишлаш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш чоғида амалга ошириладиган ҳаракатлар йиғиндиси; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса – ходимнинг иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда, шу жумладан иш берувчи томонидан берилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда меҳнатда майиб бўлишига ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланишига олиб келган ва ходимни бошқа ишга ўтказиш заруратига, у касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки турғун йўқотишига ёхуд вафот этишига сабаб бўлган ҳодиса; 
          касб касаллиги – ходимнинг унга зарарли ишлаб чиқариш омили ёки хавфли ишлаб чиқариш омили таъсири натижасида юзага келган ва унинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёхуд турғун йўқотишига сабаб бўлган ўткир ёки сурункали касаллиги; 
          меҳнат шароитлари – меҳнатни амалга ошириш чоғидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндиси; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш – меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизими; 
          меҳнатда майиб бўлиш – ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ходимнинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки турғун йўқотиши; 
          ноқулай ишлаб чиқариш омиллари – зарарли ишлаб чиқариш омилининг ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилининг мавжудлиги; 
          хавфли ишлаб чиқариш омили – таъсири ходимнинг шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили; 
          шахсий ҳимоя воситалари – ходимга зарарли ишлаб чиқариш омили ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омили таъсирининг олдини олиш ёки уни камайтириш, шунингдек ифлосланишлардан ҳимояланиш учун фойдаланиладиган техник воситалар ва бошқа воситалар. 

5-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат: 
          ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 
          давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш; 
          барча ташкилотлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги талабларни белгилаш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш; 
          ходимларни ҳимоя қилувчи хавфсиз техника, технология ва воситаларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини рағбатлантириш; 
          фан, техника ютуқларидан ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илғор миллий ва хорижий тажрибадан фойдаланиш; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш; 
          халқаро ҳамкорликни амалга ошириш. 

6-модда. Меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқариш 
          Меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ айрим ваколатларга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади. 

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари 
          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва амалга оширади; 
          давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлайди; 
          меҳнат шароитларининг давлат экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартибини белгилайди; 
          ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш тартибини белгилайди; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш учун иш берувчи томонидан маблағлар ажратиш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармаларини тузиш ва уларнинг маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади. 
          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 

8-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари 
          Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир. 
          Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги: 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади, келишиб олади ҳамда тасдиқлайди; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши, шу жумладан ноқулай ва алоҳида меҳнат шароитларида ишлаганлик учун ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар берилиши юзасидан давлат назорати ҳамда текширувини амалга оширади; 
          меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси ўтказилишини таъминлайди; 
          давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади; 
          давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг ягона реестрини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда юритади; 
          меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолати мониторингини ўтказади; 
          ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишларнинг сабабларини таҳлил қилади ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, юридик ва жисмоний шахсларга бундай жароҳатланишларнинг олдини олиш бўйича таклифлар киритади; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг махсус текшируви ўтказилишини ва ҳисобга олинишини таъминлайди. 
          Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари 
          Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 
          ходимларнинг дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўрикларини ўтказиш тартибини белгилайди; 
          ишлаб чиқариш муҳити омилларининг зарарлилиги ва хавфлилиги, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги кўрсаткичлари бўйича санитария қоидаларини, нормаларини ва гигиена нормативларини белгилайди; 
          меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга бериладиган сутни (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини), даволаш-профилактика озиқ-овқатини, газланган тузли сувни (иссиқ цехларда ишловчилар учун) бериш нормативларини белгилайди; 
          ходимни енгилроқ ишга ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсирини истисно этадиган ишга ўтказиш учун тиббий ва бошқа кўрсаткичлар рўйхатини тасдиқлайди; 
          ходим касб касаллигига чалинган деб гумон қилинганда унинг меҳнат шароитларининг санитария-гигиена тавсифини тузишга доир талабларни белгилайди; 
          касб касалликларини аниқлаш ва ходимларнинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлиги даражасини аниқлаш учун йўлланма бериш тартибини белгилайди. 
          Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 

10-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари 
          Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида: 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги тармоқ мақсадли ва махсус дастурларни тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди; 
          тизимидаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади; 
          тизимидаги ташкилотларда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ва ходимлар соғлиғига бошқача шикаст етказилишининг текширувдан ўтказилиши ҳамда ҳисобга олинишини ташкил этади ва таъминлайди; 
          тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича тайёрланиши, қайта тайёрланиши, малакаси оширилиши ва билимлари текширилишини ташкил этади. 
          Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 

11-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари 
          Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари: 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади; 
          давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тегишли ҳудудий бўлинмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради. 
          Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин. 

12-модда. Ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари
          Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни 
          муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади. 
          Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсунади. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларига барча ходимлар томонидан риоя этилишини назорат қилиш, таркибий бўлинмаларнинг раҳбарларига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бузаётган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида ташкилот раҳбарига тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин. 

13-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида шартнома асосида хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларидир. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари: 
          ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини амалга ошириши; 
          иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказиши; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаши ва уларнинг малакасини ошириши; 
          ташкилотда меҳнатнинг муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудитини ўтказиши мумкин. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларига ва улар томонидан хизматлар бажарилишига доир талаблар, шунингдек уларнинг ягона реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 

14-модда. Иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси 
          Иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси меҳнат шароитларининг, иш ўринларидаги меҳнат жараёни оғирлиги ва тиғизлигининг ҳамда уларнинг жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилигининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш, зарарли ишлаб чиқариш омилини ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуидир. 
          Иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясидан қуйидагилар ўтказилиши керак: 
          меҳнат шароитлари бўйича ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзлар ва компенсациялар назарда тутилган иш ўринлари; 
          ногиронлар банд бўлган иш ўринлари; 
          имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларида кўрсатилган иш ўринлари; 
          хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги иш ўринлари. 
          Қонун ҳужжатларида, шунингдек жамоа шартномалари ва келишувларида бошқа иш ўринларининг ҳам меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилиши назарда тутилиши мумкин. 
          Иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси белгиланган тартибда иш берувчининг ўзи томонидан ўтказилади. Иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказиш даврийлиги қонун ҳужжатларида белгиланади, бироқ беш йилда камида бир марта ўтказилади. 

15-модда. Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити 
          Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити меҳнатни муҳофаза қилиш тизимининг ҳолатини баҳолаш бўлиб, ушбу аудит иш берувчининг қарорига биноан ўтказилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади: 
          ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг ишлаши сифатини, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга, даражасини камайтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини баҳолаш; 
аниқланган камчиликларни бартараф этишга, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш. 
          Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилади. 

16-модда. Меҳнатни муҳофаза қилишни молиялаштириш
          Меҳнатни муҳофаза қилишни молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади: 
          Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағлари; 
          иш берувчининг ўз маблағлари; 
          қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармаларининг маблағлари; 
          юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; 
          қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш учун бюджет маблағлари тегишли (республика ва маҳаллий) бюджетларда алоҳида қайд билан ажратилади, бу маблағлардан бошқарув органларининг, назорат қилувчи ва текширувчи органларнинг таъминоти, илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид давлат дастурларини ва бошқа дастурларни бажариш учун фойдаланилади. 
          Ҳар бир иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган маблағларни қонун ҳужжатларида, жамоа шартномасида, шунингдек жамоа келишувларида ёки бошқа ички норматив ҳужжатларда белгиланадиган миқдорда ажратади. Ходимлар ана шу мақсадлар учун бирор-бир чиқим қилмайдилар. 
          Ташкилотлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамғармани ўзининг тижорат фаолияти ва бошқа фаолиятидан олинадиган фойда (даромадлар), шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этишга ҳақлидир. 
          Меҳнатни муҳофаза қилишга мўлжалланган маблағлардан бошқа мақсадлар учун фойдаланилиши мумкин эмас. 
Меҳнатни муҳофаза қилиш учун иш берувчи томонидан маблағлар ажратиш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамғармаларни ташкил этиш ва уларнинг маблағларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси иштирокида белгиланади. 

17-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш
          Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг тайёрланиши белгиланган тартибда таъминланади. 
          Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий соҳа хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда талабалар ва ўқувчилар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш курси мажбурий ўрганилишини ташкил этиши керак. 
          Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда иш берувчилар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар қайта тайёрланишини ва уларнинг малакаси оширилишини таъминлайди. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 

18-модда. Ходимларни сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш
          Меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланади. Бундай ишларнинг рўйхати, уларни бериш нормалари, улар билан таъминлаш тартиби ва шартлари жамоа шартномалари ҳамда келишувларида белгиланади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган нормативларга мувофиқ белгиланади. 
          Ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

19-модда. Объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш воситаларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш чоғида меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни таъминлаш
          Меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланишга, ишлаб чиқариш воситаларини ишлаб чиқариш ва таъмирлашга, технологияларни жорий этишга, шу жумладан хориждан олинганларини жорий этишга йўл қўйилмайди. 
          Йўл қўйиладиган энг юқори нормативлари (концентрациялари) белгиланган тартибда ишлаб чиқилмаган ва тегишли экспертизалардан ўтказилмаган зарарли моддаларнинг ишлаб чиқаришда қўлланилиши тақиқланади. 

20-модда. Ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш воситаларини яратиш ва ишлаб чиқариш борасидаги фаолиятини рағбатлантириш 
          Ташкилотлар фойдасининг меҳнатни муҳофаза этишга оид адабиётларни, плакатларни, бошқа тарғибот воситаларини нашр этиш ҳисобидан ҳосил бўлган қисмига, шунингдек илмий-тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари фойдасининг жамоавий ҳимоя воситалари ва шахсий ҳимоя воситаларининг, ишлаб чиқариш муҳитини назорат қилиш асбоблари ва дозиметрия воситаларининг янгиларини яратиш, мавжуд воситаларни ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш ҳисобидан олинган қисмига қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзли солиқ солиш белгиланиши мумкин. 

21-модда. Ишга қабул қилишда ва бошқа ишга ўтказишда меҳнатни муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқнинг кафолатлари
          Меҳнат шартномасининг шартлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа шартномалари, шунингдек жамоа келишувлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги бошқа ички норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак. 
          Фуқароларни соғлиғининг ҳолатига кўра ўзига тўғри келмайдиган ишга қабул қилиш ва ходимларни бошқа шундай ишга ўтказиш тақиқланади. 
          Фуқароларни соғлиғи ва ҳаётига юқори даражада хавф туғдириши мумкинлиги олдиндан аён бўлган ишга қабул қилиш ҳамда ходимларни бошқа шундай ишга ўтказиш чоғида иш берувчи уларни бу ҳақда огоҳлантириши шарт. 
          Соғлиғининг ҳолатига кўра енгилроқ ишга ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсирини истисно этадиган ишга ўтказишга муҳтож ходимларни иш берувчи ана шундай ишга уларнинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламай ўтказиши шарт. 
          Соғлиғининг ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини истисно этадиган кам ҳақ тўланадиган ишга ўтказишда ходимларнинг аввалги ўртача ойлик иш ҳақи Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган тартибда ва муддатларда сақланиб қолади. 

22-модда. Ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари 
          Ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга: 
          меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига мос бўлган иш ўрнига эга бўлиш; 
          иш берувчидан меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли мавжудлиги, шу муносабат билан ўзига берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шунингдек шахсий ҳимоя воситалари ва жамоавий ҳимоя воситалари ҳақида ахборот олиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид белгиланган нормалар ва талабларга мувофиқ иш берувчининг маблағлари ҳисобидан шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиш; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилиниш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилганлиги оқибатида ўз ҳаёти ва соғлиғи учун хавф юзага келган тақдирда, агар шундай ҳолатлар меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ҳамда текширувини амалга оширувчи органлар томонидан тасдиқланса, ишларни бажаришни бундай хавф бартараф этилгунига қадар рад этиш; 
          ўз иш ўрнидаги меҳнат шароитлари ҳамда муҳофазаси меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи орган томонидан текширишдан ўтказилиши учун сўровнома бериш; 
          иш берувчининг маблағлари ҳисобидан меҳнатнинг хавфсиз услублари ва усуллари бўйича ўқиш; 
          қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва компенсацияларни олиш; 
          ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши муносабати билан ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини иш берувчидан ундириш; 
          ўз иш ўрнида меҳнат қилиш учун хавфсиз шароитлар таъминланиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилаётганда ва ўзи билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса ёки унинг касб касаллиги текширилаётганда шахсан ўзи иштирок этиш ёки ўз вакиллари орқали иштирок этиш; 
          тиббий тавсияларга мувофиқ навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтиш, ушбу тиббий кўрикдан ўтиш вақтида унинг иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланиши; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилганлиги оқибатида иш ўрни тугатилган тақдирда иш берувчининг маблағлари ҳисобидан қайта тайёргарликдан ўтиш. 
          Ходим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 
          Ходим: 
          меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши; 
          шахсий ҳимоя воситаларини тўғри қўллаши; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олиши, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан ва малака оширишдан ўтиши; 
          одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи ҳар қандай вазият тўғрисида, шунингдек иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчини дарҳол хабардор қилиши шарт. 
          Ходимнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин. 

23-модда. Иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари 
          Иш берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга: 
          ходимлардан меҳнатни муҳофаза қилишга ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир нормалар, қоидалар ва йўриқномаларга риоя этишни талаб қилиш; 
          ходимларнинг алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси ёки токсик модда таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун уларни текширувдан ўтказиш; 
          ходимлар ишлаб чиқаришда олган жароҳатланишларнинг оғирлик даражаси, ходимларда уларнинг жароҳатланишига олиб келиши мумкин бўлган касаллик мавжудлиги тўғрисида, шунингдек уларнинг алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси ёки токсик модда таъсиридан маст ҳолатда эканлиги ҳақида маълумотлар олиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этганлик учун ходимларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни бузганликда айбдор ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш. 
          Иш берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 
          Иш берувчи: 
          ҳар бир иш ўрнида меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаши; 
          бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналардан фойдаланиш, технологик жараёнларни амалга ошириш чоғида, шунингдек ишлаб чиқаришда хом ашё ва материалларни қўллаш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш чоғида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаши; 
          иш ўринларида меҳнат шароитларининг ҳолати, айниқса зарарли ишлаб чиқариш омиллари ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари юзасидан назоратни амалга ошириши; 
          меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликлар хавфи мавжудлиги, муайян иш ўринларида ва ишлаб чиқаришда меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолати ҳақида, шунингдек шу муносабат билан ходимларга берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шахсий ҳимоя воситалари тўғрисида ходимларни ўз вақтида хабардор қилиши; 
          қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил этиши; 
          ходимларни белгиланган нормалар бўйича сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув, шахсий ҳимоя ҳамда гигиена воситалари билан таъминлаши, шунингдек жамоавий ҳимоя воситалари қўлланилишини таъминлаши; 
          ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олишини, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан, қайта тайёргарликдан ўтишини, малака оширишини ва билимлари текширилишини таъминлаши; 
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқувдан ўтмаган, йўл-йўриқлар олмаган ва билимлари текширилмаган шахсларни ишга қўймаслиги; 
          ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган, имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи бериладиган, ногиронлар банд бўлган зарарли, хавфли ва бошқача меҳнат шароитларига эга иш ўринларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказиши; 
          дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўриклар белгиланган тартибда ўтказилишини ташкил этиши; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларга, шунингдек касаба уюшмаларига ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларига уларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати, бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текшириши юзасидан назоратни, текширишни ва мониторингни амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот ва материалларни тақдим этиши; 
          авария вазиятларининг олдини олиш, бундай вазиятлар юзага келганда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, шу жумладан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар кўриши; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг кўрсатмаларини бажариши ҳамда касаба уюшмаларининг ва ходимлар бошқа вакиллик органларининг тақдимномаларини кўриб чиқиши; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилинишини, шунингдек иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинишини таъминлаши; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини белгиланган тартибда текширувдан ўтказиши, шунингдек уларнинг ҳисобини юритиши шарт. 
          Иш берувчининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин. 

24-модда. Мажбурий тиббий кўриклар
          Иш берувчи ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг ва умумий белгиланган пенсия ёшига етган шахсларнинг, ногиронларнинг, шунингдек бир қатор касблар ва ишлаб чиқаришлар ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўриклардан ўтказилишини ташкил этиши шарт. 
          Тиббий кўриклар ташкилотларга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, бундай муассасалар мавжуд бўлмаган тақдирда эса ташкилот жойлашган ердаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади. 
          Қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тиббий кўриклардан ўтиши лозим бўлган шахслар бошқа ишга ўтказилган тақдирда ҳам тиббий кўрикларни ўтказиш мажбурияти иш берувчининг зиммасига юклатилади. 
          Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар. 
          Ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас. 
          Ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлаган ёки улар ўтказилган текширувлар натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган тақдирда иш берувчи уларни ишга қўймасликка ҳақли. 
          Агар ходим ўз соғлиғининг ҳолати меҳнат шароитлари билан боғлиқ ҳолда ёмонлашган деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари тиббий кўрик ўтказилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. 
          Тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. 

25-модда. Ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар бериш ва уларни ўқитиш 
          Иш берувчи барча янги ишга кираётган, шунингдек бошқа ишга ўтказилаётган ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар бериши, ишларни бажаришнинг хавфсиз услублари ва усулларини ҳамда бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга ўқитишни ташкил этиши шарт. 
          Хавфлилиги юқори бўлган ишлаб чиқаришга ишга кираётган ёки касбий танлов талаб этиладиган ишга кираётган ходимлар учун ишларни бажаришнинг хавфсиз услублари ва усулларига дастлабки тарзда тайёрлаш, касб бўйича имтиҳонлар топширган ҳолда бир ой мобайнида стажировка ва сўнгра меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича даврий аттестация ўтказилади. 
          Ташкилотларнинг ходимлари, шу жумладан раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари учун меҳнатни муҳофаза қилишнинг давлат бошқарувини амалга оширувчи давлат органлари томонидан белгиланган тартибда ҳамда муддатларда меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан ўтиши, йўл-йўриқлар олиши, билимлари текширилиши ва аттестациядан ўтиши керак. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда ўқувдан ўтмаган, йўл-йўриқлар олмаган ва билимлари текширилмаган шахсларни ишга қўйиш тақиқланади. 

26-модда. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текшириш ҳамда ҳисобга олиш
          Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимларнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши, шунингдек касб касалликлари белгиланган тартибда текширилиши ҳамда ҳисобга олиниши шарт. 
          Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишлар бажарувчи (хизматлар кўрсатувчи) шахсларга нисбатан ҳам ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши, касб касалликлари белгиланган тартибда текширилиши ва ҳисобга олиниши шарт. 

27-модда. Ходимларнинг айрим тоифалари учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
          Меҳнат шароити оғир, зарарли ва хавфли ишларда банд бўлган ходимлар, шунингдек ходимларнинг айрим тоифалари (аёллар, ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахслар, меҳнат қобилияти чекланган шахслар) учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари қонун ҳужжатларида белгиланади. 

28-модда. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви 
          Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари томонидан амалга оширилади. 
          Меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари қуйидаги ҳуқуқларга эга: 
          назорат ва текширув вазифаларини бажариш учун зарур бўлган ҳужжатларни, тушунтиришларни, ахборотни ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларидан сўраш ва олиш; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни махсус текширишлардан ўтказиш ёки текширишда иштирок этиш; 
ташкилотларнинг раҳбарларига ва бошқа мансабдор шахсларига меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф қилиш ҳақида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни тақдим этиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга мувофиқ бўлмаган шахсий ҳимоя воситаларидан ва жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузганликда айбдор шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш; 
          меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳамда ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш; 
          қурилиши, реконструкцияси тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссия ишида иштирок этиш ва улар меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда тегишли хулосалар бериш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳамда ишлаб чиқаришда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар юзасидан судда эксперт сифатида иш юритиш. 
          Меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 
          Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари томонидан ҳам амалга оширилади. 

29-модда. Меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси
          Меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари томонидан амалга оширилади. 
          Меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси: 
          иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказиш сифатини; 
          ходимларга зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун кафолатлар ҳамда компенсациялар берилишининг тўғрилигини; 
          ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини баҳолаш мақсадида амалга оширилади. 
          Меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари қуйидаги ҳуқуқларга эга: 
          назорат ва текширув вазифаларини бажариш учун зарур бўлган ҳужжатларни, тушунтиришларни, ахборотни ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларидан сўраш ва олиш; 
          ташкилотларнинг раҳбарларига ва бошқа мансабдор шахсларига меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф қилиш ҳақида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни тақдим этиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга мувофиқ бўлмаган шахсий ҳимоя воситаларидан ва жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни ва шартларни бузганликда айбдор шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш; 
          меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ва ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳамда ишлаб чиқаришда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар юзасидан судда эксперт сифатида иштирок этиш. 
          Меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 
          Меҳнат шароитларининг давлат экспертизасини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 

30-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашдаги иштироки
          Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиши, меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашда иштирок этувчи давлат органларига ва бошқа органларга кўмаклашиши, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда иштирок этиши мумкин. 

31-модда. Касаба уюшмаларининг, ходимлар бошқа вакиллик органларининг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги ҳуқуқлари
          Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида вакилликни, шунингдек ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни амалга оширади. 
          Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, шунингдек ходимларнинг ўзи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга: 
          ташкилотларнинг раҳбарларидан ва бошқа мансабдор шахсларидан меҳнат шароитлари ва муҳофазаси тўғрисида, шунингдек ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари ҳақида ахборот олиш; 
          ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текширишда иштирок этиш; 
          ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларнинг бузилишларини бартараф этиш тўғрисида иш берувчига таклифлар киритиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ўрганиш, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш; 
          ишлаб чиқариш объектларини ва ишлаб чиқариш воситаларини синаш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида мустақил эксперт сифатида иштирок этиш, тиббий-меҳнат эксперт комиссияси мажлисларида иштирок этиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларни бузганликда, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар фактларини яширганликда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги талаблар билан тегишли органларга мурожаат қилиш; 
          меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун ҳамда ходимларнинг соғлиғи ва меҳнати муҳофаза қилинишига бўлган ҳуқуқлари чекланган бошқа ҳолларда ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга мурожаат этиш; 
          меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа шартномаларида ва келишувларида назарда тутилган мажбуриятлар бузилганлиги, шунингдек меҳнат шароитларининг ўзгариши билан боғлиқ меҳнат низоларини кўриб чиқишда иштирок этиш. 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этилган шахсга ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши учун ҳар ҳафтада камида икки соат иш вақти ажратилади ва бу вақт учун иш жойи (лавозими) бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. 
          Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ижтимоий шерикликни амалга оширади, бош келишувлар, тармоқ ва ҳудудий (минтақавий) жамоа келишувлари, жамоа шартномалари тузиши мумкин. 
          Касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, шунингдек ходимларнинг ўзи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 

32-модда. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга жавоб бермайдиган, ишлаб чиқариш учун мўлжалланган маҳсулотни ишлаб чиқарганлик ва сотганлик учун жавобгарлик
          Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга жавоб бермайдиган, ишлаб чиқариш учун мўлжалланган маҳсулотни ишлаб чиқарганлик ва етказиб берганлик истеъмолчиларга етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишига сабаб бўлади. 
          Ўзбекистон Республикасида белгиланган меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга мувофиқ бўлмаган ишлаб чиқариш воситаларини, шахсий ҳимоя воситаларини ва жамоавий ҳимоя воситаларини, шу жумладан чет эллардан олинган шундай воситаларни сотиш, тарқатиш ва реклама қилиш тақиқланади ҳамда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. 

33-модда. Ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги
          Иш берувчи ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши туфайли унинг ҳаёти ва соғлиғига ўзи етказган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт. 
          Ходимнинг соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш жабрланувчининг меҳнатда майиб бўлишига қадар бўлган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан жабрланувчи томонидан касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасига мувофиқ бўлган фоизлардаги ҳар ойлик тўловдан, шунингдек ходимнинг бир йиллик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бир йўла бериладиган нафақа тўловидан ҳамда ходимнинг соғлиғи шикастланишидан келиб чиққан қўшимча харажатларни (агар у даволаниш, протез қўйдириш ва тиббий ҳамда ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларига муҳтож деб топилган бўлса, ушбу тадбирлар билан боғлиқ харажатлар, шунингдек жабрланувчининг қайта тайёргарлиги ва тиббий хулосага мувофиқ ишга жойлашиши учун харажатлар ва бошқа харажатлар) компенсация қилишдан иборатдир. 
          Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида ходим вафот этган тақдирда, зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга бўлган шахсларга боқувчининг вафоти билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар ойлик тўловлар амалга оширилади, шунингдек вафот этган ходимнинг ўртача йиллик иш ҳақининг олти бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир йўла бериладиган нафақа тўланади ва дафн этиш харажатларининг ўрни қопланади. 
          Вояга етмаган ходимнинг соғлиғига зарар етказилган тақдирда зарарнинг ўрнини қоплаш унинг аввалги иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг беш бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқарилади. 

34-модда. Ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини юридик шахс қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда қоплаш
          Ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар деб топилган юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирда зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича тегишли тўловларни тўлаш мажбурияти унинг ҳуқуқий вориси зиммасида бўлади. Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаблар ҳам унга тақдим этилади. 
Ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлган, қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг маблағлари мавжуд бўлмаган ёки етарли бўлмаган тақдирда тегишли суммалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат томонидан тўланади. Мазкур суммалар қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам давлат томонидан тўланади. 
          Ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар деб топилган юридик шахс тугатилган тақдирда тегишли тўловлар уларни жабрланувчига тўлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда капиталлаштирилиши керак. 
          Тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки мавжуд бўлмаганлиги ёки етарли бўлмаганлиги сабабли тўловларни капиталлаштириш мумкин бўлмаган ҳолларда тегишли суммалар жабрланувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат томонидан тўланади. 

35-модда. Низоларни ҳал этиш
          Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади. 

36-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик 
          Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.  

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 825